ru uz
Тирноқларим мустаҳкам бўлсин десангиз....

Баҳор келиб бутун организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжи ортади. Айниқса, бу тирноқ ва сочларимизда дарҳол кўзга ташланади. Тирноҳлар қат-қат кўринишга келиб, атрофидаги териси қуриб қола бошлайди. Баъзида эса синувчан, мўрт бўлиб ҳолади. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Келинг, шу муаммони бартараф этишга батафсил тўхталсак.

Қайси витамин етишмаяпти?

Агар тирноқларингиз қат-қат бўлиб, кўриниши кўнглингизни хижил қилаётган экан, бунинг бир қанча сабаблари мавжуд. Масалан, кальций, темир, рух ёки В12 дармондорилари етишмаётган бўлиши мумкин. Буни аниқлаш учун қон таҳлилини топшириш талаб этилади. Шундан сўнг шифокорингиз зарурий витаминлар комплексини тавсия этади. Унгача эса мол ва товуқ гўшти, денгиз маҳсулотлари, пишлоқ, ерёнғоқ, гречиха, дуккакли ўсимликлардан тайёрланган таомлардан ва албатта, кўкатлардан кўп-кўп тановул қилинг.     

Сарғайиб қолаяптими?

Одатда, рангсиз асос суртмасдан қизил ёки бошқа тўқ рангли лаклардан фойдаланиш оқибатида тирноқлар сарғайиб қолади. Буни бартараф этишнинг энг осон йўли лимон шарбатини суртиш ҳисобланади. Яна оддийгина тиш чўткаси ва пастаси билан ҳам тирноқдаги сариқликдан осонгина халос бўлиш мумкин.

Ҳўл тирноқни эговламанг

Тирноқ атрофидаги терини осонгина юмшатиш учун кечқурун уйқуга кетишдан аввал асалари муми қўшиб тайёрланган лаб учун бальзамдан суртиб қўйсангиз бўлади.

Маникюр қилишдан аввал тирноқ атрофидаги терини илиқ сувда ивитиш лозим. Бу қоида. Лекин аввал тирноқни ҳўллаб, кейин эговлашга одатланган бўлсангиз, бу ишингизни бошқа такрорламанг. Яхшиси, дастлаб тирноққа шакл бериб, сўнг сувли муолажаларга киришинг Қолаверса, темир эговлардан фойдаланмаганингиз маъқул. Чунки улар тирноқ бутунлигига зиён етказади. Бугунги кунда шишали ёки пластикли эговчалар нисбатан безиён ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳат, тирноқни ташқи бурчаклардан марказга қарата, имкон қадар бир томонга эговлаш лозим.
Шунда улар қат-қат кўринишга келмайди. Бозорларда тўрт томони махсус қоғоз билан қопланган «баф» эговчалари ҳам сотилмокда. Улар ёрдамида тирноқ пластинаси силлиқланиб, сайқалланади. Айниқса, тирноқни текислашда «баф»ларга тенг келадигани йўқ. Фақат бундай эговчадан фойдалангандан кейин, албатта, табиий мойлардан бирини суртиш лозим. Ва ҳаддан ташқари берилиб кетмасликни тавсия қиламиз. Акс ҳолда, тирноқларингиз юпқалаша бошлайди.

Ниқоблар

Агар тирноқларингиз мўрт бўлса, илиқ сувга 2 ош қошиқ туз ва 3 томчи йод томизиб, 10 дақиқа давомида бармоқларингизни солиб ўтиринг.

Дўконнинг зираворлар бўлимидан янчилган қизил қалампир харид қиласиз-да, ундан 1 чой қошиғини олиб, шунча миқдорда илиқ сув қуясиз. Кейин 1 чой қошиқ ўзингизга ёққан кремдан солиб, тирноқ юзасига суртиб, 10 дақиқага қолдирасиз. Илиқ сув билан ювсангиз бўлди. Фақат ушбу ниқобни бир ойда бир марта амалга ошириш лозим. Иккинчи бор қўллаганингиздан натижани сеза бошлайсиз,

Тезроқ ўстиришни чораси бор!

Тирноқларим тезроқ ўссин дейдиган аёллар учун желатинли ниқоб айни муддао. Яъни 1 чой қошиқ желатинни ярим стакан иссиқ сувда ивитиб қўясиз. Бутунлай эриганидан сўнг бармоқларингизни ниқобга солиб, 10 дақиқа ушлаб турасиз. Муолажани ҳафтада икки мартадан 10 бора амалга ошириш тавсия этилади..

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш