ru uz
Озонотерапия – юз дардга даво!

Муолажа нима учун керак?

Озонотерапия, бу — озон гази ёрдамида олиб бориладиган муолажа туридир. Озон гази махсус тиббий ускуналар орқали ҳосил қилинади. Унинг жуда кучли антисептик (зарарсизлантирувчи) восита экани ўз тасдиғини топган. Хусусан, озон барча турдаги бактериялар, вирус ва замбуруғларни йўқ қилиши билан аҳамиятлидир. Озон гази касалликларни даволаш, олдини олиш билан бирга қон айланишини яхшилайди, терини, шунингдек, бутун организмни тозалайди, унинг ҳимояловчи функцияларини мустаҳкамлайди, моддалар апмашинувини фаоллаштиради.

Юз терисини таранглаштиради

Замонавий косметология ва дерматологияни озонотерапиясиз тасаввур қилиш мушкул. Ушбу муолажа жарроҳлик амалиётини қўлламай туриб терини ёшартириш, унинг таранглигини таъминлашга хизмат қилади. Ажинлар (тери осилиб қолиши ҳам) тўқималарнинг кислородга етарлича тўйинмаслигидан келиб чиқишини ҳисобга олсак, кислородга тўйинган озоннинг аҳамиятини сезиш қийинмас.

Авваллари озон гази ёрдамида яра ва жароҳатлар юзасига ишлов берилган. Эндиликда у тери остига, томир ва мушакка юборилувчи инъекция сифатида қўлланяпти. Ҳозирги кунда озонли ёғлар билан уқалаш, озонли ҳуқналардан фойдаланиш ҳам оммалашган. Қулоқ, томоқ, бурун касалликларида эса томизғичлардан ташқари димоқни озонли эритмалар билан ювиш амалиёти татбиқ этилмоқда.

Қайси касалликларда қўлланади?

Озонотерапия, айниқса, томирга юборилувчи тури, ҳатто ҳомиладор аёлларда ҳам қўлланиши мумкин. Озонли муолажа даволаниш муддатини сезиларли равишда қисқартиради, айрим дори воситаларини қабул қилишга ҳожат қолдирмайди.

Озонотерапия тиббиётнинг кўплаб йўналишлари - жарроҳлик, акушерлик ва гинекология, терапия, иммунология, неврология, эндокринология, дерматоогия, косметологияда ўз ўрнини топди. Шунингдек, юқумли ва тери таносил касалликларини даволашда ҳам самарали усул ҳисобланмокда.

Кўп кузатиладиган мавсумий касалликлар — грипп, бронхиал астмани даволашда озонотерапия инфекция ўчоғини тезроқ бартараф этишга ёрдам беради. Мутахассислар, жигар фаолиятини тиклаш, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраларини даволаш, гастрит муолажасида ҳам озон гази амалиётини устун дея баҳолашмоқда.

Бир неча маротаба ўтказилган озонотерапиядан сўнг беморнинг аҳволи бирмунча яхшиланади. Артериал қон босими меъёрий ҳолатга келиб, атеросклероз ривожланиши, юрак ишемик хасталиги ва инфаркт миокарднинг олди олинади. Қон томирларининг эластиклиги ортади, тромб ҳосил бўлиши эҳтимоли сезиларли даражада камаяди. Озоннинг ажойиб хусусиятларидан бири — у майда томирларгача етиб боради. Танадаги барча ҳужайраларнинг қон билан таъминланишига шароит яратади.

Озонли муолажа оқчил, бачадон бўйни эрозияси, урогенитал хламидиоз, трихомогерпесни даволашда ҳам кутилган натижани беради. Токсикозни енгиллатиш, ҳомилага озуқа моддаларини яхшироқ етказишда ҳам озонотерапияга мурожаат қилиши мумкин.

Қарши кўрсатмалар бор.

Томир тортишишига мойиллик, қон касалликлари, геморрагик инсульт, алкоголдан ўткир заҳарланиш, қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, озон газига аллергия, ўткир инфаркт миокарди ва туғма фавизм (наслий гемолитик анемия) мавжуд бўлганида озонотерапия тавсия этилмайди. Мазкур амалиёт фақат мутахассис тавсияси ва назорати асосида амалга оширилиши лозим.

Озонотерапия юртимиздаги йирик марказий шифохоналар ва хусусий клиникаларда қўлланиляпти.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш