ru uz
Малласоч хонимга айланмоқчиман!

Ҳаётдан зерикиб, кайфиятимиз тез-тез ўзгариб турган пайтда нима қиламиз? Кимдир бозор айланиб кўнгил ёзса, бошқа биров тўппа-тўғи гўзаллик салонига йўл олади. Агар сиз ҳам ноҳуш кайфиятни салонда қолдириб келадиган хонимлар сирасига кирсангиз, устига-устак, ташқи кўринишингизни бутунлай ўзгартириш истаги туғилган бўлса, маълумотларимизни диққат билан ўқиб чиқинг. Тим қора сочларни сариққа бўяш ҳакида гаплашамиз. Шунингдек, қора сочни шоколад ёки кулрангнинг туқроқ тусларига ўзгартиришни мўлжаллаб юрганлар ҳам бефарқ бўлишмасин.

Уйдами ё салонда?

Биламиз, кўпчилик сочни уй шароитида бўяшга одатланган. Бироқ йиллар давомида синалган бўёқ билан ўрганган рангимизга сочни бўяш бошқа-ю, ширин орзуларга берилиб, деярли билмайдиган ишимизга қўл
уришимиз бошқа масала. Тўғри, арзонликка арзон, бироқ ўхшамай қолса-чи? Яна янги бўёқ харид қилиб, барини бошидан бошлашингизга тўғри келса, нима қиласиз? Сочингизга беихтиёр етказган зиёнингизу кайфиятингизнинг тушиши кетказадиган пулингиздан анча қимматга айланишини ҳам ўйлаб кўринг. Хуллас, соч рангини бутунлай ўзгартиришга қарор қилган аёллар, яхшиси, ўз ишининг устаси ҳисобланган мутахассисга мурожаат қилганлари дуруст.

Эски рангни кетказамиз

Бу ишга биринчи бор қўл уришга ахд қилганларни «Ишни нимадан бошласам экан?» деган савол ўйлантириши табиий. Саволингизга савол билан жавоб берсак: сочингизнинг ранги табиийми? Олдинлари кимёвий бўёқлардан фойдаланмаган бўлсангиз, ишингиз анча осон кечади. Лекин акси бўлганида толалар таркибидаги бўёқ қолдиқларидан қутулишингизга тўғри келади. Кўнглингизга ёқмай турган рангни маҳсус воситалар билан «ювиб» юбориш керак. Бунинг учун лосьон ё кукун кўринишидаги маҳсус воситалар ишлаб чиқарилган. Ёдингизда бўлса, ўтган асрда шу мақсадда водород пероксидидан фойдаланишарди.

Натижада соч куйиб адо бўлган. Бироқ бугунги кунда нисбатан безиён воситалар мавжуд. Агар мутахассисингиз водород пероксидидан фойдаланишни тавсия қилса, дарҳол рад этганингиз маъқул. Аслида, биз айтаётган воситаларда ҳам водород пероксиди мавжуд, бироқ уларнинг миқдори оз ва уни назорат қилиб туриш имкони мавжуд. Демак, лосьонларнинг 3, 6, 9, 12 фоизли турлари бўлиб, соч рангининг тўқлигидан келиб чиқиб, қай бири мос келиши белгиланади. Бироқ улар сочни куйдириб, дағаллаштириб юбориши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Яна бир гап, улардан кейин сочнинг ранги жигарранг, қизғиш, сарғиш тусга кириб қолиши мумкин.

“Зиёни камроқ усул йўқми?”

Сочнинг аввалги рангини кетказишнинг замонавий усулларидан бири турт босқичда амалга ошириладиган декопаж ҳисобланади. Бунда рангни «ювиш» билан бирга маҳсус ниқоб, шампунь, ламинация бальзамдан ҳам фойдаланилади. Ушбу қўшимчалар амалиёти зиёнини камайтиришга хизмат қилади.

“Ювдик”, кейин-чи?

Шу ўринда бир марта «ювиш» кифоями, деган савол туғилади. Аслида, кўп нарса сочларингизнинг ҳозирги ранги ва қандай тусга буяшни истаётганингизга боғлиқ. Айтайлик, қора соч соҳибаси малла сочга айланишни истаса, ўрта ҳисобда бир ҳафта оралатиб уч марта «ювиш» амалиётини бажариш мумкин. Амалиёт бир ойга чузилиб кетди, шунча вақт ола-була соч билан юрар эканманми, деб ҳавотирланманг. Бу вақт оралиғида маҳсус тус берувчи бальзамлар ёрдамига мурожаат қилиб турасиз. Улар сочингизни ўзингиз истаган рангга киритади. Фақат натижаси узоқ давом этмайди. «Малла соч бўлишни истамайман!» дейсизми? Балки кўнглингиз жигарранг, шоколад ёки кулрангни тусар? Унда бир марта «ювдирсангиз» кифоя. Ана ундан кейин кимёвий бўёққа мурожаат қилиш имкони туғилади. Ва ўзингиз истаган рангингизга ихтиёр бераверасиз.

«Уй шароитида нима қилсам бўлади?»

Сотувда рангсиз, фақатгина бўялган толаларни аслидагига яқин тусга киритувчи маҳсус бўёқлар мавжуд. Ундан ҳам фойдаланиш мумкин. Энг осон усули эса бир ой давомида ҳафтасига уч марта бозордаги ҳамёнбоп майонезни суртиб, маҳсус қалпоқчани кийиб оласиз. Ўрта ҳисобда бир соатлардан кейин бошни шампунь билан ювиб, сочни қуритасиз. Бунда сочларингиздаги бўёқ аста-секинлик билан табиий усулда «ювилиб» боради. Шундан сўнг ўзингиз истаган рангдаги кимёвий бўёқдан фойдаланишингиз мумкин.

 

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш