ru uz
Ҳомиладорликда буйрак оғриғи

Ҳомиладорлик даврида барча аъзолар икки карра кўпроқ ишлашга мажбур. Айниқса, буйраклар қонни кераксиз моддалардан тозалашга улгурмаслиги мумкин. Бу ҳолатда бирор ташқи омил - шамоллаш, совқотиш, ҳатто, чарчоқ ҳам бирданига буйраклар билан муаммо келтириб чиқариши ҳеч гапмас. Ҳомиладор аёлда пешоб ажратиш билан муаммо пайдо бўлса, нималар қилиш керак?

Иштаҳангиз бўлмаса, урологга боринг

Гап шундаки, буйрак касаллиги анча пайтгача ўзини билдирмайди. Онда-сонда бош оғриғи, иштаҳасизлик, кўнгил айниши мумкин. Бу белгига ҳам эътибор бермасангиз, ҳожатга аввалгидан кўп қатнаш бошланади. Пешоб ажратиш пайтида сийдик йўлларида ачишиш, бел, қорин пастида оғирлик сезилади. Шу пайтда қон босимингиз кўтарилиб, кўриш қобилиятингиз ҳам пасайса, билингки, буйраклар фаолиятида муаммо бор. Бу белгилар кузатилса, вақтни бой бермай, тегишли таҳлилларни топшириш керак.

Пиелонефрит бўлмасин

Кўпчилик ҳомиладорларда пиелонефрит касаллиги кузатилади. Безовталик ўз вақтида даволаниши шарт, чунки белдаги оғриқ аёлни анча қийнаб қўйиши, тана ҳароратини кўтариб, ҳомила тушишига сабаб бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда хасталик иммунитет тушиши оқибатида бошланади.

Гломерулонефрит хавфли!

Ушбу патология ангина, грипп каби юқумли касалликларнинг асорати ҳисобланади. Аёлнинг қон босими ошади, юзи, қўл-оёқлари шишади, бели оғрийди. Буйрак касалликларнинг бари йўлдош кўчишига олиб келади. Бу жуда хавфли.
Даволашда сийдик ҳайдовчи воситалар, тузланган, дудланган, ёғли овқатни камайтириб, қовоқ, тарвуз, қовун, қизил тусли мевалар, анор, шотут, қизил олма, наъматак, дала қирқбўғими, маккажўхори попуги, қўрда пишган картошка, шивит, петрушка, сули, узум билан дўстлашсангиз, буйраклар тозаланиб, касаллик чекинади.
Ҳомила катталашган сари.

Ҳомиладорликнинг 34-35 ҳафталарида бачадон ўсиши ҳисобига ҳам аёлнинг бели симиллаб оғриши мумкин. Бу нормал ҳолат бўлсада, аёл учун кўпроқ дам олиш кераклиги ҳақида илк даракчи ҳисобланади. Белдаги оғриқни тўхтатиш учун эмаклаб туриш керак. Бу ҳолатда буйраклар яхши ишлаб, сийдикда қум йиғилишининг олди олинади.

Сийдик тутолмаслик

Бу муаммо кетма-кет ҳомиладор бўлган, тез-тез шамоллайдиган, тишлари кариес билан оғриган, асабий, буқоғи бор аёллар учун янгилик эмас. Ҳомила нотўғри жойлашуви оқибатида, қон босимининг кўтарилиши ёки қон-томир соҳасида бирор касаллик бўлса, сийдик тутолмаслик кузатилиши мумкин.
Одатда, пешоб тутолмаслик эрталаб безовта қилади. Бу ҳолатда суюқлик ичишда давом этиб, махсус бандаж тақиш, кўпроқ дам олиш ва шу орқали сийдик қопига бўлган зўриқишни камайтириш мумкин.
Сийдик тутолмаслик буйракда кечаётган инфекциялардан далолат. Шунинг учун бу ҳақда тезроқ шифокорни огоҳлантириш лозим.

Давоси қандай?

Ҳамма ишларни йиғиштириб 5 кун давомида ётиб дам олинг. Шунингдек:

  1. Оғримаётган ёнбошда ётинг. Айнан шу ҳолатда буйракдаги яллиғланиш тезлик билан даволанади.
  2. Кун давомида сабзи ёки шотут шарбатини ичишни канда қилманг, шунда буйраклар инфекциядан тозаланиб, белдаги оғриқ, сийдик тутолмаслик, сийдик йўлларидаги ачишиш ҳиссидан тезроқ қутуласиз.
  3. Ловия пўстини қайнатиб, кун давомида чой ўрнига ичиш ҳам буйракдаги муаммоларда анча асқатади.
  4. Ҳар куни 2 литр миқдорида тоза ичимлик суви (бу оддий қайнатилган сувга озроқ лимон ва новвот қўшиб) ичиш керак.
  5. Кичик ҳожатга борилса ҳам, дарров жинсий аъзоларни илиқ
    совунли сувда ювиш, ички кийимни ҳар куни алмаштириш лозим.
  6.  Бактерия, замбуруғлардан ҳимояланиш мақсадида сийдик ва қон таҳлилларини ҳар ой топшириб, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилинг.

 

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш