ru uz
Йўлдош гематомаси қандай ташхис?

Шундай бўладики, ҳомиладорлик пайтида аёлни ҳеч нарса безовта қилмайди, таҳлиллар яхши, аҳволи дуруст. Аммо УТТ текширувида шифокор «гематома» номли номаълум ташхис билан уни эсанкиратиб қўяди. Маълумки, гематома деб шикаст, жароҳатдан кейинги тўқималарда қон йиғилишига айтилади. Шу ўринда савол туғилади: қон қаерда тўпланади. Гематоманинг ҳосил бўлишига сабаб нима? Энди нима қилиш керак?

Белгилари

Аёл жинсий аъзоларида баъзан санчувчи оғриқ сезади. Қиндан жигарсимон ажралма келади. Йўлдош кўчиши кучли бўлса, қиндан қон келиши мумкин.

Ҳаммасига яллиғланиш сабабчи

Ҳомиладор аёлнинг бачадон шиллиқ қавати кичик қон томирларининг зўриқишидан қонталаш ҳолатга келиб, атрофдаги юмшоқ тўқималарга тарқалади. Гематоманинг катта- кичиклиги ва келиб чиқиш сабабларига қараб, ҳомиладор аёл шифокор назоратига олинади. 90 фоиз ҳолатда ҳомила сақлаб қолинади.

Гематома юзага келишига қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин:

  • ҳомиладорлик пайтида ўзини асрамай, оғир жисмоний ишлар билан шуғулланиш, мисол учун оғир юк кўтариш, сакраш;
  • аввалги ҳомиладорликда аборт қилингани;
  • олдинги туғруқнинг асоратли ўтгани;
  • бачадон ички муолажалари;
  • кўп тугунли миома, эндометриоз касалликлари;
  • организм иммун тизимининг сусайиши;
  • шикастланиш ва жароҳатлар.

 Хавфи нимада?

Йўлдош гематомаси эрта босқичда ҳомила тушиши, туғруққа яқин жараёнда эса ҳомиланинг яхши ўсмай, боланинг кам вазнда туғилиб, ҳомиладорлик даврининг асоратли ўтишига сабаб бўлади.

Шифокор УТТ текшируви ва умумий қон таҳлилини буюради. Ҳомила муддатига қараб, унинг ҳолатига баҳо бериш мақсадида допплерометрия текшируви қўлланилади.

Таомномага аҳамият беринг

Овқатланишда кўпроқ сули, буғдой ёрмасидан тайёрланган бўтқалар истеъмол қилиш, шарбат ва сут ичиш фойдали. Бу вазиятда аёлни В гуруҳ витаминлари қўллаб туради. Бунинг учун тухум сариғи, балиқ, калла-поча, кўкатлардан исмалоқ, кашнич, ўстирилган буғдой, жигар, ерёнғоқ, парранда гўштини кўп истеъмол қилиши керак. Лекин ични қотирувчи нон ва пишириқлар, хамирли таомлар, аччиқ чой ва қаҳвани қабул қилмаган маъқул.

Давоси борми?

Бўлажак она шифокорнинг динамик (узлуксиз) назорати остида бўлиши керак. Аёл оғир жисмоний ҳаракатлар ва жинсий ҳаётни чегаралаши лозим. Тез ва енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотлар, мева, сабзавот ва кўкатли салатлар, майизни дамлаб кун давомида истеъмол қилиш фойдали. Даволашда гематомани сўрдирувчи дармондорилар, қон кетишини тўхтатувчи воситалар, йўлдош фаолиятини яхшиловчи, ҳомилани гипоксиядан асровчи, оғриқни қолдирувчи препаратлар қўлланилади.

Эслатма: йўлдош гематомасидз аёл ўз вақгида даволансагина, ушбу муаммо ижобий ҳал бўлади. Даволаниш - кун бўйи ҳаракатсиз ётиши керак, дегани эмас. Аксинча, кун давомида одатий уй юмушларини бажариш мумкин. Бу кераксиз чиқит моддаларнинг тезроқ организм- дан чиқиб кетишига ва гематоманинг сўрилишига хизмат қилади. Лекин оғир зўриқиш ва кескин ҳаракатлардан ўзингизни асрашингиз кераклигини унутманг.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш