ru uz
Cаратонга етакловчи муолажалар!

Эҳтиёт бўлинг, шеллак!

Доим банд, тирноқ парвариши учун ортиқча вақт ажрата олмайдиган ишбилармон хонимларнинг олтинга тенг ёрдамчисига айланган шеллак маникюри тери, айниқса, тирноқ артофидаги терида саратон юзага келишини рағбатлантириши аниқланди. Чунки амалиёт давомида лампалар орқали йўналтириладиган ультрабинафша нури терига зиён етказади. Бу нур тери саратонига сабаб бўлиши олимлар томонидан аллақачон исботланган. Шунингдек, солярийда тобланиш ҳам худди шундай оқибатга олиб келиши мумкин. Қолаверса, ультрабинафша нурлар таъсирида бир қарашда безиён кўринган оддий хол ҳам хавфли ўсимтага айланиши эҳтимоли ортади.

Антиперспирант ва кўкрак саратони. Боғлиқлик борми?

Кўкрак саратони хасталигини ўрганаётган бир гуруҳ олимлар саратон юзага келган терида парабенлар миқдори ниҳоятда юқори эканлигини аниқлашган. Бу модда нефтни қайта ишлаш натижасида пайдо бўлган консервантлардан ҳисобланиб, асосан, маҳсулот узоқ сақланиши учун косметик воситалар таркибига қўшилади. Айниқса, антиперспирант ва дезодорантлар таркибидаги парабенлар кўкракка яқин жойда фойдаланилгани учун ушбу аъзода саратонни юзага келтиради, деган фараз илгари сурилмоқда.

Бироқ шу кунгача бу маълумот тасдиқлангани ҳам, инкор этилгани ҳам йўқ. Ҳар эҳтимолга қарши, огоҳ бўлиш зиён қилмайди.

Лазерли эпиляция

Аввалига, лазер нурларининг турли кўринишлари мавжуд эканини эслатиб ўтамиз. Бири терига чуқур кирса, бошқаси юзакироқ таъсир ўтказади. Шунга кўра, таъсири ҳам турлича. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тери нурланишга учрайди. Амалиётни қайта ва қайта такрорлаш эса саратонни юзага келтиради. Айниқса, саратонга гумон қилинган кишиларга бундай нурлардан эҳтиёт бўлиш қатъий тавсия этилади.

Сочни ламинациялаш

Мода билан ҳамнафас яшашни истайдиган хонимлар орасида тобора оммалашиб бораётган сочни бразилча усулда кератинли ламинациялаш ҳам саратонни келтириб чиқариш хавфи юқори амалиётлардан эканлигини эслатиб ўтамиз. Ламинацияни амалга ошириш учун мўлжалланган махсус лосьон ва ниқоблар таркибида формальдегид моддаси мавжуд бўлиб, кузатувчиларнинг таъкидлашларига қараганда, айнан шу модда хасталик хавфини юзага келтиради.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш