ru uz
Кўкрак оғриғи қай ҳолларда хавфли?

Кўкрак бези саратони ҳақида кўп гапирилгани боис кўпчилик аёлларни сийнадаги оғриқ ваҳимага солиши мумкин. Айниқса, ҳайз олдидан кўкрак шиши, оғирлашиб, оғриқ бериши турли нохуш хаёлларга бошлаган пайтлар ҳам бўлади. Нега ҳайз бошланишидан аввал шундай бўлади? Агар бу меъёрий ҳолат саналса, қанча давом этиши керак?

Невралгия бўлиши мумкин.

Одатда, ҳайздан бир неча кун олдин сийнада оғриқ сезила бошлайди ва бу меъёрий ҳолат. Айрим ҳолларда эса оғриқ бошқа касалликлар туфайли ҳам келиб чиқиши мумкин. Масалан, юрак хасталиги, қовурғалараро невралгия
ҳам кўкракка оғриқ беради. Бу ноциклик оғриқ, дейилади.

Безовталик ҳайзолди аломати бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Тиббиётда ушбу ҳолат кўкракдаги даврий оғриқ, деб аталади. Бу аломат циклнинг иккинчи ярмида пайдо бўлиб, ҳайз бошланишидан бир неча кун олдин кучайиши мумкин.

Мастопатия ҳақида биласизми?

Кўкракдаги даврий оғриқ одатда, 30—50 ёшлардаги аёлларда кузатилади. Менопауза (ҳайз тўхташи) даврида аёл сийна оғриқларидан шикоят қилмайди.

Аксарият аёллар кўкракдаги циклик оғриқ аломатини у қадар сезишмайди. Ҳайзолди кунларида сийна оғирлашиши, яъни бироз ноқулайлик ҳис қилинади, холос. Тўғри, баъзан оғриқ зўрайиши, санчиқли, узоқ давом этувчан характерда бўлиши мумкин. Бунда кўкрак шишиб, қаттиқлашади. Шифокорлар ушбу ҳолатни мастодиния, деб аташади. Мастодинияда сийна оғриғи ҳайздан 2 ҳафта олдин бошланади. Ҳайз бошланишига яқин оғриқ янада кучайиши ҳамда сут безлари шиши кузатилади. Ва ҳайз келиши билан бу ҳолат йўқолади.

Яна гормонларми?!

Кўкракдаги циклик оғриқ организмдаги гормонал ўзгаришлар туфайли юз беради. Негаки, сут безлари гормонал ўзгаришларга жуда таъсирчандир. Циклик оғриқ бирор касаллик билан боғлиқ эмас, шунинг учун бу ҳолатни даволаш талаб этилмайди. Агар кўкракдаги безовталик кучли, санчиқли характерда бўлса, у ҳолда оғриқ қолдирувчи дориларни тавсия этиш мумкин.

Ҳайз билан боғлиқ кўкрак оғриғининг доимийлиги қабул қилинаётган дорилар таъсири бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, ҳомилага қарши орал препаратлар. Улар таркибига синтетик шаклдаги аёллар гормони киритилади. Шунингдек, гормонлар ўрнини босувчи бошқа препаратлар ҳам циклик оғриққа сабаб бўлиши мумкин. Баъзи тинчлантирувчи, қон босимини туширувчи дорилар ҳам худди шундай таъсир кўрсатади.

Оғриқ қолдирувчи дорилар ёрдам бермаса, шифокор гормонларни чегараловчи махсус препаратларни тавсия этиши мумкин. Бундай препаратлар эстроген гормони микдорини камайтиришга ёрдам беради. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бундай дорилар бир қатор асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун у энг сўнгги чора сифатида қўлланади.

Ваҳимага ўрин йўқ!

Кўкрак оғрийвериши мастопатияга олиб келади, деган фикрларни кўп эшитамиз. Аммо ҳайзолди оғриқлар билан мастопатиянинг фарқи катта. Мастопатия, одатда, туғруқ ёшидаги аёлларда кузатилади. Тўғри, кам ҳолларда ўсмир қизлар ҳамда кекса аёлларда ҳам бу касаллик ривожланиши мумкин.

Хасталикнинг сабаби аниқ топилмаган бўлса-да, шифокорлар организмдаги гормонлар мувозанати бузилиши, асосан, эстроген ва прогестерон гормонлари ўртасидаги баланс меъёрида бўлмаслиги туфайли келиб чиқади, деб тахмин қилишади.

Стресс, руҳий зўриқиш, кучли хавотир, жинсий аъзолар касаллиги, эндокрин хасталиклар, узоқ вақт гормонал препаратлар билан даволаниш, баъзи жароҳатлар мастопатияга олиб келиши мумкин. Шунингдек, семириш билан кечадиган қандли диабетга учраган ҳамда она авлодида мастопатия касаллиги аниқланган аёллар бу касалликка мойил бўлишади. Фарзандсиз ва узоқ вақт жинсий алоқада бўлмаган аёлларга ҳам мастопатия хавф солиши мумкин.

Тиббий курик шарт, қачонки...

Ҳар бир аёл, кўкраги оғриса-оғримаса, уни ўзи мустақил текшириб туриши лозим. Бунинг учун бир қўл юқорига кўтарилиб, ўша қўл томондаги кўкрак пайпасланади. Қўлтиқости соҳаларини ҳам текшириш керак. Кўкрак ёки қўлтиқда қаттиқ нарса сезилса, маммолог ёки гинекологга мурожаат этиш лозим. Шунингдек, кўкракда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса-да, ҳайз кўриш тўхтагандан сўнг ҳам оғриқ босилмаса, шифокор маслаҳати сизга жуда зарур. Бундай муаммолар билан мутахассисга ҳайз циклининг 5—10 куни (ҳайз цикли ҳайз кўришнинг биринчи кунидан ҳисобланади) мурожаат этганингиз маъқул.

 

 

Орқага Чоп этиш