ru uz
Тухумдон поликтози бепуштликни келтириб чиқарадими?

Аёлларга хос бўлган гормонал хасталиклар сирасига кирувчи поликистоз тухумдонларнинг меъёридан катталашиши ва уларда бир қанча майда кисталарнинг пайдо бўлиши билан изоҳланади. Кисталар, аслида, етилмаган тухумҳужайралар билан тўлган фолликулалардир. Мазкур жараён тухумдонларда андроген гормонларининг ҳаддан ортиқ микдорда ишлаб чиқарилиши натижасида юзага келади. Хавфли томони, хасталик ўз вақтида ва тўлиқ даволанмаса, кейинчалик бепуштликка олиб келиши мумкин. Хўш, поликистозни пайдо қилувчи омиллар қайсилар? Наҳот, гормонларни назорат қилишнинг имкони бўлмаса? Мавзу юзасидан батафсил суҳбатлашамиз.

Қизларда ҳам учрайдими?

Касаллик асосан туғиш ёшидаги аёлларда кузатилади. Бироқ унинг келиб чиқиши ўсмирлик давридан бошланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қизларда кўп учрайдиган ҳайз циклининг бузилиши поликистоз аломатларидан бири бўлиши мумкин. Аммо бу ҳолатга у қадар жиддий эътибор берилмагани боис кейинчалик хасталикнинг ривожланиши осон кечади.

Ўсмир ёшли қизингизнинг ой кунлари тартибсиз, оғриқли ва кўнгил айниши, қайт қилиш каби безовталиклар билан кечаётган бўлса, вақтни пайсалга солмай, болалар гинекологи ҳузурига олиб боринг!

Қандай турлари бор?

Тухумдон поликистози асосан икки турга ажратилади. 

Бирламчи кўриниши тартибсиз ҳайз цикли ҳамда тухумдонларнинг кескин катталашиши билан характерланади. 

polikistoz (2).png

Иккиламчи поликистоз эса гирсутизм, тана аъзоларини тук қоплаши (тукларнинг дағаллашиши, кўпайиши), ҳуснбузар тошиши, терининг ҳаддан зиёд ёғланиши билан ифодаланади. Касалликнинг бу турида фарзанд кўриш эҳтимоли пасаяди.

polikistoz3-600x337.jpg

Поликистоз тухумдонларнинг ҳар иккисида ёки улардан бирида юзага келади.

Аломатлари яширин бўлиши ҳам мумкин

Дастлабки босқичда тухумдон қатламида шаклланаётган кисталар яққол белги бермайди. Баъзан узоқ муддат поликистоз билан оғриганингизни билмай ҳам қолаверасиз. Агар организмингиз кичик ўзгаришларга ҳам таъсирчан бўлса, тухумдонда юзага келаётган кисталар, албатта, сезила бошлайди. Юқорида ҳайз циклининг ўзгариши тухумдон патологиясининг асосий белгиси, дея изоҳладик. Айрим ҳолларда бачадондан қон кетиши ҳам хасталик мавжудлигига ишора бўлиши мумкин.

Поликистоз билан оғриган аксарият аёлларда кескин вазн ортиши кузатилади. Тухумдонларнинг меъёридан катталашиши тос аъзосига зўриқиш бериб, оғриқни пайдо қилади.

Ўттиз-ўттиз беш кунлик танаффус билан ҳайз кечикиши содир бўлса ёки бир ойда икки-уч маротаба ой кўрсангиз, шифокор кўригини кечиктирманг. Айниқса, ҳомиладорликни режалаштираётганлар вазиятга жиддий қарашлари лозим.

Инфекцион касалликлар билан оғримаганмисиз?

Ҳамма айбни гормонларнинг «елка»сига ағдарганимиз билан мувозанатнинг бузилиши ички аъзолар ишидаги носозликларга бориб тақалади. Бундан ташқари, болаликда инфекцион хасталиклар билан тез-тез касалланиш, кучли стресс ва руҳий жароҳатлар ҳам поликистозни келтириб чиқарувчи омиллар ҳисобланади. Қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, гипофиз, гипоталамус, буйрак усти безидаги ўзгаришлар тўғридан-тўғри тухумдонларга таъсир кўрсатади. Шу ўринда наслий мойиллик эҳтимолини ҳам айтиб ўтиш даркор. Агар оила аъзоларингиздаги аёлларда (яқин қариндошларда) семизлик, қандли диабет касалликлари мавжуд бўлса, вақти-вақти билан гинеколог-шифокор кўригидан ўтиб туринг. Қонда инсулин миқдорини ўлчаб бориш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Тадқиқотларга кўра, инсулин кўрсаткичининг ўзгариши тухумдонларга асорат бериши мумкин экан.

Муаммо аниқ, энди-чи?

Касаллик аломати оғриқ билан ифодаланса, бемор шикоятлари ўрганилиб, УТТ ўтказилади. Ҳеч қандай безовталик мавжуд бўлмаганида ҳам ультратовушли тахлил хулосаси тухумдонлар ҳолатидан воқиф этиши мумкин. УТТ тасвири тухумдонларнинг қай даражада катталашгани, кисталар микдори ва жойлашувини аниқ кўрсатиб беради. Шифокор гормонлар таҳлили ҳамда лапароскопия амалиётини белгилаши ҳам мумкин. Организмнинг метаболик ҳолатини баҳолашда яна бир қанча синалмалар бажарилади.

Ҳомиладорликда аниқланса, нима бўлади?

Умуман олганда, поликистоз ташхиси ҳомиладорликнинг юзага келишига тўсқинлик қилади. Борди-ю,
касаллик бирламчи босқичда бўлиб, аёлда ҳомиладорлик вужудга келган бўлса, ҳомила тушиши хавфини камайтириш, туғма ривожланиш нуқсонларининг олдини олиш учун шифокор томонидан керакли муолажа тайинланади. Аёл туғруққа қадар мутахассис назоратида бўлиши лозим.

Олдини олиш мумкин, қачонки...

Афсуски, поликистоздан ҳимояловчи аниқ чоралар мавжуд эмас. Бироқ муолажадан сўнг соғлом турмуш тарзини юритиш, тўғри овқатланиш ва вазнни меъёрда сақлаш орқали касаллик қайталанишининг олдини олиш мумкин. Шунингдек, йилига бир марта тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтиш, сут безлари ва тухумдонлар ҳолатини баҳолаш бўйича тиббий текширувларга мурожаат этишни ҳам канда қилманг. Гормонал препаратларни эса фақат шифокор кўрсатмаси билан қабул қилинг.

Ҳайз циклининг давомийлигини назорат қилишда тақвимдан фойдаланганингиз маъқул. Қолаверса, бугунги кунда электрон тақвимлар оммалашган. Телефонингизга ўрнатиб олсангиз кифоя.

«Муолажа қилсам, соғаяманми?»

Поликистоз хасталигининг давоси узоқ вақтни талаб қилиши мумкин. Одатда, тухумдонларнинг ўлчами ва кисталар миқдоридан келиб чиқиб, консерватив (дори-дармонлар) ёхуд оператив муолажа турлари ўтказилади.

Консерватив амалиёт танланганида ҳайз циклини тартибга келтирувчи ва овуляцияни стимуллаштирувчи препаратлар қўлланилади. Шунингдек, вазнни камайтириш учун жисмоний машқлар, пиёда юриш, сузиш машғулотлари ва тўғри овқатланиш тавсия этилади.

Қўзиқорин, хом сабзавотлар, олма, узум, маймунжон, ўрик, ёғсиз сут-қатиқ метаболизмни яхшилашда асқатади. Картошка, оқ ундан тайёрланган нон ва пишириқлар, банан, тарвуз ва мева шарбатларини эса бир муддат истеъмол қилмай турганингиз маъқул. Тана вазни меъёрга кела бошласа, артериал қон босими ҳам пастлайди, ўз навбатида моддалар алмашинуви фаоллашади.

Поликистоз оқибатида келиб чикқан тери тошмалари, тукланиш кабилар шифокор томонидан буюрилган қўшимча дори воситалари ёрдамида бартараф этилади. Асосийси, муолажа вақтида бошқа ҳамроҳ  касалликларни орттириб олмаслик, мисол учун, шамолламаслик муҳим ҳисобланади.

Консерватив даво чоралари натижа бермаганида жарроҳлик амалиётининг икки турига мурожаат қилиниши мумкин. Булар хасталанган тухумдоннинг бир қисмини олиб ташлаш орқали овуляцияни тиклашга эришиш ёки лапароскопия усули. Шифокорлар лапароскопия амалиётида чандиқ ҳосил бўлиши эҳтимоли нисбатан камроқ эканлигини таъкидлаб, кўпинча айнан мана шу муолажа турини тавсия этишади.

Асоратлари...

Касалликни оёқда ўтказиш аёлларимиз учун одатий ҳолатлардан бири, аммо поликистоз билан бундай қилиш ярамайди. Прогестерон гормонининг танқислиги эвазига ҳайз вақти бачадон ички қатлами ажралмайди. Натижада, ички қатламнинг ўсиши юз беради ва бу жараён токи ўсимта ҳужайраларининг юзага келгунига қадар давом этиши мумкин. Узоқ муддат овуляциянинг юз бермаслиги бепуштликка олиб келишини биласиз, қолаверса, поликистозга эътиборсизлик бачадондан қон кетиши (камқонлик), сут безлари патологиясини ҳам келтириб чиқаради.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш