ru uz
Юрак етишмовчилиги бир умрлик ташхисми?

Сурункали юрак етишмовчилиги, асосан, ўрта ёшли кишилар ва кексаларда кузатиладиган патология. Хасталикнинг ривожланишида юрак ишемик касалликлари билан бир қаторда артериал гипертония, ревматизм асоратида келиб чиққан юрак нуқсонлари ҳам роль ўйнайди. Миокард, ёш ўтиши билан мушак элементларининг камайиши ва фиброз тўқиманинг кўп миқдорда тўпланиши ҳам безовталикни келтириб чиқарувчи омиллар саналади. Шунингдек, қандли диабетнинг II тури асоратида куза­тиладиган ҳолатлар ҳам сурункали юрак етишмовчилигига етаклаши мумкин. Сизнинг-ча, номи ваҳимали бўлган хасталикни ўз вақтида пайқаш мумкинми? Олдини олиш, аниқлангудек бўлса, даволаниш чоралари-чи, қандай бўлади?

Ҳаммаси асоратларми?

Юрак аъзоси мушаклар, клапан ва қон томирлардан ташкил топган. Уларнинг ҳар бири алоҳида хасталаниши мумкин.

Юрак клапан касалликлари туғма ёки орттирилган бўлади. Мушаклар билан боғлиқ патология эса бу миокардит, кардиомиопатиядир. Қон томирлар фаолиятидаги ўзгаришлар эса кўпинча инфаркт, тромблар юзага келиши билан изоҳланади. Санаб ўтилган барча ҳолатларнинг асорати - юрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Патология куни кеча пайдо бўлгани йўқ, у ҳақида Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари»да ҳам баён қилинади ва бемордаги ўзгаришлар ҳали ҳамон тиббиётда аҳамиятини йўқотмаган. Бир замонлар юрак етишмовчилигига нисбатан тана шиши деб қаралган, негаки, касаллик асоратида юрак қон отиш функциясини тўлиқ бажара олмайди ва бунинг оқибатида организмда суюқлик йиғилади. Шишнинг келиб чиқиши ҳам шундан.

Қандай турлари бор?

Кардиологияда ўткир ва сурункали юрак етишмовчилиги тафовут қилинади. Ўткир юрак етишмовчилиги бу ўпка димланишини, ўпка шиши ёки кардиоген шокка қадар тез авж олиши билан боғлиқ ўткир (кардиоген) нафас сиқишидир. Безовталик асосан ўткир миокард инфаркти оқибатида юз беради. Юрак етишмовчилигининг сурункали тури эса тўсатдан ёки аста-секин кучайиши мумкин бўлган аломатлар билан изоҳланади.

Юрак етишмовчилигининг систолик ва дисто­лик турлари ҳам фарқланиб, юракнинг қисқариш фаолиятининг пасайиши (систолик) чап қоринча отиш фракцияси даражасига кўра баҳоланади.

Европалик мутаҳассислар томонидан таклиф этилган тамойилга кўра, юрак қон отиш фрак­цияси уч асосий гуруҳга ажратилган. Бунга кўра, юрак қон отиш фракция­си 50 дан ортиқ бўлса, сақланилган фракция ҳисобланади, 40—50 атрофида хиралашган ҳудуд, 40 дан ками паст фракция сифатида қабул қилинган.

Босқичлари

Биринчи босқич: юрак касаллигининг илк босқичи, гемодинамика бузилмаган, яширин юрак етишмовчилиги, чап қоринчасининг симптомсиз функцияси билан изоҳланади. Беморнинг жисмоний фаоллиги чекланмаган, юрак зўриқиши у қадар сезилмайди, аммо вақти-вақти билан ҳансираш, куч-қувватнинг секин тикланиши келиб чиқади.

Иккинчи босқич (А): қон айланиш доирасидан бирида гемодинамика бузилишлари содир бўлади. Юрак ва қон томирларни адаптив қайта моделланиши кузатилади. Бемор тинч ҳолатда ҳеч қандай симптомларни сезмайди, жисмоний фаоллик мавжуд бўлганида эса чарчоқ, ҳансираш ёки юракнинг тез уриб кетиши пайдо бўлади.

Иккинчи босқич (Б): иккала қон айланиш доирасида яққол гемодинамик ўзгаришлар ке­либ чиқади. Безовталик ҳудди иккинчи босқич (А) гуруҳидаги каби бўлади.

Учинчи босқич: яққол гемодинамик ўзга­ришлар ҳамда юрак, ўпка, қон томирлари, бош мия, буйраклар ва бошқа аъзоларнинг оғир структур ўзгаришлари. Бемор тинч ҳолатда ҳам юрак етишмовчилиги симптомларидан азият чекади. Арзимаган жисмоний фаоллик эса бе­зовталикни кучайтиради.

Ташхис аниқми?

Юрак етишмовчилиги тасдиқланиши учун бемор бир қанча текширувлардан ўтиши лозим. Булар:

  • беморнинг умумий шикоятлари ва юрак етишмовчилигига ҳос симптомлар;
  • клиник белгиларни баҳолаш (нафас қисиши, сўнгги ҳафта мобайнида вазн ўзгариши, юракнинг нотекис уриши, бўйин веналарининг бўртиши, ўпкада хириллаш, жигар катталашиши, шишлар мавжудми ёки йўқлиги аниқланади);
  • электрокардиография текшируви;
  • ЭКГ таҳлили.

Юрак етишмовчилигига ҳос бўлган деярли барча клиник белги ва симптомлар бошқа касалликларда ҳам учрайди. Айримлари муолажа давомида бартараф қилинади ҳам. Бу эса юрак билан боғлиқ ўзгаришларга ўз вақтида ва тўғри ташхис қўйишда чалғитиши мумкин.

Муолажа қанча давом этади?

Юрак етишмовчилиги аниқланди, хўш кейин-чи, деган савол сизга ҳам қизиқ, шундайми? Мутахассислар прогнозига эътибор қилсак, хасталикни дори препаратларисиз муолажа қилиш мантиқсиздир. Яъни бемор даволовчи шифокори томонидан буюрилган дори воситаларини
ўз вақтида ва тартиб билан қабул қилиши ҳамда мутахассис назоратида бўлиши лозим. Ҳозирда АҚШ ва Европада амал қилинаётган сурункали юрак етишмовчилиги муолажаси бизда ҳам қўлланилаяпти.

Бунга кўра учта асосий гуруҳ воситаларига мурожаат қилинади, булар: ингибитор АПФ, бета блокаторлар ҳамда альдостерон антагонист.

Кўшимча равишда юрак гликозидлари ва пешоб ҳайдовчи дорилар қўлланилади. Агар беморда қўшимча касалликлар кузатилса, турига кўра, зарур препаратларга мурожаат қилинади. Албатта, беморнинг умумий аҳволи ва юрак қон отиш фракцияси даражаси ҳам эътиборга олинади. Бемор вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилганида юрак қон отиш фракцияси қайта баҳоланади ва ҳар бир ўзгариш қайд этиб борилади. Шу тариқа юрак етишмовчилигига чалинган кишининг хаёт сифатини яхшилашга эришиш мумкин.

Парҳез борми?

Сурункали юрак етишмовчилиги аниқланган беморларга қўйиладиган асосий талаб бу ош тузи истеъмолини чеклашдир. Юрак етишмовчилигида парҳез ушлашдан кўзланган асосий мақсад - юрак-қон томир тизими фаолиятини енгиллаштириш, ҳазм аъзолари, буйракни авайлаш ва пешоб ажралишини кучайтиришдан иборат. Туз миқдорини чегаралаш баробарида калий, магний ва витаминларга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш лозим.

Бемор таомномаси:

  • тузсиз кепакли буғдой нони (бир кунлик), қотирилган нон, ёғсиз ширин бўлмаган печеньелар;
  • сабзавотли, сутли, мевалардан тайёрланган ёрмалар;
  • майда бўлакларга ажратилган ҳолда қайнатиб ёки димлаб пиширилган мол, қўй ва товуқ гўшти;
  • қайнатилган сабзи, қовоқча, лавлаги, гулкарам, картошка. Пишиб етилган помидор, бодринг, салат барги, қирғичдан ўтказилган сабзи. Оз миқдорда кўк нўхат ва карам;
  • таомлар таркибида тухум бўлиши мумкин, аммо бу ҳафтасига 3 донадан ортиқ бўлмаслиги лозим;
  • сут, қатиқ, сузма, сметана;
  • мева ва қоқилардан кисель, компот, асал, желе, қанд, зефир, қуруқ бисквит, резавор
    мевалар, сабзавот шарбатлари, тарвуз, узум, олхҳри, олма;
  • наъматак, қорағат дамламаси, морс, сутли қаҳва;
  • чегараланган ҳолда сариёғ ва ўсимлик ёғлари.

Тавсия этилмайди!

Аччиқ чой, қаҳва, какао, шоколад, қўзиқоринли, балиқли қайнатмалар, аччиқ, дудланган егуликлар, ҳайвонларнинг ички аъзолари, балиқ увилдириғи, янги ёпилган нон, қатламали хамир, блинчик, тузланган ва маринадланган сабзавотлар, қоринни дам қилувчи маҳсулотлар (турп, дуккаклилар,
газланган ичимликлар), спиртли ичимликлар ва тамаки.

Жисмоний фаоллик мумкинми?

Касаллик босқичларидан қатьи назар юрак етишмовчили­ги билан ҳасталанган беморлар­га ҳаракатсизлик мумкин эмас. Пешоб ҳайдовчи препаратларни шошилинч равишда қабул қилиш, вазодилататорларни ва мусбат инотроп таъсирга эга воситаларни вена ичига юбориш зарурияти бўлганидагина ҳаракат чекланиши мумкин. Шу билан бирга:

  • фаол миокардит;
  • клапан тешиклари стенози;
  • цианотик туғма нуқсонлар;
  • юқори ўлчамли ритм бузилишлари;
  • чап қоринчанинг қон отиш фракцияси билан кечувчи стено­кардия хуружлари кузатилганида жисмоний фаоллик ман этилади.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш