ru uz
Ҳомиладорликда қўл – оёқ увишса...

“Бармоқларимни сезмаяпман”

Қўл – оёқ увишиши тиббиётда гипестезия, деб аталади. Бу ҳолат ҳомиладорликда кўп кузатилади ва одатий ҳол саналади. Бунда:

  • Қўл ёки оёқ сезгирлиги йўқолади;
  • Игна санчгандек ёки ачишгандек бўлади;
  • “чумоли юрган”дек бўлади;
  • Бўғимлар ҳаракати сустлашади.

Одатда, ҳомиладор аёл бармоқлар увишишидан шикоят қилади. Баъзан бундай безовталик кафтгача ўтиб, тобора юқорилайверади ва увишиш тез – тез ҳис қилинади. Кўп аёлларда гипестезия ҳомиладорликнинг 30 – ҳафтасидан сўнг юз беради.

Сабаби – камҳаракатликми?

Тез – тез кузатилаётган увишишдан ваҳимага тушманг. Шу билан бирга бу ҳолатни эътиборсиз қолдириб ҳам бўлмайди. Қўл – оёқларда “чумоли югуриши”, одатда, марказий асаб ёки қон – томир тизимидаги ўзгаришлар сабабли пайдо бўлади. Бундан ташқари:

  • Оёққа тушадиган босимнинг ортиши. Ҳомиладорлик даврида аёл вазни оғирлашади. Шу сабабли  умуртқа ва оёққа тушадиган босим ҳам ортади.
  • Камҳаракатлик. Ҳомила катталашиши билан харакатлар сустлашади,баъзан камаяди. Шунингдек бир ҳолатда узоқ ўтириш ҳам увишишни келтириб чиқаради.
  • Организмдаги туз – сув алмашинувининг бузилиши. Ҳомиладорлик даврида юз берадиган гормонал ўзгаришлар сабабли организмдаги турли алмашинув жараёнлари издан чиқади. Шу сабабли танада ортиқча сув йиғилиши мумкин. Бу эса қўл – оёқлар шиши, асаб толаси ёки қон томирлари сиқилишига сабаб бўлади.
  • Витамин ва минерал моддалар танқислиги. Айниқса, В гуруҳи витаминлари ҳамда калий ва магний етишмовчилиги асаб тизими салбий ўзгаришларга туртки бўлади.
  • Уйқу маҳали ноқулай ҳолатда ётиш бирор аъзонинг увишишига олиб келади. Гипестезияга баъзи хасталиклар ҳам сабаб бўлади. Масалан:
  • Остеохондроз ва артрит;
  • Бўғимлар шакли бузилиши (деформацияси);
  • Қандли диабет;
  • Буйрак касалликлари.

Иситиш муолажаларининг таъсири

Қўл – оёқ увишишида биринчи ёрдам – уқалаш. Шунингдек, иссиқ ванналар қабул қилиш мумкин. Эътибор беринг, сув илиқдан иссиқроқ бўлиши керак. Агар бу имконсиз бўлса, “уйқусираган” аъзони бошқа йўл билан иситишингиз мумкин. Мисол учун, фен ёки “грелка”, ёхуд шунчаки рўмол ўраб олиш билан ёқимсиз ҳолат бартараф этилади. Албатта, “қотиб қолган” қўл ёки оёқни енгил машқ билан ҳаракатлантириш ҳам ёрдам беради.

Увишиш тез – тез безовта қилса, бу ҳақда ҳомиладорликни назорат қилаётган шифокорга айтиш лозим. Керакли таҳлиллардан сўнг витаминли терапия тайинланади.

  • Олдини олиш мумкин!
  • Таомномага эътиборли бўлинг. Егуликлар таркибида темир моддаси бўлиши шарт. Шўр маҳсулотларни кўнглингиз тусаса ҳам уларнинг миқдорини камайтиришга тўғри келади. Негаки, шўр егуликлар организмда суюқлик йиғилишига сабаб бўлади.
  • Қўпроқ минерал сув ичинг. Одатда, кунига 2 литр сув ичиш тавсия этилади. Аммо ҳомиладор аёл саломатлигига кўра, бу миқдорни шифокор бошқача белгилаши мумкин. Бу даврда газланган ичимликлар ҳамда қаҳвадан тийилиш керак.
  • Вазнингизни назорат қилинг. Ҳомиладорлик даврида аёл вазни аста – секинлик билан ошиб бориши ҳамда белгиланган меъёрдан ошмаслиги керак. Шунингдек, ҳомиладор аёл қанча кўп овқатланса, бола шунчалик соғлом бўлади, деган гапга ишонманг!
  • Унутманг, ҳомиладорлик – касаллик эмас. Шундай экан, уй юмушларидан воз кечишга ҳожат йўқ. Ўзингизни эҳтиёт қилган ҳолда ҳаракатдан тўхтатманг. Жисмоний машғулотлар билан ҳам шуғулланишингиз мумкин. Масалан, йога, ҳомиладорлар учун мўлжалланган фитнес курсларга ёзилинг.
  • Узоқ вақт бир хил холатда бўлишдан қочинг. Масалан, ўтириб ишлаш (тўқиш, тикиш, компьютерда ишлаш ва ҳ.к.).
  • Оёқларни иссиқ сақланг. Захдан эхтиёт бўлинг.
  • Қулай кийим ва пойабзал кийинг. Айниқса, бўйин, бел, оёқ ва билакни сиқиб турувчи кийимлардан воз кечинг.
  • Ётганда елка ёстиқдан пастда туришига эътибор беринг.
  • Кўпгина хасталиклар асабийлашиш сабабли келиб чиқади. Шунинг учун асабларни асранг.

 

Орқага Чоп этиш