ru uz
Сурункали ичак яллиғланиши ҳомиладорликда кандай кечади?

Ҳомиладорлик аёл танасининг қарийб барча аъзоларига ўз таъсирини ўтказади. Бу даврни «дисбактериозлар палласи» деб аташлари бежиз эмас, ахир. Чунки бўлажак онада ичакнинг шиллиқ қавати гормонлар ҳисобига ўзгаради. Агар бунга ичак билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳам қўшиладиган бўлса, вазият янада чигаллашиши мумкин.

Хавотир ноўрин эмас. Мурғак вужудга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолат эътибор ва тезкор даво чораларини талаб қилади. Шулардан бири — ўткир ёки сурункали ичак яллиғланиши. Тиббий нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, бу йўғон ичак шиллиқ пардасининг яллиғланишидир. Касаллик қориндаги санчиқлар, ичнинг суюқ келиши ва кўнгил беҳузурлиги билан кечади.

Белгилар берар дарак

Хасталик аломатлари юқоридагилар билангина чекланмайди. Ичакдаги оғриқ, ичнинг суюқ ва шиллиқ келиши ҳамда ўта ёқимсиз ҳидини қўшимча қилиш мумкин. Унинг ўткир турида иштаҳа йўқолиши, қорин ғулдураши, иситма кўтарилиши эҳтимолдан холи эмас. Бу белгилар бошқа хасталикларда ҳам кузатилиши мумкин, албатта. Шу боис ҳам аниқ ташхис қўйиш учун хасталикни келтириб чиқарган омилларга, унинг кечиши ва аломатларига, тиббий текширув натижаларига таянилади.

Аёлнинг бўйида бўлгунига қадар ичак яллиғланиши билан оғришнинг илдизи бошқа томону айнан ҳомиладорлик вақтида уни юзага келтирувчи сабаблар бошқа. Бачадон каттариши ҳисобига ичакнинг эзилиши, турли инфекциялар, аллергия, айрим дори воситалари, хусусан, антибиотиклар қабул қилиш, нотўғри овқатланиш (ёғли таомларга ружу қўйиш ёки аксинча, узоқ овқатланмай юриш, ноўрин парҳезлар), жисмоний зўриқишлар, стресс ва бавосир шулар жумласидандир. Хасталикнинг ўткир тури тўлиқ муолажа қилинмаслиги оқибатида у сурункали шаклга ўтади.

»Кимга мурожаат қилиш керак?

Мазкур аломатлар сезилганида бўлажак она қайси ихтисосликдаги шифокорга мурожаат қилиши керак? Шубҳасиз, бундай пайтда гастроэнтеролог ва гинеколог ёрдам қўлини чўзади. Уйда ўзбошимчалик билан даволанишни афзал билувчилар ҳам орамизда йўқ эмас. Ваҳоланки, мутахассисгина тўғри ташхис қўйиши ва даволаниш тартибини белгилашини ёддан чиқармаслик керак.

Касаллик аввал ҳам беморни безовта қилганми, сурункали тус олганми-йўқми, деган савол шифокорни биринчи навбатда қизиқтиради. Бемор ҳеч нимани сир тутмаслиги, шу пайтга қада қандай дорилар ичган бўлса, уларнинг ҳаммасини айтиши керак. Қорин соҳасини қўл билан пайпаслаб текширганда ҳам аломатлар аён бўлади. Йўғон ичакдаги оғриқлар дарҳол ўзи ҳақида билдиради. Ҳомиладорлик пайтида ичак яллиғланиим тезкор ташхис қўйиш бироз мушкул. Сабаби, эндоскопия ва УЗИ амалиётларини олиб бориш имконсиз. Шунинг учун қон, пешоб ва нажас та лилларига мурожаат қилинади. Агар ичак яллиғланиши сурункали тус олган бўлса, истисно тарзда эндоскопия ҳам буюрилади.

Ҳомилага таъсири

Микрофлоранинг бузилиши биринчи уч ойликда ҳомилани «яхши» кўтаролмаслик, кислород етишмовчилиги, ҳатто, муддатидан аввалги туғруқ ёки чақалоқнинг енгил вазн
билан дунёга келишига замин яратади. Статистикага кўра, бундай аёлларда туғрукдан
кейинги асоратлар ҳам бир неча баробар юқоридир.

Шунга қарамай, ишонч билан айтиш мумкинки, амалиётда айнан ичак яллиғланишининг ҳомилага кучли таъсир этиши ёки унинг ривожланишига тўсқинлик қилиши деярли қайд этилмаган. Шу боис ҳомиладорликни тўхтатишга асос йўқ. Аммо тўғри ва тўлақонли даво чоралари кўрилмаслиги аёл саломатлигига зиён етказади ва бу охир-оқибат дунёга келажак кичкинтойга ҳам таъсир этмай қолмайди.

»Дори ичиш шартми?

Таҳлил ва текширув натижаларидан келиб чиқиб, шифокор антибиотиклар, адсорбентлар, ичак фаолиятини мувозанатлаштирувчи препаратлар, витаминлар, оғриқни камайтириш учун спазмолитиклар тайинлайди. Агар касалликни келтириб чиқарган сабаб бавосир бўлса, бошқа турдаги дориларни ҳам тавсия қилади. Тузалиш учун буларнинг ўзи етарли эмас: мутахассис белгилаган парҳез муҳим эканини эслатиб ўтамиз. Даволаниш пайти аёл мутахассис назоратида бўлиши керак.

Оз-оздан, тез-тез!

Бўлажак она уйда амал қилиши лозим бўлган энг муҳим нарса — кун ва овқатланиш тартибига риоя қилишдир. Демак, қоринни дам қиладиган маҳсулотлар: дуккаклилар, ширинликлардан воз кечилади. Шунингдек, ҳазм бўлиши қийин  егуликлар таомномадан вақтинча ўчирилади. Таом ўта иссиқ ва совуқ бўлмаслиги, фақат илиқ ҳолда тановул қилиниши ёддан чиқмасин. Касалликнинг ўткир даврида қовурилган, ёғли, дудланган, консерваланган, маринадланган, аччиқ маҳсулотлар ҳам зарарли.

Унда нима истеъмол қилиш мумкин? Суви қочган нон, қайнатилган гўшт, балиқ, тухум, гуруч, гречиха ёрмаси ва мевалардан тайёрланган бўтқалар кони фойда. Она организми ҳамда ҳомилани витамин ва минераллар билан таъминлаш учун табиий шарбатлар, қайнатма ва хўрдалар ичишни одат қилган маъқул. Тановулнинг олтин қоидаси — оз-оздан ва тез-тез ейиш даволанувчининг шиорига айланса, нур устига нур!

Асоратлари ҳам бор...

Шифокор тавсияларига амал қилмайдиганлар диққатига: агар вақтида ва тўлақонли даво чоралари кўрилмаса, хасталик оғир тус олиши ёки Крон касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Бу бутунбошли овқат ҳазм қилиш тракти, оғиз бўшлиғидан то тўғри ичаккача зарарланиш, демакдир.

Олдини олиш йўллари

Шу ҳолатга бориб қолмасликнинг иложи борми? Алатта, бор. Бир қарашда жуда оддий туюлувчи айрим қоидаларга амал қилинса, кифоя. Аввало, агар бўлажак онада сурункали ичак яллиғланиши бўлса, у ҳомиладор эканини билган куниданоқ буни шифокорга маълум қилиши керак. Мутахассис билан биргаликда улар овқатланиш ва кун тартибини тузиб олишади. Касалликни қўзғатувчи сабабларни билган аёлгина уларни яқинига йўлатмаслик ва ўрни келганда курашишни уддалайди.

Тўғри овқатланиш, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар ва ич қотишини вақтида бартараф этиш, жисмоний ҳаракатда бўлиш, фақатгина шифокор ёзиб берган дориларни ичиш, стресслардан узоқ бўлиш кераклигини билади.

Ичак яллиғланишини аввал бошдан ўтказмаган аёлларга ҳам овқатланиш ва кун тартибига риоя қилиш, тез-тез сайрга чиқиш, гимнастика ва йога билан шуғулниш касалликнинг олдини олишини эслатиб ўтмоқчимиз.

Орқага Чоп этиш