ru uz
Тиззангиз оғрияптими ? Ангинангизни даволатинг

Бўғим шикастланиши билан юзага келадиган оғриқлар аввалдан сизни огоҳлантирмайди. Айниқса, тизза бўғимида кузатиладиган безовталикларда шундай. Фавқулодда бошланган оғриқ ҳаракатланиш имкониятини чеклабгина қолмай, жиддий хасталикларга ишора ҳамдир. Маълумотларга кўра, бўғим хасталиклари орасида тизза оғриши билан мурожаат қиладиганлар сони 100 та бемордан 50 тасини ташкил қилади. Патология нафақат кексалар, балки ёшларда ҳам теппа-тенг содир бўлиши мумкин.
Асосийси, тиззангиз оғрияптими, ўзбошимчалик билан даволанманг! Негалигини эса мавзу муҳокамаси давомида билиб оласиз.

Тизза бўғимида шикастланиш бўлсагина, тиззада оғриқ кузатилиши мумкин. Аммо айрим ҳолларда безовталикнинг бошқа омиллари ҳам бор, булар:

  • Тизза бўғими артрози (гонартроз). Бўғим тўқималарида дегенератив бузилишлар келиб чиқиб, жараён узоқ муддатга чўзилса, бўғим ҳаракатчанлиги йўқолади.
  • Тизза бўғими артрити (гонартрит, гонит). Алоҳида кўринишдаги ёхуд бошқа ички аъзолар яллиғланиши касалликларининг асорати сифатида келиб чиқади.
  • Менископатия. Аксарият ҳолларда жароҳатлардан сўнг юзага келиб, кескин оғриқ билан характерланади. Ўз вақтида даволанмаса, сурункали тус олади ҳамда тизза бўғими артрозининг ривожланишига замин ҳозирлайди.
  • Бўғимларда қон айланишининг бузилиши. Ортопедга мурожаат қиладиган беморларнинг 10 фоизида тизза бўғими патологияси аниқланиб, у тиззада симиллаган оғриқ билан кечади.
  • Периартрит (тизза бўғими пайларининг яллиғланиши). Зинадан юқорига кўтарилиб-тушилганида тиззанинг ички тарафида хуружли оғриқ қўзғалади. Маълумотларга кўра, периартрит кўпроқ 40 ёшдан ошган аёллар ўртасида кузатилади.
  • Коксартроз асорати. Хасталик тизза бўғимларига зарба бермайди. Аммо коксартроз билан хасталанган беморларнинг 3—4 фоизида тиззага юклама тушиши аниқланган. Бу асосий хасталик асорати сифатида қайд этиладиган ҳолатдир.

Бир-биридан қандай ажратиш мумкин?

  • Диққат қилинг, тиззадаги оғриқ турига кўра, қайси касалликка ишора бераётганини билиб оламиз. Ҳаракатланганда тиззада суяк қирсиллаши каби товуш эшитилса, бу артроздан дарак;
  • оғриётган соҳада шиш келиб чиқса, қўл билан пайпаслаганда иссиқлик сезилса, шу билан бирга, тана ҳарорати ҳам кўтарилса, артрит бошланганига тахмин қилинади;
  • давомли ёхуд туни билан кузатиладиган тизза оғриғи оёқ вена қон томири тромбозидан бўлиши мумкин;
  • кучли оғриқ кутилмаганда бошланиб, санчиқли бўлса, мениск тоғайи зарарланганми-йўқми текширтириш лозим;
  • ревматизм, ревматоид артрит ва бошқа ички касалликларда оёқ бўйлаб тарқалувчи оғриқ ҳамроҳлик қилади.

Даволаниш шарт!

Гап бўғимлар саломатлиги ҳақида борар экан, даво чораларини кейинга қолдириш ёхуд халқона усуллар билан кифояланиш иш бермайди. Тиззангиз оғрияптими, албаиа, чуқурлаштирилган тиббий текширувлардан ўтинг. Борди-ю оғриқнинг сабаби лат ейиш ёки бирор жароҳат билан боғлиқ бўлса, оғриқсизлантирувчи мазь суртиш ҳамда унинг устидан эластик бинт боғлаб олиш ёрдам беради. Агар:

  • оёқни босишга имкон бермайдиган даражада оғриқ кузатилса;
  • тизза суягининг жойидан қўзғалиши юз берса;
  • безовталик тана ҳароратининг кўтарилиши билан бирга кечса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Балиқ еймайсизми? Энди енг!

Ўсимлик ёғлари, витаминга бой бўлган мева ва сабзавотлар, балиқ ҳамда денгиз неъматлари бўғим пайларининг тикланиши учун хизмат қилади. Шунингдек, сут-қатиқ ҳам фойдалидир. Ҳар таомланиш вақти, албатта, барра сабзавотлардан тайёрланган салат ва кўкатлардан тановул қилинг. Мисол учун, кўкпиёз, саримсоқпиёз, петрушкани тишлаб-тишлаб ейишга одатланинг.

Гонартроз ёхуд тиззада туз йиғилиши

Бўғимларнинг бириктирув аппарати ва пайлар мустаҳкамланган қисмда кальций тузларининг чўкма ҳосил қилиши — гонартрозни пайдо қилади. Халқона тилда бу тиззада туз йиғилиши деб аталади. Тиббиётда гонартрознинг бирламчи ва иккиламчи турлари бор. Бирламчи гонартроз кўпроқ кекса ёшли кишиларда учрайди, иккиламчиси эса оёқ суягидаги жароҳатлар, лат ейишлар ҳамда артрит асорати сифатида келиб чиқади.

Тизза бўғим пайларининг юпқалашиши эркин ҳаракатланиш имкониятини чеклайди. Узоқ вақт тик оёқда турилса ёхуд пиёда юрилганида чўзилувчан бўғим оғриғи хуруж қилади. Эрталаб уйқудан уйғонгандан сўнг ёки ўтирган ҳолатда ишлаб, сўнг ўрнингиздан турганингизда тиззада увишиш сезилади. Қадам ташлаш қийинлашади. Оёқ сезги импульслари гўё истеъфога чиққандек бўлади.

Шифокор рентген текширувини ўгказгач, муаммо даражасига кўра, консерватив ва оператив даво чораларини қўллаши мумкин.

Югуролмай қоляпман

Спорт машғулотларидан сўнг тиззангиз оғриб қоладими? Бундан чиқди, оёқлар чигилини ёзмайсиз ёки пойабзалингиз тўғри танланмаган. Югураётганда гавда оғирлигини оёқларга ташлайсиз, машқ мароми тартибсиз бўлиши ҳам мумкин. Булардан ташқари, тизза бўғими шикастланиши ва юқорида санаб ўтилган яллиғланиш касалликлари ҳам югуриш машқидан сўнг тиззаларга зўриқиш беради.

Йўл-йўлакай шошилиб, югуриб юришга одатланган кишиларда ҳам тизза оғриқлари учраб туради. Бунинг асосий сабаби тизза бўғимларига ҳаддан ташқари юклама тушиши ва пайларнинг юпқалашишидир.

Агарда...

  • Тизза соҳасида иссиқлик ва шишни сезсангиз;
  • Катталашаётган гематома (қон йиғилиши) кузатилса;
  • қадам ташлаганда суяк қирсиллаши яққол эшитилса;
  • оғриқсизлантирувчи препаратлардан кейин ҳам безовталик камаймаса;
  • тиззанинг қуйи қисмида совуқ ҳарорат, увишиш, карахтлик ёхуд санчиқли оғриқ сезилса;
  • қадам ташлаш қийинлашса, мустақил тарзда даволанманг. Бундай вазиятларда карам боғлаш, аччиқ қалампирдан тиндирма тайёрлаш иш бермайди. Аксинча вазият янада мураккаблашиши мумкин.

Яна бир гап, гонартритнинг юзага келиши ангина ва пиодермия билан оғригандан сўнг икки ҳафта ўтиб бошланиши мумкин. Англаганингиздек, мазкур касалликлар тизза бўғимини шикастлайди.

Профилактика

Тизза бўғимларида безовталик қайталанмаслиги учун кунора, ҳеч бўлмаганда ҳафтада икки марта қуйидаги машқларга диққат қилинг:

  • машқ гиламчасига қулайроқ жойлашинг. Оғриётган тиззангизни букиб, соғломини эса ёзиб олинг. Қўл тирсаклари билан гавда мувозанатини ушлаб туринг. Ана энди аста оғриётган тиззани букинг-да, худди шундай ёзинг. Машқни 2—3 дақиқа давомида бажариш кифоя;
  • қорин билан ётинг. Қўллар букилган ҳолатда. Оғриётган тиззангизни юқорига кўтаришга уриниб кўринг. Ушбу машқ бўксанинг орқа мушакларини мустаҳкамлаб, жароҳатлардан кейинги тизза бўғим ҳаракатчанлигини қайтаради;
  • деворга курагингиз билан туринг. Қўллар ён тарафда. Гавда оғирлигини деворга ташлаб, аста ўтириб-туриш машқини бошланг. Машқни бажаришда тиззани ўта эҳгиёткорлик билан букинг. Кескин ҳаракатланманг.

Қўшимча чоралар

Шифокор буюрган муолажалардан ташқари уй шароитида қўшимча чораларни ҳам қўллашингиз мумкин. Хусусан: 1 чой қошиқдан туз ва истеъмол содасини аралаштиринг-да, аралашмага икки томчи йод эритмасидан томизинг. Аралашмани тизза юзасига суртиб, 15 дақиқага қолдиринг. Устини қалинроқ мато билан ўрасангиз, таъсири янаям ортади. Сўнг тиззангизни илиқ сувда чайиб артинг ва витаминли крем суртинг. Муолажа 5—6 сеансдан сўнг натижа бера бошлайди.

Халқона усуллар

  • 100 граммдан қуруқ хантал ва камфора спирти ҳамда икки дона аталанган тухумни аралаштиринг. Ҳосил бўлган малҳамни уйқуга ётишдан олдин тиззангизга суртиб, устини жун мато билан ёпиб қўйинг. Малҳам оғриқни енгиллатишда кор қилади;
  • жароҳатлардан кейинги оғриқни камайтиришда ерқалампир ва карам баргидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун карам ё ерқалампир баргини илиқ сувда чайиб, тиззага қўйиб, устидан мато билан боғлаб қўясиз.
  • Тизза бўғим оғриқларида даволаш гимнастикаси ҳамда массажнинг ҳам ўз ўрни бор. Уқалаш чоралари оёқда қон айланишини яхшилайди, ҳаракатланишни осонлаштиради. Гимнастика эса мушаклар корсетини мустаҳкамлайди.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш