ru uz
Бир буйрак олиб ташланса...

Томирларимиз бўйлаб ҳаракатланаётган қон бош мия ва юракка етарлича кислород олиб бориши учун доимий тозаланишга муҳтож. Организмда бу вазифани бир жуфт аъзо - буйраклар бажаради. Афсуски, баъзан оёқдан совуқ ўтиши, елвизакда қолиш ёки ангина, кариес сингари одатий касалликлар туфайли буйраклар иши оғирлашади. Бу ҳолатларда буйраклар ҳимоясиз қолиб, сурункали дардга чалиниши мумкин. Оғир ҳолларда шифокор улардан бирини олиб ташлашга мажбур бўлади. Баъзан эса бу ҳолат туғма бўлиши мумкин. Хўш, бир буйрак билан қандай ҳаёт кечириш лозим? Агар бу ҳолат қизларда рўй берса, турмушга чиқиб, фарзанд кўриш эҳтимоли борми?

Операцияга кўрсатма

Афсуски, баъзан жуфт аъзонинг бирини олиб таш­лашга тўғри келади. Бу ҳолат буйрак жароҳатланганда, эзилганда, буйрак саратонида, буйракда шиш ва ўсма пайдо бўлганида, ривожланишида бирор жиддий нуқсон юзага келганида, сийдик-тош касаллиги, гидронефрознинг оғир кечишида юз бериши мумкин.

Амалиётдан кейин...

Операциядан кейинги давр ортиқча зўриқишларсиз ўтади. Албатта, беморнинг умумий аҳволи, сурункали касалликларнинг бор-йўқлиги муҳим. Омон қолган буйрак 1—1,5 йил давомида шеригининг вазифасини ўзига олишни ўрганади. Шу боис, унинг ҳажми катталашади, ўхтин-ўхгин оғриб туриши ҳам шундан. Албатта, уни зўриқтирмаслик учун бемор жуда эҳтиёткор бўлиши, совқотиш ва шамоллашдан ўзини асраши, шамоллаган тақдирда эса даволашни ши­фокор назорати остида амалга ошириши керак. Агар одам буйрагидан киста ёки жароҳат асорати туфайли ажралган бўлса, қолган буйрак ўз вазифаларига 1,5 йил ичида тулиқ киришади. Борди-ю, нефрэктомия буйрак сили, пиелонефрит ёки сийдик- тош касаллигининг асорати сифатида рўй берса, бемор маҳсус парҳезга риоя қилиши керак. Мисол учун, буйракда урат тошлари йиғилган бўлса, бемор гўшт, балиқни чеклаши лозим. Фосфат тошларда сут маҳсулотлари камайтирилади. Шунингдек, бемор ҳасталанганда ўзбошимчапик билан даволанмаслиги лозим.

Нефрэктомия операциясини кечирганлар ҳар 3 ойда уролог, эндокринолог, пульмо­нолог, кардиолог ва терапевт кўригидан ўтиши, қоннинг биокимёвий ҳамда сийдик таҳлилини топшириши, йилда бир марта кўкрак қафасини рентген текширувидан ўтказиши, шифокор талабига кўра, компьютер томографиясидан ўтиши керак.

Дарров шифокорга

Агар сизда:

  • пешоб ажралиши кескин камайса ёки аксинча тинимсиз ҳожатга қатнайверсангиз;
  • пешобнинг ранги ўзгарса;
  • бел ва буйрак соҳаси симиллаб оғриса;
  • бўғим ва мушакларда зирқираган оғриқ безовта қилса;
  • шамоллаш пайтида тана ҳароратингиз кўтарилса;
  • қон босимингиз ошса, дарров шифокорга учраш керак.

Негаки, бу белгилар ёлғиз буйрак зўриқишидан ва унда сурун­кали касаллик бошланаётганидан дарак бераётган бўлади.

Чиниқиш жуда муҳим

Шифохонадан чиққанидан кейин бемор 6 ой давомида ўзини жисмонан зўриқтирмаслиги керак. 1 кг.дан ортиқ юк кўтармаслиги, кўпроқ дам олиши айтилади. Аммо барвақт туриш ва ётишдан олдин пиёда юриш фойдали. Эрталаб ва кечқурун, албатта, чўмилиб, сочиқни иссиқ сувда ҳўллаб баданингизни ишқалаб артишга одатланинг. Чунки тери ҳам ҳудди буйраклар каби ўзидан тер, заҳарли хилтлар ажратиш орқали организмни тозалашда қатнашади. Тери юза ва чиниққан бўлса, буйрак анча тез ва фаол ҳаракатланади. Шу сабабли шифокордан рухсат сўраган ҳолда, сузиш, саунага боришни канда қилмаслик керак.

 Жароҳат олиш хавфи юқори бўлган: футбол, баскет­бол, бокс билан шуғулланиш қатъий ман қилинади.

Парҳезга риоя қилиш шарт

Овқатланишда енгил ҳазм бўладиган, асосан сувда ёки буғда пишган, суюқ ёғсиз таомлар фойдали. Кўп суюқлик ичиш ҳам буйракни зуриқтириши мумкин. Кунига 1 литргача суюқлик ичишга рухсат бор. Газли ичимликлар, ишқорли минерал сув ҳам мумкин эмас. Таомни фақат тайёр бўлгач, тузлаш керак. Туздан буткул воз кечиш ҳам ёлғиз буйрак учун хавфли.

! Каҳва, аччиқ чой, шоколад, музқаймоқ, пиво қатъий тақиқда.

Тузламалар, маринадли, аччиқ соусли маҳсулотлар тавсия этилмайди. Овқат ёки салатларга саримсоқпиёз, исмалоқ, петрушка, шовулни қўшманг. Операциядан кейин 2 ҳафта давомида гўштли маҳсулотларни чеклашга тўғри келади. Овқатланишда ҳазми енгил қўй ёки қуён гўшти, балиқ буйракларни зўриқтирмайди.

Сабзавотлардан гулкарам, қизил сабзи, лавлаги, помидор, бодринг, салат барги жуда фойдали. Мевалардан сариқ ва қизил тусдагилари асқотади. Тарвуз, қайнатилган тухум ейишни канда қилманг. Сут маҳсулотларини овқатланишда камайтирган маъқул. Улар кальцийга бой бўлгани боис буйракда қум йиғилишини тезлаштиради.

Сут маҳсулотларидан кунора қатиқ уч кунда бир творог истеъмол қилинг.

Туғруқ мумкин

Бир буйрак билан турмушга чиқиш, ҳомиладор бўлиш салгина хавфлироқ деган қараш яқин пайтларгача мавжуд эди. Аммо замонавий таҳлил ва текширувлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Аёлнинг биргина буйраги борлиги туғруққа тўсқинлик бўлолмайди. Албатта, бундай қиз-жувонлар доимий шифокор назоратида бўлиши керак. Негаки, улар инфекция (шамоллаш, мисол учун, грипп) га тез чалинади. Турмушга чиқмаслик ва ҳомиладор бўлмасликнинг ягона кўрсатмаси

— буйракнинг ўсма туфайли олиб ташланиши саналади. Қолган ҳолларда касаллик ёки туғма
нуқсон туфайли фақат бир буйракка эга қиз-аёллар турмушга чиқиши, жинсий ҳаёт кечириши, фарзанд кўриши мумкин. Лекин турмушгатчиқишдан аввал 2 ой давомида уролог ва кардиолог кўригидан ўтиб, маҳсус даволаниш курсини ўтказиш организмни доривор воситалар ёрдамида мустаҳкамлаш мукимлигини унутмаслик даркор. Ҳомиладорлик даврида руҳий ва жисмоний томондан зўриқмаслик, овқатланиш тарзига эътибор бериш керак.

 

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш