ru uz
Аёллар гўзаллиги

Бир замонлар Клеопатра асалари муми ёрдамида танадаги ортиқча туклардан халос бўлиш чорасини топган экан. Тўғри, бугун бу каби усуллар талайгина, аммо ҳаммаси ҳам ишончлими? Ана шуниси муҳим!

Бутунлай йўқ қилиш дейсизми?

Афсуски, бунинг иложи йўқ, шунинг учун қоп-қоп ваъдаларга учманг! Танадаги туклар 3 боқичда ўсади: биринчи босқич — туклар ҳали мудроқ ҳолат (ўсмирлик давригача), сўнг «уйғониш» даври бошланади. Учинчи босқичда эса тери устида пайдо бўлади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, тери устидаги тукларни олиб ташлаётганингизда ҳар бир тола тагидан янгиси ўсиб чиқишга тайёргарлик кўради.

Энзимли эпиляция

Олдин терига энзим воситаси суртилиб, сўнг тери термобандаж билан ўралади. Маълум вақтдан сўнг худди биоэпиляциядаги каби жараён қайтарилади. Ижобий ва салбий томонлари ҳам ўхшаш. Аммо у сал оғриқсизроқ ва тахминан 40 дақиқа давом этади. Ундан юздаги туклардан халос бўлишда фойдаланиб бўлмайди ва ҳомиладорларга қатиъян ман этилади.

Электроэпиляция

Ҳар тукка махсус игна ёрдамида ток юборилиб, ўсиши тўхтатилади. Бу муолажани малакали мутахассисга ишониб топшириш керак.

Муолажа омадли ўтса, туклар билан узоқ вақтга хайрлашасиз. Аммо ҳаммада ҳам бир хил натижага эришилмайди.

  • Оғриқли;
  • кўп вақтни олади, бир неча маротаба такрорлаш эҳтиёжи мавжуд;
  • тери шишиб кетиши, куйиши ва рангига таъсир қилиши мумкин;
  • сурункали хасталиклар, ҳомиладорлик ва қанд касали билан оғриган аёлларга тавсия этилмайди.

Биоэпиляция

Терига юпқа қилиб мум суртилади ва махсус қоғоз ёки бармоқлар ёрдамида туклар олиб ташланади.

  • Ҳар қандай тери турига мос;
  • ҳомиладорликда ҳам ман этилмайди;
  • арзон ва қулай, уй шароитида ҳам бажариш мумкин;
  • тананинг барча қисмига ишлатса бўлади;
  • натижа 3—4 ҳафтага етади;
  • тери юмшоқлашади.
  • Оғриқли муолажа;
  • муолажани такрорлаш учун тукларни ўстиришга тўғри келади.

Фотоэпиляция

  • Ортиқча тукларга нур ва иссиқлик юбориш орқали тери юзаси тозаланади.
  • Бошқа турларга қараганда оғриқсиз;
  • натижа 5-6 йил сақланади, агар муолажа омадли ўтса, бутун умрга бу муаммони эсингиздан чиқарсиз.
  • Сариқ ва оч рангли туклар учун самарасиз;
  • қизариш, шиш ва доғлар пайдо бўлиш эҳтимоли бор.

Лазерли эпиляция

Туклар устига лазер нури юборилиб, илдизига шикаст етказилади.

  • Деярли оғриқни ҳис қилмайсиз;
  • тери шикастланмайди;
  • кам вақт олади, бир муолажанинг ўзидаёқ сезиларли натижага эришиш мумкин;
  • муолажа тўғри олиб борилганида қалин туклардан бутунлай халос бўлинади.
  • Оч рангли ва сарғиш туклар олинмай қолиши мумкин.

Элосэпиляция

Ортиқча туклар илдизи электр қуввати таъсирида куйдирилади. Тери юзасига чироқ чақнаши орқали ишлов берилади.

  • Оғриқсиз;
  • тери ичида туклар ўсмайди; 
  • элосэпиляциядан кейин қуёш нурлари тагида тобланиш мумкин;
  • барча турдаги терига мос тушади.
  • Оч рангли тукларни йўқотиш учун бир неча марта муолажа ўтказиш талаб этилади;
  • муаммодан бутунлай халос бўлишга кафолат берилмайди.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш