6 Июля Ещё тестовое событие). осталось: 1 кун!
ru uz
Қалдирғоч келмасдан қулоқ тешишга улгуринг

Оилада қизалоқ дунёга келса, буважонлару бувижонлар дарҳол тилла зирак харид қилиш ҳаракатига тушишади. Бу заргарлик буюми азалдан аёлнинг кўрки ҳисобланган. Лекин оналарни «Қулоқни қачон тештирган афзал, замонавий ва оғриқсиз усуллар борми, амалиётдан кейин қандай парвариш лозим?» каби саволлар ташвишга солади.

Неча ёшда тавсия этилади?

Тиббиётда бу амалиётни ўтказиш учун ёш чекловлари йўқ. Бироқ кўпгина мутахассислар қизалоқ олти ойлик бўлгунига қадар қулоқчаларини тештирмасликни тавсия қилишади. Айнан шу даврда гўдак қулоғидаги тоғайлар ривожланаётган бўлади-да. Яхшиси, амалиётни қизалоқ эсини таниб, зирак тақишни хоҳлаганида, бунинг учун қулоқни тештириш кераклигини тушунганида ўтказган афзал. Масалан, 4-5 ёшда. Устига-устак, кичкинтой янги буюмга ўргана олмай қийналиши, зирак либослари, бош кийимига илиниб қолиб, қулоқчасининг йиртилишига сабаб бўлиши мумкин. Йиртилгач эса чандиқ бўлиб битади. Баъзида қулоқ тешиклари катталашиб қолган аёлларни учратамиз. Бунинг асосий сабаби ҳам тешик ҳали янгилигида чўзилганидир.

Баҳорни кутиш шартми? Шарт эмас албатта, бироқ азал- азалдан момоларимиз қалдирғоч келгунига қадар қулоқни тештириш керак, дея таъкидлаб келишган. «Қари билганни пари билмас» деганларидек, бу гапда ҳам жон бор. Чунки қишда совуқ ҳарорат туфайли жажжи малика қулоқларини газак олдириб, йиринглатиб қўйиши мумкин. Ёзда эса чанг ва иссиқ ҳарорат туфайли қулоқнинг битиши қийинлашади. Айнан шунинг учун ҳам эрта баҳор ва кеч куз палласи қулоқ тештириш учун энг қулай фурсат ҳисобланади.

Замонавий ва безиён усуллар  ҳам бор

Агар авваллари қулоқни тикув машинасининг игнаси ёрдамида тешиб, мойланган ип ўтказиб қўйилган бўлса, бугунги кунда махсус «тўппонча»лардан фойдаланилмоқда. Бу усул биринчидан бола учун қизиқ, игна каби қурқув ва таҳлика уйғотмайди. Қолаверса, «тўппонча»ларнинг махсус сирғалари бўлиб, улар жарроҳликда қўлланиладиган металлдан ясалган ва аллергия чақирмайди.

Шунингдек, ҳаво ва чанг ўтказмайдиган, стерил идишларга қадоқланган. Мутахассис идишни кўз ўнгингизда очади. Яна бир қулайлиги — қизалоқ ўзига ёққан зиракни танлаш имкониятига эга.

Албатта парваришланг

Мана, қулоқчаларни тештирдингиз, энди энг асосий вазифангиз яра ва йиринг пайдо бўлишининг олдини олишдир. Бунинг учун қуйидаги тавсияларга риоя этиш лозим:

  • Роппа-роса тўрт ҳафта давомида (тешик бутунлай битгунича) махсус зиракларни қизалоқ қулоқларидан ечмаслик керак.
  • Амалиётдан кейинги 2-3 кун давомида бошни ювиш мумкин эмас.
  • Ҳар куни 3-4 маҳал тешик атрофини антисептик восита билан (фурацилин эритмаси ёки водород пероксидини сув билан аралаштириб) артиш, зиракни бироз бўшатиб, қимирлатиб қўйиш даркор.

Махсус сирғаларни биринчи марта ечиш қийинчилик туғдириши мумкин. Улар мустаҳкам ўрнатилгани боис эҳтиёткорлик билан ушлаб, орқа қисмидаги илгагини аста-секин тортиш лозим. Жараён давомида зинҳор шошқалоқлик қилманг.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш