ru uz
Ҳомиладорлик 40 ҳафтадан ошиб кетса...

Узоқ кутилган 9 ой ҳам ўтди. Аммо кичкинтойингиз ҳануз сизни хурсанд қилишга шошмаяптими? Ҳомиладорликнинг 40-41 -ҳафтасидан кейин ҳар бир кун ойдек чўзилиши айни ҳақиқат. Бу даврда онадан талаб қилинадигани тинчланиш, аммо қандай? Бир томондан «Ҳалиям туғмадингизми?» қабилидаги саволлардан ноқулай бўлсангиз, шифокорларнинг йўлдош қариётгани ҳақидаги гаплари буткул хавотирга солади. Хўш, бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак? Тинчланиб, туғруқни кутишда давом этишми ёки шифокорларнинг тўлғоқ дардини чақириб олишига кўнишми?!

Муддатдан ўтиб кетаяпманми?

Меъёрдаги ҳомиладорлик охирги ҳайзнинг биринчи кунидан 40 ҳафта ёки ҳомиладор бўлган пайтдан 38 ҳафта ўтадиган даврни ўз ичига олади. Яна бу кўрсаткичга бир-икки ҳафта қўшамиз ёки аксинча, айирамиз. УТТ текшируви эса баъзан бир ҳафтага кўпроқ кўрсатиши мумкин. Агар ҳайз оралиғи 28 кундан ошса, ҳомиладорликнинг 40 ҳафталик муддатдан ошиши меъёрий ҳолат ҳисобланади. Лекин ҳайзи ҳар 25-28 кунда (бир ойга етмасдан) келадиган аёллар одатда, 36 ҳафтадаёқ туғади.

Агар ҳомиладорликнинг боши кучли токсикоз, аёлнинг грипп ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриши, асабийлик, беҳоллик, қон босимининг кескин кўтарилиб кетиши каби муаммолар билан кечса, ҳомиладорлик анча чўзилиб, аёл 40 ҳафтадан кейин туғиши мумкин. Лекин бу бола она қорнида муддатидан ортиқ қолиб кетди, дегани эмас. Ҳомила эрта босқичда онадаги муаммолар туфайли ўзига ололмаган қувватни шу бир-икки ҳафтада олади.

Наслда кеч туғадиганлар бўлса, бу авлодга ўтиши мумкин.

Туғдириб олинади, қачонки...

  • УТТда қоғаноқ сувларининг камайиши маълум бўлса. Бу ҳолат туғруқ жараёнини сустлаштиради;
  • бачадон бўйинчасининг етилмаганлиги — ҳомиладорлик муддатидан аниқ ўтиб кетаётганидан дарак беради;
  • боланинг юрак уриши секинлашса;
  • бола калла суягининг қаттиқлашиб қолгани;
  • қоғаноқ сувларида шилимшиқ суртма модда йўқлиги бола терисининг қуруқлашганидан дарак беради;
  • йўлдошнинг қариганлиги — УТТ текширувида аниқ кўриниб, ўсаётган бола эҳтиёжларини йўлдош қондира олмаётганидан дарак беради;
  • қоғаноқ сувларининг хиралашиши болага кислород етишмаётганини билдиради. Агар мазкур ҳолатлар текширув пайтида аниқланса, шифокор аёл ва унинг яқинларига туғдириб олиш муҳимлигини айтади.

Нега шундай бўлади?

Бу аёлнинг асаб тизимига боғлиқ. Бола иммунитетининг етук эмаслиги ҳам ушбу муаммога сабаб бўлиши мумкин. Агар она ҳомиладорлик даврида яхши овқатланмаса, таомномасида фойдали маҳсулотлар, дармондорилар қатнашмаса, ушбу давр асабийлик, оғир меҳнат ёки аксинча, ланжлик, камҳаракатлик шароитида кечса, туғруқ юзага келавермайди. Ахир она ҳам, у туғмоқчи бўлган бола ҳам инерт (ланж, беҳол) шароитга мослашиб бўлди. Дармондорилардан С, Р, Е, В ларнинг етишмаслиги, буқоқ касали, семизлик, абортлар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар ҳам сабабчи бўлишини унутманг.

Онанинг ўзига ҳам боғлиқ

Кўпчилик аёллар ҳомиладорликнинг илк босқичида бола тушиб қолмаслиги учун ўзларини аяшади. Бу ҳомиладорликда кор келса-да, туғруқнинг юз беришига тўсқинлик қилади. Шунинг учун шифокор ҳомиладорлик муддатидан ўтиб кетаётгани ҳақида УТТ белгиларига қараб хулоса чиқарса, узоқ пиёда юриш, гимнастика машқлари, сузиш, зинадан кўтарилиб-тушиш кабилардан фойдаланинг. Лекин оғир юк кўтарманг.

Турмуш ўртоғи билан зиддиятларга бораётган аёлларда туғруқ чўзилиб кетиши мумкин. Бунинг психологик сабаби бор. Шундай пайтда иккингизнинг дилдан суҳбатлашишингиз муаммони ҳал қилади. Аёл тинчланиб, туғишга тайёр бўлади.

 

 

Орқага Чоп этиш