ru uz
Туғруқ жароҳатлари асорат берса....

Туғрукдан сўнг бачадон тушиши, қин деворларининг кенгайиши ёхуд осилиб қолиши, оралиқ йиртилишларининг асоратли ўзгаришлари аниқланганида, кўпчилик аёллар муаммони қай тариқа ҳал этишни билишмайди. Ваҳоланки, бу сир тутиладиган мавзу эмас. Негаки, туғруқдан кейинги номеъёрий ҳолатлар нафақат психоэмоционал бузилишларни келтириб чиқаради, балки жинсий ҳаёт сифатининг ёмонлашиши, сийдик тутолмаслик, қориннинг пастки соҳасида оғриқ, қабзиятга сабаб бўлиши мумкин. Хўш, мазкур патологияларда қин пластикасининг аҳамияти қандай? Муолажа ҳақида биз нималарни биламиз?

Амалиёт ҳақида

Пластик жарроҳлик йўналишларининг бири ҳисобланган интимпластика, бу жинсий аъзоларда юзага келган номеъёрий ўзгаришларни тартибга солишга қаратилган амалиётдир. Деформацияга учраган аъзо жарроҳлик йўли билан меъёрий кўринишга келтирилади. Осилиб қолган қин девори, нотўғри битган тери ҳолати ўрганилиб, тиббий йўл билан тикланади. Қин мушакларининг бўшашиши ҳисобига ушбу аъзо ўлчамининг кенгайиши ташхисланса, қин шиллиғи қобиғининг овал ёхуд понасимон қисми олиб ташланиб, мушаклар таранглигига эришилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, интимпластика нафақат туғруқдан кейинги асоратларни бартараф этувчи муолажа, балки жинсий аъзо туғма патологиялари, гормонал мувозанат бузилиши, жисмоний юклама, оғир меҳнат шароитлари фонида юзага келган ўзгаришларни даволаш имконини берувчи усулдир.

Турлари

Жинсий аъзода мавжуд ўзгаришлар даражаси, ҳолати ва асорат бериш-бермаслик хавфи ҳисобга олиниб, пластик жарроҳликнинг қуйидаги турларига мурожаат қилинади. Булар:

  • қин олд қисмининг кольпопластикаси (қин олд деворлари мушакларининг бўшашиб қолишида);
  • қин орқа қисми ёки катта жинсий лаблар кольпопластикаси (қин орқа деворлари мушакларининг бўшаши).
  • қин оралиғини кичрайтириш.
  • комплекс тарздаги кольпопластика.

Оператив муолажа, консерватив чоралар ҳамда даволаш машқларидан наф бўлмагачгина ўтказилади. Амалиётдан кўзланган асосий мақсад - бемор соғлиғини тиклаш ва юзага келиш эҳтимоли мавжуд ўзгаришларнинг олдини олишдир. Шуни ёдда тутингки, интим- пластиканинг ҳар қайси турида ҳам, албатта, тиббий кўрсатма бўлиши керак.

Кай ҳолларда тавсия этилади?

  • Қин деворининг йиртилиши;
  • қин мушакларининг чўзилиши;
  • қин девори ва бачадон тушиши;
  • сийдик қопининг тушиб қолиши;
  • туғруқ пайти ташқи оралиқ йиртилишлари (тери нотўғри битса, чандиқ ҳосил бўлганида).

Қинпластикаси бажарилишидан аввал аёл таҳлил топширади. Бу бемор организми оператив муолажага тайёр ёки тайёр эмаслигини баҳолашда муҳимдир. Таҳлил ўз ичига қоннинг умумий ва биокимёвий, гепатит, ОИТСга текшируви, юрак электрокардиограммаси, қиндан суртма олиш каби жараёнларни қамраб олган. Текширув хулосаси тайёр бўлгачгина, жарроҳлик амалиётига рухсат берилади.

Амалиётдан сўнг

Бемор 2-3 сутка давомида ҳаракатланмаслиги лозим. Кейинги кунлардан ўрнидан туриши, юришига рухсат берилади. Ич келиши бачадон ва қинга зўриқиш бермаслиги учун операциядан кейинги кунларда суюқ таомлар исътемол қилиш ҳамда кўпроқ суюқлик ичиш керак. Шифокор кўрсатмаси билан қин орапиғи антисептик воситалар ёрдамида ишлов берилади. Антибиотик дори препаратларини қабул қилиш буюрилиши ҳам мумкин. Интимпластикадан кейинги жинсий ҳаёт аста-секинлик билан тикланиши лозим. Бир-бир ярим ой нозик муносабатларда сақланишни тавсия қилишади. Оғир жисмоний юкламалардан тийилиш, иссиқ ванна қабул қилмаслик шарти ҳам бор.

Интимпластика жиддий жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Яллиғланиш юз бермаслиги, қон кетиши ва такрорий операцияга зарурият туғилмаслиги учун мутахсис кўрсатмаларига риоя этилиши шарт.

Қарши кўрсатмалар

  • Юрак-қон томир тизими касалликларининг оғир кўринишлари, гемофилия, қандли диабет, жинсий аъзо яллиғланиши хасталиклари мавжуд бўлганида интим-пластика амалиёти ўтказилмайди.
  • Оператив муолажанинг биринчи туғруққа қадар ёки ҳомиладорликни режалаштираётган аёлларда бажарилишига ҳам рухсат бор, аммо бунга жинсий аъзо патологиялари ёки жиддий деформация аниқланганидагина йўл қўйилади.



    Манба:  "Суғдиёна " газетаси
Орқага Чоп этиш