ru uz
Кўз атрофи териси учун SOS терапия

Доим ёш ва жозибали кўринишни ким ҳам истамайди, дейсиз. Шу боис малоҳатли хонимларнинг аксарияти бўш вақт топди дегунча турли ёшартирувчи, ажинларни текисловчи муолажаларни синовдан ўтказадилар. Интернет ва журналлар орқали янгидан-янги косметик воситалар ҳақида ахборот қидирадилар. Қуйида юз терисининг энг нозик ва ажин тушишига мойил қисми - кўз атрофи териси билан боғлиқ муаммолар ҳамда уларни бартараф этишда қўл келувчи муолажалар билан ўртоқлашамиз.

Кўз ости териси кўкимтир тусга кирса...

Одатда, сурункали уйқусизлик, чарчоқ ва стресс, кўз чарчаши, ички аъзолар хасталиклари, С витамини етишмовчилиги, чекиш, ирсий ўзига хослик, аллергия сабаб кўз остида кўкимтир доғлар юзага келади. Бундай вазиятларда:

тозаланган картошка ёки барра бодрингдан икки паррак кесиб, кўз устига қўйиб, хотиржам ҳолатда 20 дақиқа ётинг.

 Қайнатилган картошкага сут қўшиб, пюре тайёрланг-да, совигач, 20 дақиқага кўз остига суртиб қўйингда, илиқ сув билан ювинг.

2 ош қошиқ қирғичдан ўтказилган хом картошкага 1 чой қошиқ зайтун ёки бошқа ўсимлик ёғи аралаштиринг. Кўз ости терисига дастлаб ўсимлик ёғидан, сўнг ҳосил бўлган аралашмани суртинг. 15 дақиқа ўтгач, ниқобни аччиқ кўк ёки қора чой билан ювиб ташланг.

Яхшилаб ийланган творогни кўз остига 15—20 дақиқа суртиб қўйинг. Сўнг ниқобни совитилган кўк ёки қора чойда намланган пахта билан артинг.

Шишларми? Муаммо эмас!

Организмда суюқлик алмашинуви бузилганида, аччиқ ва шўр таомлар меъёридан ортиқ истеъмол  қилинганида, буйрак,жигар, қалқонсимон без, юрак-қон томир хасталикларида, шунингдек, айрим дори воситалари акс таъсир кўрсатганида қовоқларда шиш юзага келади. Агар сизни ҳам шу муаммо безовта қилаётган бўлса:

 ишлатилган чойхалтачаларни ташлаб юборишга шошилманг. Чойдаги танин моддаси қовоқлардаги шиш ва чарчоқ асоратларини бартараф этишга қодир. Агар халтачали чой истеъмол қилмасангиз, аччиқ совуқ чойда намланган пахтали дисклардан фойдалансангиз ҳам бўлади.

Картошка (хом ёки қайнатилган)ни майда тишли қирғичдан ўтказиб, сметана ёки зайтун мойи қўшиб, қовоқлар ва кўз атрофига суртинг. 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг.

Ажинларга «йўқ» деймиз

Кўз атрофи терисидаги ажинлар ҳар доим ҳам қариш белгиси эмас. Кўп ҳолларда ёш қизлар ҳам бу муаммодан нолишади. Аслида, улардаги ажинлар пардоз воситаларидан ҳаддан ташқари кўп миқдорда фойдаланиш ва макияжни ювишда нотўғри воситаларни қўллаш оқибати бўлиши мумкин. Муаммонинг олдини олиш учун қуйидаги муолажалар кўл келишига ишонамиз.

табиий ўсимлик ёғлари (бодом, зайтун, узум данаги, кастор ёғлари)ни кўз атрофига бармоқ учи ёрдамида енгил ҳаракатлар билан оҳиста уриб суртиш ажинларнинг олдини олади. Бу муолажа уйқуга ётишдан олдин бажариб, эрталабгача қолдирган афзал.

Битта тухум сариғи, ярим ош қошиқ асал ва қуруқ сутни яхшилаб аралаштиринг-да, ниқобни кўз атрофига суртиб, 15 дақиқадан сўнг илиқ сув билан ювиб ташланг. Аралашма кўз ичига кириб кетишидан эҳтиёт бўлиш лозим.

Бананни қошиқда эзиб, пюре қилинг ва 1 ош қошиғини идишга солиб, ярим чой қошиқ хона ҳароратида юмшатилган сариёғдан қўшинг. Ниқобни кўз атрофи ва устига бармоқ учлари билан оҳиста уриб суртинг. 15 дақиқадан сўнг ювиб ташлайсиз.

Ярим ош қошиқ сули ёрмасини қаҳвамайдалагич ёки ҳовончада майдалаб, иссиқ сут ёки суюқ қаймоқ билан аралаштиринг. Ёрма сут ёки қаймоқни тўлиқ шимгач, аралашмани илиқ ҳолатида кўз атрофига суртинг. 20 дақиқадан сўнг хона ҳароратидаги сув билан ювиб ташланг. Ушбу ниқоб ажинларни текислаш хусусиятига эга.

Биз келтирган муолажалар ортиқча ҳаракат ёки харажат талаб қилмайди. Шундай экан, ҳадеб қимматбаҳо крем ва зардоблар харид қилишга ҳавасманд бўлмасдан, музлаткичдаги маҳсулотларга ҳам эътибор қаратишдан эринманг.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш