ru uz
Оёқ томирининг тортишиши, ҳаммасига дорилар айбдор!

Кутилмаганда, кескин, оғриқли, ёкимсиз ва хавфли! Оёқ томирининг тортишишини айнан шундай изохлаш мумкин. Безовталик кундузи ва кўп ҳолларда тунда юз бериб, ички касалликлар ҳамда ташҳи омиллар сабаб келиб чикувчи психологик ўзгаришлар асорати ҳисобланади. Томир тортишиши, ҳатто, кичик ёшдаги болалар орасида учраши ҳам мумкин. Гарчи кам фоизни ташкил этса-да, муаммони инкор этолмаймиз. Бироқ бугун болалардаги томир тортишиши ҳақида тўхтамоқчи эмасмиз, диққат марказимизда катталардаги кўриниши!

Дармондорилар етишмаётганидан дарак эмасми?

Яқиндагина тиббий текширувлардан ўтган бўлишингизга қарамай, томир тортишиши сизга ҳам хавф солиши мумкин.

Муаммонинг бу тариқа юзага келиши мушаклар зўриқишига сабабдир. Шунингдек, организмда минерал моддалар, калий, кальций, магний, Е, D, А ва В гуруҳи витаминлари танқислиги мавжудлиги боис ҳам оёқ томирларида спазм пайдо бўлади.

Томир тортишиши бир ёки бир қанча мушаклар зўриқиши билан кечади. Шуниси қизиқки, безовталик нафақат оёқнинг болдир соҳасида, балки қорин ва қўл мушакларида ҳам учраши мумкин. Мутахассислар, томир тортишишини асаб зўриқиши, камҳаракатлилик, мунтазам ўтириб ишлаш, узоқ муддат тик оёқда туриш ёки сувда сузиш, организмнинг сувсизланиши ва турли хил касалликлар билан боғлашади.

Аҳамият берган бўлсангиз, тана ҳарорати кўтарилганида оёқ-қўлларда енгил титроқ юзага келади. Термометр кўрсаткичлари +39...+40 даражага етганида эса оёқ ва қўл томирларида тортишиш келиб чиқиши мумкин. Бунга касаллик қўзғатувчи микробларнинг «қўли баланд» келгани сабаб ҳисобланади. Негаки, иситма туширувчи препарат қабул қилингач, мушаклар аста бўшашади.

Диққат, инфекциялар!

Томир тортишишининг икки хил кўриниши фарқланади. Биринчиси, кескин ва қисқа фурсат давом этиб, тиббиётда клоник томир тортишиши, дейилади. Иккинчиси эса бунинг акси, безовталик дабдудустдан бошланса-да, спазм бир неча дақиқаларга чўзилиши мумкин. Шифокорлар бу ҳолатни томир тортишишининг тоник тури, дея таснифлайдилар.

Ҳар иккала ҳолатнинг келиб чиқиши, инфекцион касалликлар, маҳсулотлар (дори воситалари)дан заҳарланиш, бош мия жароҳатлари, невроз, моддалар алмашинувининг бузилиши, юрак ва қон хасталикларига боғлиқ. Агар безовталик тез-тез қайталанса ва оёқ мушакларига асорат берса, албатта, шифокорга мурожаат этинг.

Иссиқ мавсумда тер ажралишининг ортиши туфайли организм сувсизланади. Қувватсизлик умумий чарчоқни пайдо қилса, тана оғирлиги оёқ мушакларига юк бўлиши мумкин. Англаганингиздек, бу томирларда спазмни келтириб чиқаради. Гипертония муолажасида қўлланиладиган пешоб ажралишини фаоллаштирувчи препаратлар эса муҳим микроэлементларнинг организмдан чиқиб кетишига олиб келади. Натижада томир қисқариши ва нерв импульси мароми бузилади. «Томир тортишадими кейин» дер сиз? Ҳа, худди шундай бўлади.

Асабийлашманг, зарари бор-а...

Бирор воқеа-ҳодисадан қаттиқ таъсирландингиз, майлига у ҳайратланиш, қувониш ёхуд ваҳима бўлсин, қонда адреналин миқдорининг ортиши нафас олиш маромининг тезлашишига олиб келади. Организмга кислород келиб тушиши ўзгаргач, карбонат ангидрид даражаси ҳам пасаяди ва оёқ томирида спазм келиб чиқади.

Бавосилдан эҳтиёт бўлинг

Агар сизни қабзият, йўғон ичакда ташқи ва ички ёриқлар, бавосил тугунлари безовта қилса, дарҳол чорасини кўринг. Нега деганда айнан ичаклар билан боғлиқ муаммолар оёқ томирларига асорат беради.

Ич қотиши келиб чиққанида йўғон ичакни бўшатиш учун кучанасиз. Қориннинг пастки соҳасига босим
берилса-да, унинг маълум қисми оёқ қон томирларини шикастлайди. Томир тортишиши, қабзият, тана қисмларида кўкариш аломатлари билан кузатилса, таомномада қовоқ уруғи, ёнғоқлар, соя, ясмиқ дони, помидор, булғор қалампири, лимон, қорағат, мол жигари, кўкатлар, карам, барра мева-сабзавотлар бўлишига аҳамият беринг.

Уйқу маҳал оёқ томирининг тортишиши жиддий безовталикни келтириб чиқариши рост. Ҳатто бир маротаба ушбу ҳолат билан рўбарў келган бўлсангиз-да, ухлашга ётишдан олдин қуйидаги маслаҳатларни ёдга олинг:

  • болдир мушакларини бўшаштириш учун оёқларингизни кичик курси устига қўйиб, 10-15 дақиқа тин олинг;
  • тик турган ҳолатда оёқларингизни бирлаштиринг. Қўллар белда. Аввал ҳар иккала оёқ учи ва товон қисмини юқорига кўтариб-туширинг. Сўнг машқ ҳар бир оёқда алоҳида тартибда бажарилади.

Маймоқлик ҳам сабаб

Оёқ кафти деформацияси болдир ва товон суягини бирлаштириб турувчи бўғимда қийшиқликни пайдо қилади. Шунга мос тарзда пойабзал шакли ҳам ўзгаради. Кун давомида ана шу ҳолатда бўлиш болдир мушакларига зўриқиш бериши мумкин. Тиббиётда мазкур ҳодиса маймоқлик асоратида келиб чиқувчи томир тортишиши, деб юритилса-да, муаммонинг чораси бор! Ҳар замон оёққа дам бериб, ортопедик пойабзалдан фойдаланиш зарур. Қон томирлар мустаҳкамлиги учун мўлжалланган гимнастика ҳам фойдадан холи эмас.

Барча мушаклар бараварига зўриқса...

Ниҳоятда хавфли ҳолат! Бунда танадаги барча мушаклар бир вақтнинг ўзида тортишиб, ҳушидан кетиш ҳолатини келтириб чиқаради. Ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилмаса, оқибати фожиали якун топиши ҳам ҳеч гап эмас.

Муолажа қилинадими?

Аввалига терапевт-шифокор кўригидан ўтинг. Шикоятларингиздан келиб чиқиб, эндокринолог, кардиолог, нефролог ва невролог мутахассислар кўриги тавсия этилади. Безовталик сабаби соматик патологиялар билан боғлиқ бўлса, тўғри танланган даво чоралари тез фурсатда муаммодан фориғ этади. Мабодо томир тортишиши жиддий хасталиклар белгиси сифатида аниқланса, ташхисдан келиб чиққан ҳолда муолажа қилинади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам:

  • тўғри таомланинг. Мева-сабзавотлар, денгиз маҳсулотлари, сариёғни канда қилманг;
  • зарарли одатлардан воз кечинг. Тамаки чекиш қон томирларни қаритади!
  • жисмоний машқларни канда қилманг. Ҳар куни эрталаб енгил бадантарбия билан шуғулланиш қон айланишини яхшилайди, биласиз-а?
  • узоқ давом этган иш кунидан сўнг оёқларингизни денгиз тузи қўшилган ванна билан сийланг;
  • қулай пойабзалдан фойдаланинг;
  • варикоз билан хасталанган бўлсангиз, махсус пайпоқлар ёки эластик бинт ёрдамида оёқларга дам беришни унутманг.

Биринчи ёрдам

Баъзилар оёқ томирида спазм юзага келаётганини олдиндан ҳис эта билишади. Сиз ҳам улар сафида бўлсангиз, оғриқ қўзғалаётганини сезган заҳотингиз оёқ мушакларини бўшаштиринг. Шунда ҳам томир тортишиши келиб чиқса, ўтирган ҳолатда оёқ учини ўзингизга қаратиб, 2—3 дақиқа ушлаб туринг. Безовталик ўтиб кетмадими? Ўрнингиздан туринг-да, аста ҳаракатланинг. Иложи бўлса, оёқяланг полда юринг. Ҳали ҳам оғрияптими? У ҳолда кескин чораларга ўтамиз!

  • Оёққа қиздирувчи таъсирга эга суртма суртиб, уқаланг;
  • томир устига аста игна санчиб олинг;
  • Безовталик ўтиб кетгач, 5—8 дақиқа оёқларни юқорига кўтариб ётинг. Бу оёқда қон айланишини яхшилайди ва такрорий спазм келиб чиқиш хавфининг олди олинади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш