ru uz
Лямблиоз

Лямблиоз - болалар ва катталар орасида кенг тарқалган протозой-инфекцион касаллик бўлиб, клиник меъда-ичак тракти ва гепатобилиар тизим аъзолари яллиғланиш белгилари билан тавсифланади.

Лямблиоз кўзгатувчиси-Lamblia intestinalis (Giardia lamblia) 1681 й Левенгук томонидан топилган, биринчи марта касаллар нажасидан 1859 йилда олим Д.Ф. Лямбль томонидан аниқланганлиги учун унинг номи билан аталган. Ҳозирги пайтда L. Intestinalis дан ташқари L. muris  ва L.Agilis турлари қайд этилган. L. intestinalis нинг 7 подтипи аниқланган.

Этиологияси. Вегетатив шакли ноксимон формада бўлиб, ён томонидан кўрилганда қўштирноққа ўхшайди. Вегетатив шаклининг узунлиги 9-18мкм, эни-5- 10мкм келади. Танасининг олдинги қисмидаги вентрал томонида сўрувчи диск бўлиб, у бўртиб туради. Шу бўртиб турган қисми билан ингичка ичак шиллик каватига кириб олади ва ичак юзасида сакланиб туради. Ҳар бир трофозойда 4 жуфт хивчинлари бўлади. Хивчинлар ёрдамида улар ҳаракатланади.

Лямблийнинг цисталари овал шаклда, рангсиз, узунлиги 10-14мкм, эни 6-10мкм, юзаси 2 контурли қаттиқ парда билан қопланган. Люголь эритмаси билан ишлов берилган препаратларда етилмаган цисталарда 2та, етилган цисталарда 4та ядро ва бошка структурали элементлар кўринади. Цисталар 10-15 минутдан кейин лямблийнинг вегетатив шаклларига айланади.

Лямблийнинг вегетатив шакллари ташқи муҳит шароитига чидамсиз ва 5-10 минутдан кейин ҳалок бўлади. Цисталари чидамли бўлади. Хона харорати 3-5 кундан 2 ҳафтагача сақланади, тупрокда -60 кун, сувда 35-80 кунгача сақланади. Қуритилганда ва юқори ҳароратда ҳалок бўлади. 70Сда-30-40 секунд, қуритилганда-1-2 минут, қайнатилганда ўша заҳотиёқ ўлади. Хлорамин ва бошқа хлор сақловчи дезинфекция воситалари лямблий цисталарига таъсир килмайди.

Лямблиоз билан зарарланган одамга ташқи муҳитга кўп микдорда лямблий цисталари ажралади. Жумладан, боланинг 1гр нажасидан 241.800 та, катталарда эса 12 млн гача (суткасида 18 млрд дан ортиқ) цисталар чиқади. Цисталар организмдан узлуксиз ва узлукли чиқиши мумкин. Илмий адабиётдаги маълумотларга кўра, зарарланган одамнинг 4,7% ида доимий, 95% ида даврий тарзда циста ажралиши кузатилади

Эпидемиологияси 

*Фекал орал механизм *Сув оркали *Алиментар йул билан *Маиший мулокот оркали Лямблиоз маиший-мулоқот  йўли ва сув орқали тарқалади. Ифлосланган пуллар, уй жиҳозлари, болалар ўйинчоклари, мева ва сабзавотлар таркалиш омили ҳисобланади. Маиший-мулокот йўли оркали таркалишида катталар орасида лямблиоз инвазиясининг спорадик ҳоллари келиб чикади, ҳатто оилавий ўчоқлар пайдо бўлади. Болалар боғчаларида маиший-мулоқот йўли билан тарқалишида санитар- гигиеник режимни ҳисобга олганда, 18-20%дан 60-75%гача касаллик учрайди. Сув орқали тарқалишида лямблиознинг эпидемиялари юзага келади. АҚШ да 1965 й. 23та лямблиоз эпидемиялар бўлган ва бунда 7009 нафар одам зарарланган (ВОЗ, 1983).

Классификацияси

А) Лямблиоз ташиб юрувчилар (соғлом);

Б) Лямблиознинг ичак шакли:

а) субклиник лямблиоз;

б) 12 бармоқли ичакнинг лямблиозли дискинезияси;                

в) лямблиозли дуоденит;

г) ингичка ичакнинг лямблиозли дискинезияси;

д) лямблиозли энтерит;

е) лямблиозли энтероколит;

В) Лямблиоз билиар шакли:

а) ўт чиқариш йўллари дискинезияси; б) ўткир холецистит; в) сурункали холецистит; г) сурункали холангиогепатит;

Г) Асоратлари:

а) ошқозон томонидан бўладиган функционал бузилишлар; б ) гастрит; в) ошқозон ости бези томонидан бўладиган функционал бузилишлар; е) панкреатит.

Д) Лямблиоз қўшилиб келган касаллик сифатида (микстинфекция).

Клиникаси

Лямблиоз ташиб юрувчиларга (соғлом) қисқа вақт (1-2 хафта) лямблийларнинг ингичка ичакнинг юқори қисмида туриши киради. Бунда ҳеч қандай функционал бузилишлар, иммунологик ўзгаришлар кузатилмайди. Бемор ўзини яхши ҳис қилади. Бу ҳол паразитликнинг компенсацион шакли дейилади ва даво ланишни талаб қилмайди.

Субклиник лямблиоз- функционал бузилишлар, иммунологик ўзгаришларнинг бўлиши, касалликда яққол симптоматиканинг намоён бўлмаслиги ва бемор ўзини яхши ҳис қилиши билан характерланади. Функционал бузилишлар жумласига ингичка ичакда углеводлар, ёғлар, айрим витамин (А,В12,С) нинг сўрилишнинг бузилиши киради. Иммунологик ўзгаришларга периферик қонда Т-лимфоцитларнинг пасайиши, зардобда Т-лимфоцитлар сонининг, лямблиоз антигени билан қон зардобини иммунофлюоресцент, иммунофермент, радиоиммун методлар ёрдамида текширганда ижобий натижа бериши киради. Беморнинг дуоденал суюқлигида С-реактив оқсил топилади. Эндоскопия, аспирацион биопсия ва биоптатларни гис тологик текширганда юза дуоденит ва еюнитга характерли ўзгаришлар топилади.

12 бармоқли ичак лямблиозли дискинезияси-беморларни симилловчи оғриқлар ва эпигастрал соҳасида нохуш сезгилар безовта қилади. Қулдирашлар қориннинг юқори қисмида бўлади. Пайпаслаганда эпигастрияда доимий бўлмаган оғриқ аниқланади. Рентгенологик текширишда кўп беморларда 12 бармоқли ичак тонус ва моторикасининг бузилишлари қайд қилинади. Эндоскопияда дуоденал рефлюкс аниқланади.

Лямблиозли дуоденит- юқоридаги симптомлар ва доимий, бир оз кучли эпигастриядаги оғриқга хос. Оғриқлар симилловчи характерда бўлиб, асосан кечаси, кўпроқ эрталабга яқин вақтда беморларни безовта қилади. Беморларда ошқозон секретор функциясининг пасайганлиги аниқланади. Рентгенологик текширганда 12 бармоқли ичак тонуси ва моторикасининг бузилиши билан бирга унинг шиллиқ каватининг рельефи ўзгарган бўлади. Эндоскопияда визуал, биопатларни гистологик текширганда 12 бармоқли ичак шиллиқ қаватининг чуқур диффуз ўзгаришлари ва атрофияси аниқланади. Кўпинча дуоденал рефлюкс регистрация килинади.

Ингичка ичакнинг лямблиозли дискинезиясида - метеоризм, қориннинг ҳар хил қисмларида оғриқларнинг борлиги, қулдираш бўлади. Суткада 1-2 марта бўтқасимон нажас аниқланади. Рентгенда ингичка ичак тонуснинг бузилиши, барий пассажининг тезлашиши кузатилади. Лямблиознинг бу шакли дуоденит симптоматикаси ва юқоридаги функционал ўзгаришларбилан тавсифланади.

Лямблиозли энтеритда -қулдираш, метеоризм ва қориндаги оғриқлардан ташқари диарея ривожланади. Нажас суюқ, кўп миқдорда, сувли ва кўпикли, патологик аралашмасиз, ҳиди одатдагидек, суткада 2-3 мартадан 4-5 мартагача бўлади. Копроцитограммада лямблийнинг вегетатив шакллари топилади, шаклланган нажасда цисталар бўлади. Беморда умумий ҳолсизлик, дармонсизлик, қорин дамлаши, иштаҳанинг пасайиши, кўнгил айниши бўлади. Иш қобилияти пасаяди. Касаллик узоқ кечганда беморнинг уйқуси бузилади, салга жаҳли чиқадиган бўлади. Умумий заҳарланиш белгилари, яъни қайд қилиш, тана ҳароратини кўтарилиши, қалтираш бўлмайди. Специфик даво олиб борилмаса касаллик сурункалига ўтади, ремиссия даврлари қўзиш даврлари билан алмашиниб туради. Қўзиш даври 2-3 кундан 6-7 кунгача чўзилади.

Лямблиозли энтероколитда- йўғон ичакда оғриқ, нажас шиллик аралаш бўлади. Копро-цитограммада- лейкоцитларнинг 12-18 тагача ошиши кузатилади. Ректороманоскопияда ҳар 3-беморда йўғон ичак дистал қисми шиллиқ қаватида гиперемия кузатилади. Эрозия ва яралар кузатилмайди. Сигмасимон ичак спазми, тенезмлар ва нажасда қон бўлмайди. Қўзиш ва ремиссия даврлари алмашиниб туради, энтерит дан фарқи ремиссия даврида беморда қориндаги оғриқ ва метеоризм сақланиб келади.

Лямблиознинг билиар шакли сурункали эндоген интоксикация белгилари (умумий ҳолсизлик, чарчаш, бош оғриғи, уйқунинг бузилиши, иштаҳа пастлиги, субфебрил ҳарорат), диспептик синдром: ўнг қовурға соҳаси ва эпигастрияда даврий оғриқ қайд қилиниши мумкин.

Объектив кўрганда тили оқ караш билан қопланган, қорин қапчиган, ичак қулдираши, пайпаслаганда эпигастрияда, ўнг қовурға соҳасида оғриқ, гепато-спленомегалия, Ортнер-Греков белгиси каби белгилар аниқланади. Беморларнинг бир қисмида тери ва кўринарли шиллиқ қаватлари сариқлиги, сийдик қизариши тафовут қилинади.

Сурункали лямблиозга характерли симптомлар:

  • Касаллик сурункали тус олганда меъда-ичак тизими яллиғланишига хос бўлмаган белгилар: тошмалар, аллергодерматит, терида оқимтир доғлар ҳосил бўлиши, соч тўкилиши, уйқуда тиш қайраши, уйқуда оғиздан сўлак оқиши каби белгилар қайд қилиниши мумкин.
  • Ошқозон-ичак тракти томонидан персистенцияловчи диарея, ич кетиши ва қабзиятнинг алмашиниб туриши, қоринда тўлғоқсимон оғрик, кўнгил айниши, иштаҳанинг пасайиши;
  • Умумий аҳволи томонидан - жисмоний ривожланишдан орқада қолиши, тана вазнининг камайиши, умумий ҳолсизлик, гипотрофия;
  • Тери томонидан - юқорида айтилганлардан ташқари, эшакем, строфулюс, қичима.

Лямблиоз ичак шаклининг ташхисот мезонлари

  •  уйқусида тиш қайраши (бруксизм), оғиздан сўлак оқиши;
  •  терида аллергик тошмалар тошиши;
  •  терида қичиш аломатлари;
  •  қорин қапчиши, ичак қулдираши, ичнинг ўзгарувчан кетиши;
  •  киндик атрофи, эпигастрияда оғриқ;
  •  қонда анемия, эозинофилия кузатилиши;
  •  нажасда лямблийларнинг вегетатив шакли аниқланиши;
  •  юқоридаги белгилар қайд қилиниб, лямблийларнинг спораси топилиши.

Давоси

Лямблиознинг специфик даволашда ҳозирги кунда метронидазол (трихопол, клион, флагил), тинидазол (фасижин), энтамизол, фуразолидон, аминохинол, макмирор, тиберал, экдистен, интетрекс, зентел, мератин препаратларидан фойдаланилади.

Этиотроп даво воситалари таъсирида лямблийларни оммавий парчаланиши натижасида ҳосил бўладиган метаболитларни ичакдан қонга сўрилиб юзага келтирадиган Яриш-Гейксгеймер реакциясини бартараф қилиш мақсадида дюфалак буюрилиши мақсадга мувофиқдир.

Касаллик окибатлари

Бу касалликда одамнинг вазни ҳамиша камаяди, унда ланжлик, жиртакилик пайдо бўлади, бош айланади. Гижжа ичакда бўлса, ич қотади ёки ичи кетади, кўнгил айнийди, баъзан бемор қайт килади, жигарда бўлса, кўз оқи ва бадан сарғаяди, шиш пайдо бўлади. Ўпкада бўлса, йўтал тутади, меҳнат қобилияти пасаяди, бола яхши ўсмайди, хотираси сусаяди ва ҳоказо. Шифокорларнинг кузатишларича, ёш болалар инжиқ, паришонхотир бўлиб қолиши мумкин, мактаб ёшидаги болаларнинг эса жисмоний ва ақлий ривожланиши, хотираси сусайиб, ўзлаштириш қобилияти пасайиб қолади, катталарда меҳнат қобилияти бузилади.

Лямблиознинг муваффакиятли профилактикасига эпидемик жараённинг учала занжирига: инфекция манбаи, юқиш йўли ва организм мойиллиги кабиларга қаратилган, комплекс тарзда ўтказилган санитар - гигиеник, даво - профилактик ва эпидемияга қарши чора - тадбирлар ўтказиш орқали эришилади.

  1. Барча шахсий гигиена қоидаларига ва даволаш режимига амал қилиш керак. Жумладан, овқат олдидан ва ва ҳожатхонага бориб келгач, қўлларни совунлаб ювиш, баданни озода тутиш, ички кийим ва чойшаб, ўрин-кўрпа жилдларини тез-тез алмаштириб туриш.
  2. Гўшт, сабзавот, мева ва бошқа маҳсулотларни ветеринария ва санитария назоратидан ўтказиш шарт.
  3. Уй ҳайвонларини парвариш қилиш қоидаларига амал қилиш керак.
  4. Сабзавот, мева ва бошқа маҳсулотларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш керак.
  5. Острицалар бўлса, махсус кийим кийиб ухлаб ва уларни ҳар куни қайнатиб, иссиқ дазмол билан дазмоллаб туриш керак.
  6. Ҳожатхонага бориб келгач, яна уйку олдидан ва уйкудан кейин орқа чиқарув тешик атрофини ювиб туриш ва унга вазелин суртиб қўйиш тавсия этилади.
  7. Гўштларни тоза ювиб, яхши қовуриб ёки пишириб ейиш тавсия этилади.
  8. Фақат қайнатилган сув билан ювилган сабзавот, меваларни овқатга ишлатиш лозим.
  9. Гельминтозларга хос белгилар пайдо бўлганда албатта шифокорга мурожаат қилиш керак.
  10. Болаларнинг кўчада дайди итлар, мушуклар билан ўйнашига йўл қўймаслик лозим.
  11. Бинони, хонани яхшилаб супуриб-сидириш, идиш-товоқдарни, ўйинчокдарни ювиш, мебелни артиш, айниқса, ҳожатхоналарни ва тувакларни дезинфекция қилиш шарт.
  12. Ота-оналар ҳамда муассаса ходимлари билан махсус ва такрор-такрор суҳбатлар ўтказиб, гижжаларнинг юқиш йўллари ва бунинг олдини олиш усулларини тўғри ва тўла билиб олишларига эришиш керак.
  13. Гижжалар ташқи муҳит объектлари - тупроқ, сабзавот, полиз неъматлари, резавор мевалар, зираворлар, ошкўклар, мевалар, идиш-товоқлар, ифлос қўллар, буюмлар, кийим-кечаклар ва бошқалар орқали юқишини унутмаслик керак.
  14. Гижжа касалликларида ўз-ўзини ҳар хил билиб-билмас доривор воситалар ва усуллар билан даволаш тавсия этилмайди. Бу айрим асоратларга олиб келиши мумкин.
  15. Ичи келиб-келмайдиган, хуружли одамлар ва болалар гельминтоз касалликлари борми ёки йўқлиги текширилиши керак ва бошқалар.
  16. Таомларда лимон истеъмол қилиб юриш керак.
  17. Саримсоқ қайнатилган сут ичиб юриш керак.
  18. Оч қоринга ошқовоқ уруғини саримсоқ билан истеъмол килиш керак,
  19. Шакар ёки асал билан аралаштирилган сабзи шарбатини оч қоринга кунига 1-2 ош қошикда ичиб юриш керак.
  20. Уч ошқошиқ сабзининг бўтқасини бир стакан сутда қайнатиб, бир ошқошикдан кунига 3-4 маҳал
  1. истеъмол қилиш тавсия этилади.
  2. Шувоқ, саримсоқ дамламасидан клизма қилиш тавсия этилади.
Орқага Чоп этиш