ru uz
Ҳомиладорликда овқатдан заҳарланиш

Ҳомиладор аёл кўнгли тусаган егуликни истеъмол қилиши шарт, аммо бу пала-партиш таомланиш мумкин дегани эмас. Айниқса, дудланган гўшт, консервалар, яроқлилик муддати бир неча кунга мўлжалланган сут-қатиқ маҳсулотлари, кремли пишириқлар ва майонез кўшилган салатлар танловида ниҳоятда эҳтиёт бўлиш зарур. Негаки, мазкур егуликлар меъда фаолиятида ўзгаришларни келтириб чиқариб, организмни заҳарлаши мумкин. Маҳсулотлар орасидан қўзиқорин (табиий, консерва кўриншидагиси ҳам) фарзанд кутаётган аёллар таомномасидан чекланиши керак. Чунки ундаги токсинлар йўлдош орқали ҳомилага зиён етказа олади. Хўш, мабодо заҳарланиш ҳолати юзага келса-чи, нима қилмоқ керак? Дори воситаларини кўллаш мумкинми?

Диққат, хавф белгилари!

Овқатдан заҳарланиш аломатлари сизга яхши маълум. Булар кўнгил айниши, қайт қилиш, диарея, қорин соҳасида санчиқли/симиллаган оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши, артериал қон босимининг ошиши, ҳолсизлик, тери қатламининг рангпарлиги кабилардир. Айрим ҳолларда интоксикация жараёнининг бошлангани бош айланиши, иштаҳасизлик билан кечиши мумкин, аммо ич кетиши кузатилмайди. Булар ҳомиладорликка хос ўзгаришлар бўлгани учун аёл аломатларни сезмаслиги мумкин. Бироқ меъда ва ичаклар фаолиятидаги бузилишлар бир кунлик муаммо эмас. Диққат қилинг, агар ҳомиладорликка доир ўзгаришлардан фарқ қилувчи белгилар мавжуд бўлса, ҳатто, диарея кузатилмаганида ҳам шифокор билан маслаҳатлашинг.

Ҳомила тушиши мумкин, чунки...

Маҳсулотлар таркибидаги токсинлар заҳарланишни келтириб чиқардими, демак, моддалар алмашинувида бузилиш бор. Кучли қайт қилиш ва диарея организмнинг сувсизланишини пайдо қилади. Ич кетишида фарзанд кутаётган аёл учун зарур бўлган витамин ва минерал моддалар ташқарига ажралиб чиқади. Натижада аёл қувватсизланади, ҳомилага керакли озуқанинг етиб бориши секинлашади. Ҳомилада қон айланишига доир ўзгаришлар юз бериши мумкин.

Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида маҳсулотлардан заҳарланиш ҳомила тушиши эҳтимоли борлиги билан хавфли саналади.

«Кўнглим бехузур, нима қилай?»

Овқатдан заҳарланганингизга шубҳа қиляпсизми, вақтни пайсалга солманг-да, даволовчи шифокорингиз билан боғланинг. Қайт қилиш хуружларига зўр берманг, йўқса бачадон тонуси ортиши мумкин. Организмни мувозанатдан чиқарган токсин моддалар заифлашмагунича ошқозонга дам беринг. Оғиздаги бемаза таъм йўқолгунига қадар ҳар 15-20 дақиқада суюқлик ичинг, лекин оч юрманг. Сиз қай аҳволда бўлсангиз-да, ҳомила озиқланишда давом этаверади. Демакки, уни егулик билан таъминлаб туришингиз керак. Ҳазми енгил, парҳезбоп маҳсулотлар истеъмол қилиш мумкин. Шифокор билан маслаҳатлашиб, абсорбент дори воситалари қабул қилинади. Диареяни тўхтатувчи, кўнгил айнишини қолдирувчи ва спазмга қарши препаратларни мустақил қабул қилманг.

Заҳарланишнинг оғир кўринишларида ҳомиладор аёл шифохонага ётқизилиши шарт.

Диареяда қуритилган анор пўстини дамлаб ичиш айтилса-да, фарзанд кутаётган аёл учун бундай тадбирлар мумкин эмас!

Тикланиш даврида

Безовталик келиб чиққанидан кейинги дастлабки кунларда қувватсизлик, ора-чора кўнгил айниши, қоринда оғирлик, иштаҳасизлик кузатилади. Қўрқманг, бу овқатдан заҳарланиш содир бўлганидан сўнг юзага келадиган меъёрий ҳолат. Сизнинг навбатдаги вазифангиз меъда фаолиятининг тикланишига кўмаклашишдир. Бир-икки кун давомида сабзавотли, ёғсиз шўрва, картошка пюреси, буғда пиширилган таомларни истеъмол қилинг. Мева ва хом сабзавотлар, гўшт, балиқ тановули тўлиқ соғаймагунингизга қадар тавсия этилмайди. «Организмимга оқсил керак-ку» десангиз, ёғсиз мол гўшти қиймасидан котлет, тефтель тайёрлаб, буғда пишириб олинг.

Тўлиқ соғайганингиздан сўнг йўқотилган витамин ва микроэлементлар захирасини тўлдириш борасида шифокор билан маслаҳатлашинг.

УТТ керакми?

Овқатдан заҳарланишда бу у қадар муҳим текширув эмас. Ҳомила ривожланиши ёхуд бачадон ҳолатига доир шубҳангиз бўлса, УТТ га йўл олинг. Кучли заҳарланиш юз берганида қон таҳлили ўтказилиши мумкин.

Эслаб қолинг!

  • Тамадди қилишдан олдин қўлларингизни совунлаб ювинг. Бу оддий қоида бўлса-да, соғлигингизни эҳтиётлашда муҳимдир;
  • мева ва сабзавотларни аввал чайиб олинг-да, сўнг сувини силқитиб тановул қилинг;
  • таъми, ҳиди, кўриниши ва қуюқ/суюқлиги ўзгарган маҳсулотларни ея кўрманг;
  • кун давомида кўпроқ суюқлик ичинг, бу меъда фаолиятини яхшилайди.
Орқага Чоп этиш