ru uz
Соч ва киприклар тўкилиши- универсал алопеция

Универсал алопеция бошқа турдаги алопециялардан белгилари билан фарқланади. Улар қуйидагилар:

тананинг турли қисмларидаги мўйлар тўкила бошлайди;

турли аъзолардаги мўйлар ҳар хил вақт оралиғида тўкилади;

аввал соч, кейин эса юздаги туклар тўкилади;

хасталик тез ривожланади (3-4 ойда, баъзида 2-3 ой оралиғида тукларнинг тўлиқ тўкилиши кузатилиши мумкин);

тирноқ пластинасининг тузилиши ўзгаради.

У одатий силлиқлигини йўқотиб, ғадир-будирлик пайдо бўлади;

хасталик нафақат катталар, балки кичкинтойларда қам учраши мумкин.

Сабаблари-чи?

Универсал алопецияни келтириб чиқарувчи аниқ сабабларни кўрсатиш жуда мушкул. Мутахассислар бу борада ҳали бир.тўхтамга келишмаган. Шунинг учун баъзи омилларни санаб ўтиш билан чекланамиз:

 20 фоиз беморлар, наслий омил туфайли бу нохуш ҳолатга дуч келади;

аутоиммун хасталиклар оқибати ҳам бўлиши мумкин. Бунда иммунитет соч фолликуласини организм учун ёт жисм сифатида қабул қила бошлайди ва ундан халос бўлишга интилади;

гормонал тизим бузилишлари. Қалқонсимон без ишлаб чиқарадиган гормонлар микдорининг ўзгариши, баъзида, ҳомиладорлик еки климакс ҳам универсал алопецияга сабаб бўлиши мумкин;

асабийлик, кучли стресс ва турли неврологик хасталиклар ҳам мудроқ касалликни қўзғатиб юборади;

ошқозон-ичак тизими органлари фаолиятидаги бузилишлар.

Қайси шифокорга кўриниш керак?

Хасталик биргина сабаб туфайли келиб чиқмаслигини билиб олдингиз. Айнан шунинг учун ҳам уни келтириб чиқарувчи омиллар бирма-бир аниқланади ёки инкор этилади. Демак, биринчи галда трихолог ёки дерматолог кўригига бориш даркор. Бунда шифокор терини махсус лупа ёрдамида текшириб кўриши мумкин. Шунингдек, қоннинг умумий, биокимёвий, инфекцион таҳлили натижалари ҳам муҳим саналади. Кўпинча бемор эндокринолог шифокорга йўналтирилади. Қалқонсимон без ва гормонларнинг миқдорини аниқлаш учун қон топшириш зарурати туғилиши мумкин.

Агар гормонал мувозанат бузилгани аниқланса, даво чоралари амалга оширилади. Ҳаммаси жойида бўлган тақдирда невролог кўриги тавсия этилади. Чунки хасталик сабаблари орасида асабийлик ҳам бор. Универсал алопецияга чалинган беморни онколог кўригидан ўтказиш ҳам зиён қилмайди.

Физиотерапия муолажалари

Муаммодан халос бўлишда криотерапия, ионофорез, микроток терапияси, мезотерапия, дарсонваль ва уқалаш муолажаларининг ҳам ўрни бор. Шунингдек, бошда қон айланишини яхшилаш мақсадида қон томирларни кенгайтиришга мўлжалланган суртмалар ҳам тавсия этилади. Бироқ фақат шу усулларгагина таяниб қолмаслик лозим.

Бу муолажалар асосий даво чорасига қўшимча сифатида қўлланилганида яхши таъсир кўрсатади. Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, сабаблар бартараф этилмагунига қадар оқибатни кетказиш мушкул ҳисобланади.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш