ru uz
Шиллиққурт таркибли косметика: афсона ва ҳақиқатлар

Шу кунларда таркибида шиллиққурт экстракта бор косметик воситалар (ниқоблар, кремлар ва ҳ.к.) жуда оммалашиб бораяпти. Корея косметикаси бу «ноу-хау»ни ёрқин байроқ сингари мағрур кўтариб олган: шиллиққурт сўлаги бор воситалар айнан шу мамлакатда кўп ишлаб чиқарилади-да. Осиё ва Америка эса унга эргашмоқда. Қуйида биз ана шу косметик воситаларга баҳо берамиз.

Сўлагидами ҳамма гап?

Шиллиққуртлар 600 миллион йил аввал пайдо бўлган. Танасининг ажойиб, ўзига ҳос қайта тикланиш ҳусусияти сабабли шунча даврдан бери яшаб келмоқда, деган назария мавжуд. Гап шундаки, шиллиққурт сўлагидаги аллантоин ва гиалурон кислотаси ички аъзолар, жумладан, терининг ҳам қайта тикланиш ҳусусиятини таъминлаб туради. Буни олимлар аниқлашлари заҳоти, косметика ва фармацевтика саноати шиллиққурт экстрактидан фойдаланишни йўлга қўйди.

Шиллиққурт сўлаги унинг ҳаракатланишига ёрдам беради, яъни қурт бирор жойга бормоқчи бўлса, аввал шу сўлагини чиқариб, йўлини намлаб олади ва сирпаниб кетаверади. Бирор хавф сезса, сўлак ажралиши кўпаяди. Ана шу сўлак шиллиққуртнинг ўзига зарра зиён етказмаган ҳолда олинади ва маълум миқдорда косметик воситалар таркибига қўшилади. Натижада, терини намлантирувчи, қайта тикланишини таъминловчи, ёшартирувчи косметик воситалар пайдо бўлади.

Қандай фойдаси бор?

Шиллиққуртли косметик воситалар терини тинчлантиради, антиоксидант таъсир кўрсатади, намлантиради. Шу туфайли қариш жараёни секинлашади, ажинлар пайдо бўлишининг олди олинади. Терини силлиқ, таранг қилади, эгилувчан, эластиклигини оширади. Айнан шу ҳусусиятлари туфайли таркибида шиллиққурт экстракти мавжуд косметик воситалар самарали ҳисобланади.

Шунингдек, бу экстракт яраларни тез битириш, терини тиклаш ҳусусиятига ҳам эга. Бирмунча вақт аввал Чилидаги шиллиққурт етиштирадиган ферма ходимлари қўлларини кесиб ё жароҳатлаб олсалар, тез битишини пайқаб қолдилар. Бу ҳодисани тадқиқ этган олимлар эса бари шиллиққурт ажратадиган секреция, яъни сўлак туфайли эканини фаҳмлашади. Шу туфайли бу экстракт нафақат косметика, балки дори-дармон саноатига ҳам кириб келди. Шиллиққурт экстракти таркибида табиий моддалар мувозанати шу қадар идеалки, у зарарланган тери ҳужайраларини тиклайди, натижада яралар, жароҳатлар тез битади.

Кремларнинг сири нимада?

Шиллиққурт экстрактли кремларнинг яна бир фойдали жиҳати: улар қуёшдан яхши ҳимоялайди. Тери юзасига бир текис ётиб, унда шиллиқ қатламни юзага келтириш орқали теридан намлик буғланиб кетмаслигининг олдини олади ҳамда терини ташқи зарарли таъсирлардан, ҳусусан, ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади.

Афсоналар ҳам йўқ эмас!

Ҳар қандай янгилик каби шиллиққурт экстракти ҳам турли афсоналар билан таърифланади. Кўпчилик унга минг дардга шифо, исталган муаммонинг ечими, деб қарай бошлади. Бу экстракт қўшилган косметик воситалар, ҳатто, тери саратонини даволайди, деган гаплар ҳам юрибди.

Шундай бўлиши мумкинми? Асло йўқ!

Шиллиққурт экстракти берадиган ёғлилик ва нам айрим зарарли ҳужайраларнинг кўпайиши учун қулай муҳитни яратади. Масалан, ҳуснбузарни келтириб чиқарувчи бактерияларни. Шу сабабли териси ёғли, ҳуснбузардан азият чекадиганларга бу  воситалар тавсия этилмайди. Умуман, ҳуснбузарли юз соҳибалари крем танлашда эҳтиёт бўлишлари керак. Шунга кўра кремнинг бетакрор таркибидан қанчалик ҳайратланманг, у айнан сизнинг терингизга мос тушадими, терингизнинг мавжуд муаммоларини кўпайтириб, ўткирлаштириб юбормайдими, деган масалалар устида ўйлаб кўриш лозим.

Шиллиққурт экстракти фақат намлантириб бериши мумкин. Унинг асосий вазифаси ҳам, бор имкониятию фазилати ҳам шу, ҳолос. Ундан шифо мақсадида фойдаланиш мумкин эмас.

Айримлар шиллиққурт экстрактили кремларни «пилинг эффекти» бор, деб ишонади. Бу умуман мантиқсиз нарса. Қандай қилиб нам, ёғли муҳит билан пилинг қилиш мумкин? Агар шундай дейишса, ишонманг, бу ғирт ёлғон. Шиллиққурт экстракти пилинг учун умуман ярамайди. Аммо ҳуснбузарларни юзага келтирувчи демодекс бакгериясини кўпайтириб бериши тайин. Шу сабабли бундай воситаларни терингизнинг типи, ўзига ҳос муаммоларини билиб, мутаҳассис билан маслаҳатлашиб кўргач, қўллашни тавсия этамиз.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш