ru uz
Нозик аъзо дисбактериози юқумлими?

Аёллар орасида кенг тарқалган касалликлардан бири, бу - бактериал вагиноз, яъни қин дисбактериозидир. Қин микрофлораси табиий экотизимни ташкил этади. Унинг асосий ҳимоячиси - лактобациллар ҳисобланади. Лактобацилл гликоген моддасини қайта ишлаб чиқариш эвазига қин кислоталилик муҳитини заифлаштиради. Бундан ташқари, у водород пероксидини ҳам ҳосил қилади. Қиннинг меъёрдаги кислоталилик муҳити ҳамда водород пероксиди бир бўлиб патоген микроблар «ҳужуми»ни бартараф этади ва шунинг ҳисобига қиндан ўтувчи инфекция ва микроблар бачадонга йўл тополмайди. Хўш, муаммони келтириб чиқарувчи омил нима? Ахир ўзгаришлар ўз-ўзидан содир бўлавермайди...

Жинсий йўл орқали юқадими?

Бактериал вагиноз венерик ка­саллик эмас, аммо яқинлик вақтида юқиши мумкин. Аҳамият берган бўлсангиз, биз «мумкин» деяпмиз, бундан чиқди аёлда аниқланган касаллик унинг турмуш ўртоғига хавф солмаслиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар эркакнинг иммун тизими мустаҳкам бўлса ва унда замбуруғли касалликлар, мисол учун, стоматитга мойиллик кузатилмаса, албатта.

Бактериал вагиноз ташхиси тасдиқландими, то муолажа якунига етмагунича жин­сий яқинликдан сақланиш лозим.

Мувозанат ўзгардими, сабаб?

Касаллик қўзғатувчи бактериялар деярли барча аёлларда бор. Аммо унинг намоён бўлиши лакобацилл ҳамда патоген микроорганизмлар мувозанатининг бузилиши натижасида келиб чиқади. Лактобацилл камаяди, патоген микроблар эса аксинча, ортади. Бунинг сабаби:

  • тезтез қинни чайиш;
  • контрацеп­тив воситалар;
  • антибиотик дори препаратларининг реакцияси;
  • гигиена қоидасига риоя этмаслик, ички кийимни озода тутмаслик, дазмол босилмаслиги;
  • кунлик тагликлардан нотўғри фойдаланиш.

Тиббиёт нокчаси ёрдамида қинни чайиш мум­кин, агар шифокор кўрсатмаси бўлса, албатта. Профилактика мақсадида эса ҳафтасига бир марта кифоя. Мунтазам ва нотўғри (қайнатилмаган сув билан) бажарилганида эса лак­тобацилл ювилиб кетади, пато­ген микроблар, айниқса, Gardnerella vaginalis кўпайишни бошлайди.

Эркаклар учун хавфлими?

Бактерия­лар турмуш ўртоғингизнинг саломатлигига соя солмайди. Агар даволовчи шифокор эр-хотин биргаликда даволанинг деса, айтганидек қилинг. Баъзан нистатин туркумига мансуб преператлардан бир донасини қабул қилиш эркак учун етарли ҳисобланади.

Симптомлари сезилмай қолмайди!

Касалликнинг бошланғич даврида қинда ачи­шиш, қизариш кузатилса, кейинги ҳолатда қин ишқорли Ph муҳитининг ўзгариши ёқимсиз ҳидни пайдо қилади (эркак спермаси ҳидини эслатувчи, аммо ундан ўткирроқ). Ажралма миқдори ортмайди, сарғимтир, оч жигарранг-оқиш тусда бўлади.

Ички кийимда из қолмаслиги кўпинча чалғитади.

Асоратлари бор дейсизми, қайсилар?

Бактериал вагиноз бачадон ва унинг ортиқлари яллигланишини келтириб чиқаради. Фарзанд кутаётган аёлларда ҳомиладорликнинг оғир кечиши, муддатдан аввалги туғруқ ва туғруқ жараёнида айрим муаммоларни пайдо қилиши мумкин.

Узоқ даволаниладими?

Бактериал вагиноз ажралма ҳидланишидан аёнлик берса-да, қиндан суртма олиниб, лабо­ратория шароитида ўрганилади. Сўнг касаллик даражаси ва бактериялар миқдорига кўра, ан­тибиотик ва нистатин гуруҳига мансуб препаратлар, шамчалар буюрилади. Асосий муолажа 3—7 кунни ташкил қилиши мумкин. Қайта кўрик муолажа якунига етгач, бир ҳафта ўтиб ўтказилади. Тиббий таҳлил ҳеч қандай муаммони кўрсатмаса, профилактика чораларига эътибор қаратиш керак, ҳолос.

Бактериал вагиноз бир умрлик ташҳис эмас, аммо вақти-вақти билан йўқпаб туриши мумкин, агар эҳтиётингизни қилмасангиз.

Пала-партиш жинсий ҳаёт тарзини олиб борманг, шахсий гигиена қоидаларига қатьий амал қилинг, эринманг. Ёшингиз 35 дан ошган бўлса, дори препаратлари билан ўйлаб муомала қилинг. Турли ҳил чайиниш воситаларига эса чалғиманг. Фақат дорихонадан харид қилингани ва таркибида спирт мавжуд бўлмаганларини танланг.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш