ru uz
Оқчил – эркакларни ҳам қийнаган дард...


Маълумотларга кўра, ҳар бир аёл ҳаётида бир марта бўлса-да оқчил, яъни кан¬дида замбуруғи билан тўқнаш келади. Мабодо, кўпчилик қаторида бўлмасангиз, демак, иммунитетингиз мустаҳкам. Бироқ шунда ҳам эҳтиётингизни қилганингиз маъқул. Даб-дурустдан ҳужум қилишга уста бўлган оқчил замбуруғи, буни қаранг-ки, кучли жинс вакилларини ҳам саросимага солиб қўя оларкан. Ҳа, тўғри эшитдингиз, кандида замбуруғи келтириб чиқарадиган хасталик эркакларда ҳам учрайди. Хўш, у қандай бўлади? Нозик муносабатларда нақадар хавфли бўлиши мумкин?

Оқчил касаллиги ўрта ёшли эркаклардан тортиб кексалар ва оила қурмаган йигитлар орасида ҳам кузатилади. Ягона фарқи, келиб чиқиш сабабларида. Масалан, ўсмир ёшдаги йигитларда учрайдиган оқчил асосан гигиена қоидаларига риоя этмаслик боис юзага келса, кексаларда дори препаратларининг ножўя таъсири ва айрим касалликлар асорати бўлиши мумкин.

Ҳаммаси шамоллашдан ?!
Организмнинг ҳимоя тизими сустлашса, шамоллашга мойиллик ортади. Оёқдан зах ўтиши, елвизакда қолиш ёхуд кучли совқотиш асорат бермай қолмайди. Қолаверса, иммунитетнинг заифлашуви сурункали касалликларнинг бош кўтаришига ҳам сабаб бўлади. Айрим дори препаратларининг узоқ вақт ва тартибсиз қабул қилиниши ҳам безовталиклар омилидир. Кандида замбуруғи юқумли ҳисобланишидан хабарингиз бор. Агар аёл оқчил билан ҳасталаниб, тўлиқ даволанмаган бўлса ёхуд муолажа олаётган даврда жинсий яқинлик амалга оширилса, эркак замбуруқ таъсиридан бенасиб қолмайди. Шифокорлар қандли диабет билан оғриганларда ҳам оқчил хуружлари тез-тез содир бўлишини таъкидлашади.
Аслини олганда, инсон танасида жуда кўп миқдорда микроорганизмлар бўлиб, кандида замбуруғи ички аъзолар шиллиғи микрофлорасининг таркибий қисмини ташкил этади. Фойдали микроорганизмлар меъёрда бўлганида кандиданинг ортиши кузатилмайди. Аксинча, ҳолатларда эса замбуруғ ортиши рўй бериб, фаоллашади ва шу тариқа оқчилга йўл очилади.

Қандай муолажа қилинади?
Эркак организми чиниққан бўлса, кичик ўзгаришлар ҳисобидан келиб чиққан оқчил ўз-ўзидан ўтиб кетиши ҳам мумкин. Мисол учун, тошмалар бир неча кундан сўнг қуриб, тушиб кетади. Аммо касаллик ўткир ва сурункали кечганда, албатта, венеролог-шифокорга кўриниш керак.
Мутахассис беморнинг шикоятлари ва безовталик характерига кўра, зарур текширув усуллари ва таҳлилларни буюриб, тиббий ҳулосаларга мувофиқ муолажани белгилайди.
Кандидоз комплекс даволаш чораларини талаб этувчи касаллик. Ташқи безовталикпарга барҳам беришда тавсия этилган препаратлар қаторида замбуруққа қарши дори воситаларини қабул қилиш ҳам кўзда тутилади. Тўлиқ соғайиш учун кун тартибига риоя этиш, парҳезга (спиртли ичимликлар, аччиқ, шўр, дудланган, консерваланган маҳсулотлар ва ширинликлар чекланади) амал қилиш, жинсий яқинликдан тийилиш лозим. Терининг нафас олиши учун қулай бўлган ички кийимдан фойдаланиш ва муолажа тугагунига қадар ювиниш ва артиниш воситаларини алоҳида тутган маъқул.

Безовталиклари бор!
Аёллардаги оқчил асосан ажралма кўринишининг ўзгариши ва касалликка хос бўлган умумий белгилар билан намоён бўлади. Эркакларда-чи? Беклар бу борада кўп ҳам эътиборли бўлавермайдилар. Бироқ қуйидаги ўзгаришларга, албатта, диққат қаратиш лозим. 
-  Жинсий аъзо атрофида оқиш, творогсимон тошмаларнинг пайдо бўлиши;
-  қичишиш, пешоб ажратиш вақти безовталикнинг ортиши;
-  олат аъзосида ёриқларнинг пайдо бўлиши, ачишиш, жинсий яқинлик вақти оғриқ ва ёқимсиз ҳолатларнинг кузатилиши;
-  мояк халтасида тошма ва ёриқларнинг юзага келиши.

Хасталикдан сўнг...
Афсуски, оқчил билан бир умрга хайрлашишнинг имкони йўқ. Аммо унинг қайталанмаслиги учу зарур чораларни кўриш мумкин. Яъни муолажа тугагач, даволовчи шифокор кўрсатмаси билан иммунитетни мустаҳкамловчи воситаларга мурожаат этилади. Шу билан бирга бир йилда бир марта уролог ва венеролог-шифокор кўриги ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Орқага Чоп этиш