ru uz
Ҳомиладорликдаги киндик чурраси

Чексиз қувонч тақдим этувчи ҳомиладорлик даврининг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам йўқ эмас. Шишлар, бош оғриғи, бошқоронғулик, қон босимининг ошиши, қорин терисидаги тиртиқлар деярли ҳар бир ҳомиладор аёл учун таниш ҳолатлардир. Айрим аёлларда эса ҳомила катталашиб боргани сари қорин бўшлиғи девори мушаклари ўз таранглигини йўқотиб, киндик чурраси пайдо бўлишига мойиллик туғдиради. Бу ҳолат ҳомиладор аёл учун хавфли эмасми? Келинг, шу ҳақида маълумотга эга бўламиз...

Сабаби

Киндик чурраси ҳомиладор аёлларда кенг тарқалган ҳолат бўлиб, кўпинча у қуйидаги сабаблар туфайли юзага келади:

  • қорин бўшлиғи девори мушакларининг таранг эмаслиги;
  • илгариги ҳомиладорлик оқибатида юзага келган қорин мушаклари сустлиги;
  • аввалги туғруқларнинг асоратли кечгани;
  • кўп ҳомилали ҳомиладорлик;
  • йўлдошда ҳомила олди сувининг кўп миқдорда эканлиги;
  • ҳомиладорлик даврида оғир кўтариш;
  • ҳомиладор аёлнинг вазни меъёрдан кам (озғин) ёки семизлиги.

Белгилари

  • Киндикнинг шишиб, қорин бўшлигидан ташқарига чиқиб қолиши;
  • вақти-вақти билан қоринда шар ёрилгани каби овозларнинг пайдо бўлиши;
  • киндик ва унинг атрофига текканда сезилиши.

Хавфлими?

Агар киндик чуррасининг сиқилиб қолиш ҳолати юз бермаса, унинг ҳомиладорликка ҳеч қандай зарари йўқ. Аёлнинг қорин қисмида оғриқ сезилмаса, жиддий хавотир бу ерда ўринсиз саналади. Бунинг учун аввало шифокор кўрсатмаларига амал қилиш лозим. Камдан-кам ҳолларда чурра тери орасида сиқилиб қолиб, аёлга азоб берганда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин.

Ҳомиладорликда даволаш чоралари.

Соғлом одамда киндик чуррасини даволашнинг асосий йўли жарроҳлик амалиёти саналади. Бироқ  ҳомиладорликда жарроҳлик амалиёти тавсия этилмайди, негаки бу муолажа давомида қўлланиладиган дори воситалари она ва боланинг саломатлигига хавф солиш эҳтимоли юқори. Одатда туғруқдан кейин киндик чурраси ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Махсус бандажлар тақиш бу вазиятни янада тезлаштиради, чунки у қорин мушакларига тушаётган оғирликни бироз камайтиради. Бандаж тақишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Шу билан бирга, кейинги ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин жарроҳ кўригидан ўтишни ҳам унутманг. Чунки жарроҳлик амалиётисиз даволанган чурра яна қайта пайдо бўлиши
мумкин.

Нима қилиш лозим?

■ Муҳими, гинеколог, терапевт ҳамда жарроҳ кўригидан ўтинг!

■Қориннинг киндик қисмини ёпиб турадиган ҳомиладорлар учун махсус бандаж тақиш шарт. Айнан у киндикнинг ташқарига чиқиб кетмаслиги ва сиқилиб қолмаслигини таъминлайди.

■ Шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қорин бўшлиги девори мушакларини мустаҳкамловчи жисмоний машқ бажаринг.

Чурра сиқилиб қолганда киндик атрофида оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш ҳамда жигилдон қайнаши кузатилади. Уларга асло бефарқ бўлманг.

Орқага Чоп этиш