ru uz
Простатит: муаммо, ташхис ва муолажа

Сурункали простатит – простата безининг яллиғланиши, яъни, пешоб йўли касаллиги бўлиб, бу дард эркаклар орасида энг кўп учрайдиган хасталик ҳисобланади. Ушбу без пешоб чиқариш йўлида жойлашганлиги туфайли унга ҳар хил инфекцияларнинг тушиши табиий ҳолдир.

Бу хасталикни келтириб чиқарувчи эмас, балки ривожланишига ёрдам берувчи омил ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, йилдан йилга “ёшариб” бораётган бу касаллик ёш йигитларда ҳам (айниқса, катта шаҳарларда яшовчилар ўртасида) учраб туриш эҳтимоли юқори бўлиб, сўнгги йилларда 25 ёшдан ошган эркакларнинг 25-80 фоизида ҳам простатит учрамоқда. 90 фоиз простата бези касалликлари пешоб йўллари ва аёлларнинг жинсий аъзолари (urogenital) инфекцияларидан келиб чиқади. Бундан ташқари камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш, тўйиб ухламаслик, қабзият, ҳаттоки, жинсий алоқа меъёрида бўлмаслиги ҳам асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Бу дардни келтириб чиқарувчи омиллар турлича бўлиб, ягона сабабни қидириш ва уни даволаш учун қаратилган даво муолажалари кутилган натижага олиб келмайди. Унинг клиник белгилари сезиларли бўлмаслиги мумкин.

Ҳурматли эркаклар, агар сизда чаноқ оралиғида оғриқ кузатилса, пешоб қилиш вақтида ёқимсиз сезгилар бўлса, жинсий йўлдан ажралмалар келса, албатта, уролог билан маслаҳатлашинг.

Простатит ташхиси комплекс тарзда қўйилади. Чунки, касаллик турини, унинг кечиш босқичини, асоратларини ва даволаш усулини белгиловчи бошқа омилларни эътиборга олиш керак. Ушбу хасталик клиникаси турли беморларда турлича бўлиши мумкин. Шунинг учун тўғри ташхисни фақат мутахассис-шифокор қўя олади.

Касаллик кечиши ўзига хос бўлганлиги учун даволаш муолажалари ҳам шунга мос тарзда амалга оширилади. Простатитнинг клиник кечиши бир хил эмас. Баъзида хасталик қўзғалади, баъзида асоратлар юзага келади. У яширин кечиши ҳам мумкин. Шу сабабли бемор доимо шифокор назорати остида бўлиши керак. Простатитни даволаш учун антибиотикни тўғри танлаш керак. Унинг дозаси ва даволаш чизмаси ҳар бир бемор учун индивидуал ҳолда танланади ва бу урогенитал микрофлора аниқланганидан кейин амалга оширилади. Инфекциядан қутулиш билангина простатитни даволаб бўлмайди. Простата безида қон димланишини ҳам йўлга солиш керак. Бу безнинг патологик ўзгаришлари ўзига хос ва турлича бўлганлиги учун ҳам уни даволовчи универсал дори воситаси йўқ. Шифокор сизга турли дори воситаларини ва ҳар хил даво муолажаларини тавсия қилиши мумкин.

Касалликнинг олдини олиш учун йилига бир ёки икки марта уролог кўригидан ўтиб туринг. Бу хасталикни эрта ва вақтида аниқлашга ёрдам беради. Чунки, дард қўзғалганда, уни сезмаслигингиз ҳам мумкин. Бир неча шифокорлар маслаҳатини бир вақтда бажариш тўғри деб ўйлаган беморлар янглишадилар. Сабаби тўғри маслаҳатлар ҳам баъзида бир-бирига зид бўлиши мумкин. Шунинг учун простатитни битта шифокор даволагани маъқул.

Жинсий ҳаёт тарзингизни меъёрлаштиринг. Даволаниш давомида спиртли ичимликларни истеъмол қилманг. Бу ичимликлар простатитни кучайтиради. Тананинг совқотиши қисқа вақт давомида бўлса ҳам касалликнинг авж олишига олиб келади. Жисмоний меҳнат ва спорт (сузиш ва велоспортдан ташқари) касалликни даволашга ижобий таъсир кўрсатади. Аччиқ озиқ-овқат ва таомлар (саримсоқпиёз, мурч, гармдори, дудланган таомлар) простатитнинг яна қўзғалишига олиб келади. Сирка кислотаси, лимон, карам, тузланган бодринг, помидор бундан мустасно.

Сурункали ич қотиши просатата безининг қон айланишини бузади. Простатит кечишига ва унинг давосига салбий таъсир кўрсатади. Ўз вақтида аниқланган рецидив (касаллик қайталаниши) енгил даволанади. Шифокор тавсиясига ремиссия (касаллик безовта қилмаган) вақтида ҳам риоя қилинг. Барчага маълумки, даво ҳамма вақт ҳам касалликдан тўлиқ халос бўлишга олиб келмайди. Лекин беморнинг умумий аҳволи яхшиланади ва асоратлар хавфи камаяди. Ҳатто, узоқ вақтгача тузалмаган сурункали дард меъёрдаги оилавий ҳаёт кечиришга тўсқинлик қила олмайди.

Простата бези фаолияти учун энг муҳим кимёвий модда – рух элементидир. Анжир рух моддасига жуда ҳам бой. Анжир ҳаттоки, қуритилган ҳолида ҳам ушбу моддани ўзида сақлаб қолади. Шунинг учун эркаклар бу мевани қишин-ёзин истеъмол қилишлари лозим. Кучли жинс вакиллари саломатлигини мустаҳкамлашда қовоқнинг уруғи ҳам жуда фойдали ҳисобланади. Уни қурутилган ҳолда ейиш мақсадга мувофиқдир.

Эркакларнинг жисмоний ҳаракатларни кам бажаришлари, бир жойда ўтириб ишлашлари ҳам уларда простатит пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундай касб эгалари иш пайтида озгина танаффус қилиб, хонада бир оз юришлари ёки қисқа-қисқа, енгил машқлар бажаришлари керак бўлади. Простата бези ҳарорат алмашинувига нисбатан сезувчан бўлиб, бу касаллик совуқни ёқтирмайди. Шунинг учун эркакларимизга совуқ ҳаводан сақланиш лозимлигини эслатиб ўтамиз.

Инсон соғлом турмуш тарзига амал қилса ҳамда руҳий ҳолати кўтаринки бўлса, касалликдан тез ва самарали қутулади.

 

Манба:  gepamed.uz

Орқага Чоп этиш