ru uz
Бошингиз айланмасин!

Бош айланиши ўзи нима?
Содда қилиб айтганда, кишига атрофидаги предметлар айланаётгандек бўлиб туюлиши — бош айланиши ҳисобланади. Соғлом одам проперцептив (қабул қилиш), кўриш ва вестибуляр тизимлар юборган импульслар ёрдамида тананинг мувозанатини сақлаб туради. Агар бош мияга юборилаётган импульслар бузилса, у атрофдаги предметларни ҳаракатланаётгандек қабул қила бошлайди. Ҳар бир инсоннинг қулоғида буғдой дони катталигидаги суяк мавжуд бўлиб, шу суяк тиббиётда вестибуляр аппарат дейилади. Вести¬буляр аппарат юборган импульслар танамизнинг мувозанатини таъминлашга хизмат қилади. Мия эса ўз навбатида шу олинган ахборот асосида гавданинг кейинги ҳаракатларини белгилайди. Кўп ҳолларда бош айланиши айнан мана шу суякдаги муаммолар туфайли юзага келиши мумкин.

Сабаби нимада!
Бугунги кунда бош айланишининг 80 га яқин сабаблари аниқланган. Шулардан энг кўп учрайдиганларини санаб ўтамиз.

Мия фаолиятининг бузилиши
Одатда мияда патологик ўзгаришлар кузатилса, бемор бош айланишидан шикоят қилади. Бундай турдаги бош айланишини миядаги ўсимта, бош суягининг лат ейиши, гидроцефалия, мия қон-томирлари фаолиятининг бузилиши, умуртқанинг бўйин қисми лат ейиши, умуртқа чурраси келтириб чиқариши мумкин. Бирданига содир бўладиган кучли бош айланиши эса кичикмия инфаркти аломатлари қаторига киради.

Психологик сабаб
Одатда бундай бош айланиши кучли чарчоқ, қаттиқ ҳаяжонланиш, эмоционал ҳолатнинг кескин ўзгариши оқибатида юзага келади. Бунда бемор каловланиш, мадорсизлик, фикрлашдаги ноаниқлдиклардан шикоят қилиши мумкин.

Қулоқ патологияси
Вестибуляр аппаратдаги ўзгаришлар ёки қулоқни томоқ билан боғловчи найча нерви ва томирларига зиён етганида ҳам айланиши кузатилади. Бундай турдаги бош айланиши, одатда, қулоқда шовқин ва оғриқ пайдо бўлиши, эшитиш қобилиятининг сусайиши ёки йуқолиши билан намоён бўлади.

Кўриш тизимидаги муаммоларда
Соғлом дамларда кўзни ҳаддан ташқари толиқтириш туфайли ҳам бош айланиши кузатилиши мумкин. Шунингдек, кўз мушаклари фaлажи хасталиги ҳам жумладан очиқ яширин ғилайлик бош айланишини келтириб чиқаради. Ташқи таъсирлар Мия фаолиятида глюкоза моддасининг аҳамияти катта. Шу сабабли узоқ муддатли чекловлари кўп парҳезларга амал қиладиган аёллар тез-тез бош айланишидан шикоят қиладилар. Бундан ташқари, овқатдан заҳарланиш ва оддийгина қулоқда кир тўпланиб қолиши ҳам нохуш ҳолатга олиб келиши мумкин.
Белгиси битта, хасталик эса кўп
Ёдингизда бўлсин, бош айланиши ўз-ўзидан юзага келувчи ҳолат эмас. У, албатта, қайсидир хасталикнинг аломати сифатида намоён бўлади. Ундан халос бўлишга киришар экансиз, аввал бош айланишини келтириб чиқарган хасталикни аниқлаб, кейин даво чораларини кўришингиз лозим.
-  Агар бош айланиши эшитиш қобилиятининг сустлашиши ва қулоқда ажралмалар билан биргаликда кечса, ички қулоқ яллиғланишини тахмин қилиш мумкин.
-  Мунтазам чанқоқ, қусиш, эшитиш қобилиятининг пасайиши, қулоқдаги шовқинлар Меньер синдроми ташхисига асос бўла олади. Эшитиш қобилияти сусаймаган ҳолатда эса вестибуляр аппарат неврити тахмин қилинади. Невритда кутилмаганда кучли бош айланиши юзага келади. Бемор туриш ёки ҳаракатланишга интилса, нохушлик янада кучаяди.
-  Қулоқда кучли шовқин турса, тўсатдан бир томонлама карлик пайдо бўлса ва бемор қайт қила бошласа, перилимфатик фистула ташхиси қўйилиши мумкин. Шунингдек, эшитиш қобилиятининг сусайиши ва кучли ёки кучсиз бош айланиши ҳам ушбу ҳасталикнинг белгиларидан ҳисобланади.
-  Бош айланиши ва бир томонлама эшитиш қобилиятининг йўқолиши безовта қилса, бош мияда ўсимта бор йўқлигини текширтириш тавсия этилади. Одатда ўсимта хасталикларидаги енгил бош айланиши, вақт ўтиши билан кучлисига ўрнини бўшатиб беради. Бундан ташқари, гавда маълум ҳолатларда бўлганида бош айланиши кучая боради.
-  Инсультда эса бош айланиши қўл ва оёқларнинг бемажоллиги, ҳаракатланиш мувозанатининг бузилиши ва сезувчанликнинг йўқолиши билан намоён бўлиши мумкин.
-  Агар беморда бош айланмай туриб мувозанатни йўқотиш ҳолати кузатилса, нотурғунлик юзага келса, ҳаракатланиш жараёнида бўйинда оғриқлар безовта қилса, бўйин соҳасини текширтириш лозим.

Муаммони аниқлаймиз!
Шифокорнинг энг биринчи қиладиган иши хасталикнинг сабабларини аниқлаш ҳисобланади. Бунинг учун анамнез йиғиш билан бирга ЭКГ, қоннинг умумий таҳлили, умуртқанинг бўйин қисмини
рентген қилиш, бош мия МРТси текширувлари вазиятга аниқлик киритишда муҳим аҳамиятга эга.

Шифохонага боргунча эса...
-  Биринчи навбатда, боши айланаётган кишини текис жойга ётқизиш талаб этилади. Бунда елка ва бош баравар баландликда бўлиши муҳим. Оёқларни кўтариб қўйиш ҳам мияда қон айланишини яхшилайди. Шундан кейин, албатта, хонага тоза ҳаво киришини таъминлаш, дераза ва эшикларни очиб қўйиш керак.
-  Агар бош айланиши вес¬тибуляр аппаратдаги муаммолар билан изоҳланса, беморга аччиқ ва шўр маҳсулотларни тановул қилиш мумкин эмас. Шунингдек, шифокор кундалик ичиладиган сув миқдорини камайтиришни тавсия қилиши ёки пешоб ҳайдовчи препаратларни тайинлаши мумкин.
-  Кўпчилик қаҳва мияни тетиклаштиради, уйқуни қочириб, ишчанликни оширади, деган фикрда. Лекин бош айланишидан азият чекувчи беморларга қаҳва ичиш мумкин эмас.
-  Бош айланиши тезроқ ўтиб кетиши учун икки қош ўртасидаги нуқтани кўрсаткич бармоқ билан босиш мумкин.
-  Қон айланишини яхшилаш мақсадида контраст душ қабул қилиш ҳам самара беради.

Вестибуляр гимнастика
Агар вестибуляр аппаратдаги ўзга¬ришлар туфайли бош айланиши ташхиси қўйилган бўлса,  қуйидаги машқларни бажариш орқали нохушликни бартараф этишингиз мумкин. Машқларни кунига икки мартадан 14 кун давомида бажариш тавсия этилади.    
1.  Елкаларни тик тутган ҳолатда ўтириб олинг.
2.  Бошни 45 даражага унг томонга қайиринг, 1 -2 сония ичида тезда ёнламачасига ётиб олинг, бунда юзингизни юқорига қаратасиз. Бошни 45 даражага қайирган ҳолатда 30 сония ёки бош айланиши тўхтагунича ётинг.
3.  Дастлабки ҳолатга қайтиб, яна 30 сония ўтиринг.
4.  Энди бошни чап томонга 45 даражага қайиринг-да, тезлик билан 1-2 сония давомида ёнламачасига ётиб олинг. Бош айланишидан халос бўлгунингизча ёки 30 сония шу ҳолатда ётинг.
5.  Дастлабки ҳолатта қайтиб, 30 сония ўтиринг.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш