ru uz
Йўлдош полипи: шифокорлар айбими ёки...

Йўлдош полипи бу бачадон эндометрийсида ҳосил бўладиган хавфсиз ўсимтадир. У тўлиқ олиб ташланмаган йўлдош паренхимасидан юзага келиб, туғруқ, тиббий аборт ёхуд бачадонда ўтказилган муолажалардан кейинги асоратли ўзгариш ҳисобланади. Полилнинг бошқа турларидан фарқли равишда йўлдош ҳосиласи ҳақида билмай қолмайсиз.

«Қандай қилиб?» дейсизми, диққат қилинг!

Қандай ривожланади?

Эндометрийдаги йўлдош полипи ўз ҳолича яхлит ўсимта бўлмайди. Бачадондаги қон қуйқалари тарқоқ ҳолда кезиб юрган йўлдош бўлакларига ёпишиб боради. Аввалига бир нечтаси, сўнг қон қуйқаларининг бирикиши ортиб, йўлдош бўлаги атрофида қон қуйқасидан иборат ҳосила шаклланади. Ҳосила бир неча миллиметрлардан бир неча сантиметрларгача катталикда ривожланиши мумкин.

Гўдак дунёга келганидан сўнг бир неча дақиқалар ўтиб, йўлдош туғилиши юз беради. Ана шу жараёнда шифокор диққатли бўлмаса, йўлдош тўлиқ тушдими- йўқми текширмаса, кейинчалик турли асоратлар қелиб чиқиши мумкин. Йўлдош бўлагининг қолиб кетиши асосан қуйидаги ҳолатларда қайд этилади: сунъий тўлғоқ чақириш усуллари ёхуд ҳомила тушишидан кейинги бачадон бўшлиғини тозаланишида жараён тўлиқ бажарилмаган бўлса;

  • кесарча кесиш амалиёти вақтида йўлдош тушишига етарлича эътибор қаратилмаса;
  • ҳомиланинг она қорнида нобуд бўлиши;
  • тиббий кўрсатма асосида ўтказилган абортда ҳомила тухумҳужайрасининг бириккан қисми тўлиқ олиб ташланмаганлиги.

Айрим ҳолларда йўлдош полипи ҳомиладорлик вақтида ҳам юзага келади. Ўсимта йўлдош тўқимаси ёхуд ҳомила қобиғидан шаклланиб, ҳажман катталашса ҳам она ва ҳомила саломатлигига хавф туғдирмайди. Гўдак дунёга келганидан сўнг, йўлдош туғилиши жараёнида ҳосил бўлган полип ҳам бирга тушириб олинади.

Кўп қон кетяптими хушёр бўлинг!

Туғруқ ёки тиббий аборт ўтказилганидан кейин бачадон эндометрийсида полип юзага келганининг бирламчи белгиси бу бачадондан қон кетишидир. Ҳосиланинг жойлашуви, ҳажми ва ривожланиш даражасига кўра қонли ажралма оз-оздан (ички кийимга суркалиб қолувчи) ёки кўп миқдорда келиши мумкин. Полипга ишора қилувчи яна бир белги бу қонли ажралманинг меъёрий ҳолатдан ташқари бир неча ҳафтагача давом этишидир.

Эндометрий ўсимтаси ўз вақтида муолажа қилинмаса, умумий ҳолсизлик, тез чарчаб қолиш, терининг рангпарлиги каби аломатлар кузатила бошлайди. Яллиғланиш жараёнлари бўлса, тана ҳароратининг кўтарилиши, қориннинг пастки соҳасида оғриқ, жинсий аъзоларда қичишиш, ачишиш симптомлари пайдо бўлиши мумкин.

Бир неча кун давомида кўп микдорда қон йўқотяпсизми, тезликда шифокор кўригидан ўтинг. Негаки, кўп қон йўқотиш, камқонликнинг оғир даражасини келтириб чиқариши билан хавфлидир.

Асоратлари бор!

Йўлдош полипини бартараф этишда вакуумли аспирация амалиёти қўлланилади. Замонавий кўринишдаги лазер аппарати ўсимтани қолдиқсиз олиб ташлаш имконини беради. Бачадонни махсус гинекологик асбоблар ёрдамида тозалаш эндометрийни шикастлаши мумкин. Агар сизга айнан шу муолажани таклиф этишса, рози бўлманг. Оператив аралашувдан сўнг шифокор кейинги даво чораларини тайинлайди. Албатта, уларни бажаринг.

Гинекологик жарроҳликдан чўчиб, дори-дармонлар ёрдамида соғайишни хаёл қилманг. Бу ҳолатда ўсимтанинг сўрилиб кетиш эҳтимоли жуда кам. Борди-ю, ҳосила олиб ташланмаса, унинг ривожланиши тухумдонлар дисфункцияси (фаолиятининг бузилиши), бепуштлик, бачадон шиллиғининг яллиғланиши, сепсисни келтириб чиқариши мумкин.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш