ru uz
Уй шароитида Педикюр қилиш!

1-қадам: юмшатиш

Тоғорани тери куймайдиган даражадаги иссиқ сув билан тўлдиринг. Сувга 3 чой қошиқдан истеъмол содаси, денгиз тузи ва бир неча томчи эфир мойидан солинг. Жараён сизга завқ бағишлаши учун сувга махсус кўпик ёки озгина суюқ совун солинг. Кўчангизда ёки ҳовлингизда барқ уриб очилган атиргуллардан бир донасини узиб олиб, гул баргларини ҳам сувга солсангиз борми, гўзаллик салонидаги муолажа ҳам бир четда қолиб кетади. Ўриндиққа яхшилаб жойлашиб олишдан аввал олдингизга қайноқ сув солинган идишни қўйинг, сув совиб бораётганини сезишингиз заҳоти қайноқ сувдан тоғорачага қуйиб турасиз. 20—30 дақиқа оёқ териси ва тирноқлари юмшаши учун кифоя. Ҳомиладор аёлларда кузатилувчи томирларнинг варикоз кенгайишида оёқларни иссиқ сувга солиб ивитиш ман қилинади. Улар учун махсус юмшатувчи пайпоқлар тавсия этилади.

2- қадам: пилинг

Энг аввало, юмшаб турган тирноқларни эҳтиёткорлик билан калталанг. Ана энди қайроқтош ёрдамида товон ва оёқ кафтидаги дағал теридан халос бўлинг. Сўнг бамбук таёқчаси ёрдамида тирноқ четидаги этларни шунчаки тирноқдан озгина кўтариб қўйинг (қирқиш асло ярамайди).

3- қадам: силлиқлаш

Оёқ кафти ва бармоқларга оёқ учун махсус озиқлантирувчи кремдан суртиб, ҳар бир оёқни 5 дақиқадан уқалаб, пайпоқ кийиб олинг-да, 20 дақиқа асабларни тинчлантирувчи мусиқа эшитиб ўтиринг. Нега дейсизми? Ҳаяжон ва асабдан қўлларингиз қалтираб, лак суртаётганда уни тирноқ четларига чиқариб юбормаслик учун-да.

4-қадам: тирноқларни бўяш

Энг кутилган ва қизиқ босқичга ҳам етиб келдик. Ҳар кунлик образингиз ва дидингиздан келиб чиқиб, мавсумдаги урф рангларни ҳам инобатга олган ҳолда лак танлаб, уни суртинг. Бир қаватини суртиб бўлгандан сўнг охиригача яхшилаб қуришини кутинг, ана ундан кейингина иккинчи қаватини юргизинг. Педикюр учун ишлатилган барча асбобларни ювиб, тозалаб, дезинфекциялаб педикюр жараёнини якунланг Ҳар кеч ювилган оёқларга крем суртиб ухлашни одат қилсангиз борми, товонингизда ёриқлар пайдо бўлишининг олдини олган бўласиз, қолаверса, оёқларингиз доимо парваришланган кўринишга эга бўлади.

Оёқ кафтлари учун ниқоб

Битта картошкани пўстидан тозалаб, майда тишли қирғичдан ўтказиб, 1 ош қошиқ асал солиб, аралаштиринг. Тайёр ниқобни оёқларга суртиб 15—20 дақиқага қолдиринг. Сўнг ювиб ташлаб озиқлантирувчи кремдан суртинг.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш