ru uz
Ҳайз чикли бузилиши: нега... ундан дарак йўқ?

Балоғат ва туғиш ёшидаги қиз-аёллар (16-45 ёш) нинг олти ой ва ундан ортиқ вақт мобайнида ҳайз кўрмаслиги тиббиётда аменорея, деб аталади. Мазкур ташхис айрим генетик, жисмоний, руҳий ёхуд эндокринологик хасталиклардан дарак беради. Tўғpи, баъзан ҳайз кўрмаслик табиий физиологик жараён, деб баҳоланиши ҳам мумкин (ҳомиладорлик, эмизиш даври, балоғатга етгунча ва менопауза). Бошқа ҳолларда эса у касаллик саналади. Чунки аменорея бепуштликка олиб келади.

Бирламчи ва иккиламчи аменорея
Аменореянинг  икки тури мавжуд: бирламчи ва иккиламчи. Ўсмир, тахминан 14 ёшдан ошган қизда жинсий ривожланиш белгилари кузатилмаслиги ва ҳайз келмаслиги (ёхуд жинсий ривож-ланиш аломатлари бор бўлса-да, 16 ёшга қадар ҳам ой кўрмаслиги) бирламчи аменорея ҳисобланади. Илгари маълум меъёрдаги ҳайзнинг тўсатдан тўхтаб қолиши ҳамда олти ойдан ортиқ келмаслиги иккиламчи аменорея саналади. Бу ўзгаришларни келтириб чиқарган омиллар турлича. Жумладан, oғир жисмоний ҳаракатлар, нотўғри овқатланиш, муайян бир маҳсулотнигина истеъмол қилишга берилиб кетиш, кескин вазн йўқотиш ҳайз тизимини ишдан чиқаради. Бундан ташқари, қалқонсимон без касалликлари, турли тухумдон ўсмалари, руҳий изтироблар ҳам бачадон фаолиятини сусайтиради.

Сохтами ёки чин?
Тиббиётда «сохта» аменорея тушунчаси мавжуд. Афсуски, у чинидан кўра хавфлироқ. Бунда тухумдонлар мутлақо яхши «ишлайди». Бироқ жинсий аъзолар аномалияси (туғма ва орттирилган) сабаб ҳайз қони чиқиб кетишига имкон йўқ. Унинг бачадонда йиғилиб қолиши натижасида ой куриш лозим бўлган кунлар қориннинг пастки қисмида оғриқ пайдо бўлади. Шунингдек, бош оғриғи, кўнгил айниши ҳам безовта қилиши мумкин.
Ҳайз келиши фақат бачадон билан боғлиқ жараён эмас. Уни мувофиқлаштирувчи тизим, аслида, юқоридан бошланади. Гипоталамус-гипофиз-тухумдонлар-бачадон занжиридаги бирор ҳалқа ўз вазифасини тулақонли адо этмаслиги мазкур касалликка йўқ очади.
Оиладаги носоғлом муҳит, кучли стресс, қаттиқ қўрқиш, ўткир инфекция касалликлари ҳам ўсмир қизларнинг жинсий ва жисмоний баркамоллигига тўсиқ бўлади.


Эмизиш даврида бу табиий ҳол
Болани кўкрак сути билан парваришлаш палласида ҳайз келмаслиги кўпчиликка маълум. У тиббиётда лактацион аменорея, деб аталади. Айни ҳолат табиий физиологик контрацепция вазифасини ҳам ўтайди ва касаллик ҳисобланмайди. Унинг қанча давом этиши ҳар кимда ҳар хил бўлиб, аёл организми ва чақалоқни эмизиш давомийлигига боғлиқ. 

Аниқ ташхис керак
Касалликка аниқ ташхис қўйиш учун қатор текширув ва таҳлиллар зарур. Аввало, бемор ҳомиладор эмасми, шунга аниқлик киритилади. Сўнг у пархез қилганми, жисмоний ёки руҳий зўриқишларни бошдан кечирганми - бари сўраб-суриштирилади. Катта ёш аёлларда эса менопауза бошлангани эҳтимоли ypraниб чиқилади. Аёлнинг бўйи ва вазни ўлчаниб, ўзаро мувофиқликка эътибор қаратилади. Гинеколог кичик тос соҳаси аъзоларининг ультратовуш текшируви, қалқонсимон без гормонлари ва бошқа гормонлар миқдорини аниқловчи қон таҳлилига йўлланма беради. Агар касаллик қўзғатувчиси сифатида бош мия, хусусан, гипофизда ўсма борлиги тахмин қилинса, невролог тавсияси билан бош суяги рентгени, бош мия компьютер томографияси ва МРТ текширувлари ўтказилади.
  
Муносабатларга таъсир!
Ҳайз келмаслиги нозик муносабатларга деярл таъсир кўрсатмайди. Аёл илгаригидек жинсий ҳаёт кечираверади. Бироқ бу билан алданиб қолмаслик лозим. Чунки аменорея охир-оқибат ҳайз цикли бузилиши ва даволаш имкони бўлмаган бепуштликка олиб келиши мумкин. Қолаверса, бачадонда турли хасталиклар юзага келишига ҳам йўл очади.

Олдини олиш мумкин
Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, жинсий ҳаёт сифатига эътиборли бўлиш - аменореянинг олдини олади. Муҳими, нафақат гинекологик, балки эндокрин ёки асаб тизими билан боғлиқ шикоятлар мавжуд бўлганида ҳам пайсалга солмай, шифокор қабулига бориш лозим.

Орқага Чоп этиш