ru uz
Чамбарак айлантириш: қоматга фойда, соғлиққа зарарми?

Ярим асрдан ошиқ вақтдан буён аёллар хипчабел бўлиш умидида чамбараклар ёрдамига мурожаат қилиб келишмоқда. Кимгадир у фойда берса, бошқалар умуман бесамар, дея таърифлашади. Шифокорлар эса бир қарашда беозоргина кўринган восита саломатликка зиён етказиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Бугунги кунда чамбаракларнинг уқалайдиган, тишли, ичи қум билан тўлдирилган ва ҳатто, сарфлаётган калорияларингизни ҳисоблаб турадиган турларини ҳам учратишингиз мумкин. Хуш уларнинг қай бири афзал? Қарши кўрсатмалар ҳам борми? 

Oғир дегани, яхши дегани эмас  
Дўкон раcталарида 500 грамдан 3 килограммгача оғирликка эга чамбаракларни учратишингиз мумкин. Оғирроғининг натижаси самаралироқ бўлади, деган ўй билан танламаганингиз маъқул. Акс ҳолда танангизга зиён етказиб қўясиз. Яхшиси, 1-1,5 кг. оғирликдагисига диққат қилинг. Яна унинг баландлиги энг пастки қовурғангиз жойлашган нуқтага тўғри келса, нур устига аъло нур.

Қани бошладикми?
Тавсиямиз чамбаракни фақатгина бир томонга эмас, аввал соат йўналиши бўйлаб, кейин соат йўналишига қарши айлантиринг. Дугонангиз билан телефонда гаплашиш ёки севимли сериалингизни томоша қилиш давомида чамбаракни айлантиришни 5 дақиқадан бошлаб аста-секинлик билан 30 дақиқага етказсангиз, бир ой давомида белдаги ортиқча сантиметрлардан халос бўла оласиз. Яна бир муҳим қоидани эслатиб ўтишни истардик, машғулот давомида қўлларингизни кўтариб, бошнинг орқа томонида жипслаштиринг. Шунда тезроқ натижага эришасиз. Бу ишда энг  муҳими, эринчоқлик қилмасдан, мунтазам шуғулланишдир. Ҳисоб-китобларга кўра, ярим соат давомида чамбарак айлантирсангиз, худди шунча вақт югургандек қувват сарфлар экансиз.

Асосий эмас, қўшимча воситангизга айлансин
Айтиб ўтишимиз лозимки, ҳар қандай ҳолатда ҳам чамбарак¬лар фақат бел мушакларигагина таъсир кўрсатиб, уларни бироз таранглаштириш хусусиятига эга. Агар бутун организмдаги ортиқча сантиметрлардан халос бўлишни истасангиз, албатта, таомномангизга ўзгартириш киритишингиз ва спорт билан мунтазам шуғулланишингиз лозим. Чамбараклардан эса ёрдамчи восита сифатида фойдалансангиз бўлади. Чунки улар бевосита ёғларни эрита олмайди, шунчаки мунтазам айлантиришингиз ҳисобига белда тўпланган суюқликни ҳайдайди. Машғулотни тўхтатиб қўйсангиз, суюқлик яна тўпланиши мумкин. Шунинг учун ҳам чамбарак айлантириб, 5-6 килограмм ортиқча вазндан халос бўлишнинг имкони йўқ.


Эҳтиёт бўлинг, аёллар!
Айтишларича, оғирлик қанчалик юқори бўлса, натижа ҳам шунчалик сезиларли бўлармиш. Биз эса чамбаракнинг оғирлигига яраша сурункали бел оғриғини орттириб олишингиз эҳтимоли ҳам ортади, деймиз. Шунингдек, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги олти ой давомида ҳам чамбараклар ҳақида бутунлай унутинг. Яна ичи қум билан тўлдирилган, вазни 2 килограмдан ортиқ турлари буйрак, сийдик қопи ва бачадонни эзиб қўйишини инобатга олинг. Қолаверса, бел соҳасини моматалоқ қилиб, умуртқа поғонасига ҳам зиён етказади. Айниқса, умуртқалараро диск чурраси ва умуртқа поғонасида муаммолари мавжуд хонимлар озишнинг бошқа йўлларини излаганлари афзал.

Орқага Чоп этиш