ru uz
Кунлар совияпти-я юз парваришини унутмадингизми

Юз териси совуқ кунлар бошланиши билан парваришга эҳтиёж сезади. Совуқ шамол, қуруқ об- ҳаво, уй ва ишхонадаги иситиш воситалари, ҳарорат ўзгариши юз териси саломатлигига сезиларли таъсир қилади. Шунинг учун бу мавсумда юз терисига ҳар доимгидан кўра кўпроқ эътибор бериш зарур. Хўш, қандай йўл тутамиз? Нима қилсак, юз териси ўз майинлигини йўқотмай ортиқча муаммоларга дучор бўлмайди? Куйида шу ҳақда сўз юритамиз.

»Совуққа чидамсиз

Қиш фасли келиши билан юз теримиз ўзгаради: ёғли юз териси ўртача, ўртача юз териси қуруқ, қуруқ юз териси ўта қуруқ ва таъсирчан юз терисига айланади. Аслида, ҳаво ҳарорати пасайиб, кунлар қисқарган паллада юз териси ёғ ишлаб чиқариши камаяди. Аксинча, совукдан ва иситиш воситалари таъсирида қурийди. Баъзи ҳолларда юз терисида томирли излар ва қизғиш ҳуснбузарлар пайдо бўлиши мумкин. Бу юз терисига
етарлича эътибор бермаётганимиз оқибатидир.

Нима қилиш керак? Юзни ювишда асло совун ишлатманг. Чунки совун терини қуритиб юборади. Бунинг ўрнига юз териси учун махсус тозаловчи воситалар, молочкодан фойдаланинг ва илиқ сув (иложи бўлса, қайнаган илиқ сув) билан ювинг. Сўнг юзингизни таркибида спирт бўлмаган юмшатувчи тоник билан артинг.

» Кундузги ва кечки қоида!

Совуқ ҳавода ҳар қандай турдаги юз терисига озиқлантирувчи крем суртиш айни муддао. Крем кунига икки марта кўчага чиқишдан камида 40 дақиқа аввал суртилади. Кечқурун юз терисини пардоздан тозалашда юз учун махсус тозаловчи воситалардан фойдаланинг. Кейин юзингизга мос крем суртиб қўйсангиз бўлади.

Эслатма

Баъзида қиш олдидан озиқлантирувчи кремни намлантирувчи крем билан бирга қўлласа ҳам бўлади. Фақат уни кунига бир марта кўчага чиқишдан олдин суртиш керак.

Ёғли муолажа ҳам бор!

Қиш олди юз териси парваришида ёғли массаж ҳам асқатади. Ёғли муолажани уй шароитида ҳам қилоласиз. Бунинг учун 2 чой қошиқ зайтун ёғига уч-тўрт томчи лимон шарбати қўшилади. Сўнг юз ва бўйинга майин ҳаракатлар билан то терига сингиб кетгунча уқаланади.

»Навбат ниқобларга!

Қуруқ тери учун: бир дона тухум сариғи, 1 чой қошиқ асал, ярим чой қошиқ ўсимлик ёғи ва озгина крахмални идишга солиб аралаштиринг. Аралашма юз терисига суртилади ва 15 дақиқадан сўнг илиқ сув билан ювилади.

Ёғли тери учун: ярим қути ачитқи, бир дона тухум сариғи, 1 ош қошиқ қатиқ ва бир неча томчи лимон суви аралаштирилади. Тайёр масса юзга 15 дақиқага суртилади. Бундай ниқобни 7—10 кундан ортиқ тавсия этилмайди.

» Муз булакчаларига нима дейсиз?

Қиш олдидан юз терисини тозалаш учун муз бўлакчаларидан фойдаланиш ҳам қўл келади. Бундай музни тайёрлаш учун доривор ўсимликлар қайнатмаси ёки тиндирмаси, мевалар шарбати, газсиз минерал сув махсус идишчаларга солиниб, музхонага 2 соатга қўйилади. Муз бўлакчаларини музхонада бир ҳафтагача сақлаш мумкин. Бу муддат давомида муз фойдали хусусиятларини йўқотмайди.

Ҳар бир муолажа пайтида битта муз бўлагидан фойдаланинг. Музни икки қават докага ўраб, юз терисида
майинлик билан массаж йўналиши бўйлаб юргизасиз. Музни кўз соҳасига яқин олиб борманг. Бўйин парвариши учун бошқа муз бўлагидан фойдаланиш керак. Қуйида сизга муз бўлаклари тайёрлашни ўргатамиз:
Ялпизли муз. 1 чой қошиқ ялпиз ўти 200 мл. қайноқ сувга солиб дамланади ва 40 дақиқа тиндирилади. Сўнг сузиб олинади ва шаклли идишга солиниб, музхонага 2 соатга қўйилади.

Дафна 1 дона дафна (лавр) япроғи 200 мл. сувга солиниб, ўрта оловга қўйилади. 15 дақиқа қайнатилади. Сўнг барг олиб ташланади. Совигач, музхонага қўйиш мумкин.

Петрушкали муз. Аввал петрушка суви сиқиб олинади. Сўнг уни ҳам муз идишига солиб, музхонага жойлаштирасиз.

Энг оддийси.  Газсиз минерал сув шаклли катакчаларга солиниб, музхонага қўйилади. Бундай муз жуда фойдали бўлиб, юз терисидаги тешикчаларни торайтириб, озиқлантиради, ажинларни йўқотади ва эрта ажин тушишининг олдини олади.

Музли муолажалар шамоллаш ва ЛОР касалликларида тавсия этилмайди.

Орқага Чоп этиш