ru uz
Бошимнинг қичишишидан безорман

Битлаб кетгани учун қичишаётгандир, дейсизми? Йўқ, ҳамиша қам бунга ҳашаротларни айбдор қилиш ярамайди. Аслида, бош қичишининг сабаблари талай. Бирданига ва шиддат билан бошланадиган қичишишнинг сабабини кўпинча шифокоргина аниқлай олади. Қуйида кўп учрайдиган 7 сабабни келтирамиз.

Педикулёз. Яъни сирка-бит. Албатта, ҳар эҳтимолга қарши, аввало, бошингизни яқинларингиздан бирига яхшилаб қаратиб олинг. Бу дард аниқланса, давоси бор: мунтазам бир неча ҳафта махсус воситаларни қўллаб курашасиз ва улардан халос бўласиз.

Қасмоқ. Кўпинча ёш болаларнинг бошида пайдо бўлади. Гўдакларнинг сочи камлиги учун дарров кўринади. Аммо катталарда ҳам бош қасмоқ боғлаши мумкин. Бу асло гигиенага риоя этмаганлик, кир юриш туфайли эмас. Балки бош терисида маълум ўзгаришлар рўй бериб, ёғ кўп ажралиб чиқа бошлайди ва кўпинча сурункали касалликка айланиб кетади. Ёғ безларининг нақадар фаоллиги ва терининг ҳолатига қараб қасмоқ ёғли, аралаш ёки қуруқ бўлиши мумкин. Кўпинча қасмоқ бош терисини қичиштиради ва қазғоқ пайдо қилади. Қуюқ сочлар остида қасмоқни даволаш қийин. Врач-дерматологга мурожаат қилсангиз, махсус воситалар ёзиб беради. Улар асосан ёғ безлари фаолиятини нормаллаштириш ва бош терисига ёпишиб олган қасмоқ таркибидаги ёғларни парчалаш орқали муаммони бартараф этади. Лекин тезда даволаниб кетишни кутманг. Сабр билан шифокор тавсияларига оғишмай амал қилиб, бир неча ой ҳаракат қиласиз. Шунингдек, парҳез ҳам тутиш керак бўлади. Қасмоқ оқибатлари, хусусан, қаттиқ қичишишдан халос бўлиш учун трихологлар стресслардан узоқроқ бўлишни, кескин гормонал ўзгаришларга йўл қўймасликни, иммунитетни кўтаришни ва ошқозон-ичак йўлидаги касалликларни даволашни тавсия этадилар.

Шампунь ёки бошқа парвариш воситаларига аллергия. Кўпинча шампунь, бальзам ёки соч учун ниқобни алмаштирганингизда бош қичиша бошлашини кузатасиз. Агар қичишиш бирданига пайдо бўлса ва янги косметик воситани қўллашингиз билан бошланса, эски ўзингиз ўрганган шампунларга қайтишингиз керак. Агар шунда ҳам қичишиш ўтиб кетмаса, мутахассис-три- хологга мурожаат қилиб бош териси ҳолатини ва унинг аллергик сезгирлигини текширтиришингиз лозим.

Соч бўёқларига аллергия. таркибида аммиак ва водород пероксиди бўлган соч бўёқлар бошни қичиштиради. Аёллар натижаси жуда ёрқин бўлгани ва узоқ вақт қўллангани учун бундай бўёқларга ружу қўйишади. Лекин бошингизга айни турдаги бўёқлар ёқмаётган экан, улардан воз кечиб, эҳтиётловчи бўёқларга ўтишни тавсия қиламиз.

Агар бўёқни ювиб ташлаганингиздан кейин ҳам бош қичишаверса, бўёқни нейтраллаштирувчи махсус воситалардан фойдаланиш мумкин, улар сартарошлар учун профессионал анжомлар сотиладиган дўконларда бўлади.

Бош терисининг замбуруғли касалликларида. Юқоридаги 5 та сабаб ҳам сизда бўлмаса-ю, бошингиз қичишаверса, замбуруғлар бормикан, деган шубҳа пайдо бўлади. Буни аниқлаш учун шифокорга мурожаат қилиш керак, албатта. Аммо бош жуда қичишиб турса-ю, шифокорга боришга имкон бўлмаса, дорихоналарда сотиладиган замбуруғларга қарши шампунлардан фойдаланишингиз мумкин. Уларнинг таркибида пироктоноламин, қўрғошин пиритиони, климбазол каби моддалар бўлади. Табиий воситалардан чой дарахти мойини тавсия этиш мумкин. Лекин энг мақбул чора шифокор кўригидан ўтиб, унинг тавсияси билан даволанишдир.

Кир ювиш кукунлари. Чойшаб ва сочиқларни ювишда қўлланилган кир ювиш кукунлари ҳам терига аллергия бериб қичиштириши мумкин. Шу сабабли чойшабларни ювгач, қайта-қайта яхшилаб чайиш керак.

Бош териси қуруқлиги. Бош териси ҳаддан ортиқ қуриб кетса, қаттиқ қичишишни келтириб чиқаради. Бу қичишишнинг энг кўп учрайдиган сабабларидан биридир. Агар сочларингиз толаси ингичка ва қуруқ бўлиб, синиб кетаверса, бошингиз узоқ вақт кир бўлмаса, сочларингиз электрлашса, турмак яхши турмаса, билингки, бошингиз териси қуриб кетган. Баъзида сувсизланган тери ўзини ҳимоя қилиш учун кучли ёғ ажратиб чиқара бошлайди. Бундай ҳолда бош қичишишини кўпчилик терининг ёғланиб кетганига йўйиб, ёғли соч учун шампунларни қўллай бошлайдилар ва вазиятни бадтар оғирлаштирадилар. Шунинг учун бундай ҳолда мутахассисга мурожаат этиш керак. Баъзида витаминлар танқислиги туфайли ҳам тери қуриши мумкин. Асл сабабни аниқлаб, тўғри даво чораларини кўрсангиз, муаммодан, албатта, халос бўласиз.

 

Манба: "Суғдиёна" газетаси

 

Орқага Чоп этиш