ru uz
Қон нега суюлади?

Турли адабиётларда тромбоцитопениялар кўпроқ 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган аёлларда учраши қайд қилинган бўлсада, ҳар иккала жинс вакилларида турли ёшда кузатилиши аниқланган. Ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ушбу дард 1,5 дан 4 гача учраши мумкин.

Улар қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Хасталикнинг наслий тури тромбоцитларнинг ҳужайра қобиғида нуқсон бўлиши туфайли келиб чиқади. Тромбопоэтиклар ишлаб чиқаришда ва ферментларда нуқсонлар туфайли юзага келадиган тромбоцитларнинг камлиги натижасида ҳам кузатилади.
  2. Орттирилган тромбоцитопениялар эса ҳар хил касалликлар асорати натижасида пайдо бўлади:

а) иммун бўлмаган шакллари тромбоцитларнинг механик шикастланиши туфайли ҳосил бўлиши билан апластик камқонлик (анемия)лар, сурункали радиацион таъсирлар, метапластик жараёнлар, ДВС-синдром, фолий кислота, В12 танқислигида ва бошқа шу каби салбий омиллар асорати сабабли ҳам пайдо бўлади.

б) Ушбу хасталикнинг иммун шакллари улар ичида кўп учрайдиган касалликдир. Бу аутоиммун тромбоцитопения ёки тромбоцитопеник пурпура деб аталади.

Идиопатик тромбоцитопеник пурпура (ИТП) – қон тизими касалликларидан бири бўлиб, тромбоцитопения (қондаги тромбоцитлар миқдорининг 100 х 109/л дан камлиги) ва суяк кўмигидаги мегакариоцитлар миқдорининг меъёридалиги ёки ошганлиги билан ифодаланувчи қон оқишига мойиллик билан тавсифланади. ИТП нинг енгил шаклида тромбоцитлар миқдори 100-150х109/л, бу касалликнинг ўртача оғир шаклида тромбоцитлар миқдори 40,0-100х109/л, оғир шаклида тромбоцитлар миқдори – 20,0х109/л дан кам бўлади.

Касалликни келтириб чиқарувчи хавф омилларга қуйидагилар киради: заҳарланиш, радиация, дори-дармонларни пала-партиш қўллаш, вакцинациялар ва бошқалар.

Беморларнинг касаллик тарихида бактериал ёки вирусли инфекциялар, вакцинация, стресс (руҳий зўриқиш)лар, турли дори воситаларини айниқса, антиагрегант ва антикоагулянт дори воситаларини қабул қилиши, ҳаёти давомида жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказганлиги ёки унинг акси, унда қон кетишининг давомийлиги, вена қон томирларининг варикоз касаллиги бор – йўқлиги ва шу кабилар сўраб – суриштирилади.

Беморларнинг асосий шикоятлари: тез чарчаш, умумий ҳолсизлик, юракнинг тез – тез уриб кетиши, рангпарлик, териси ва шиллиқ қаватларидаги нотекис жойлашган катта ва кичик ҳажмдаги қон қуйилиши – қонталашлар, петехиялар, экхимозлар, кўкаришлар, гематомалар, шиллиқ қаватлардан, милкдан, бурундан қон кетиши, меъда-ичак йўллари, буйраклардан қон кетиши, инъекция урилган соҳага қон қуйилиши, тиш олингандан сўнг узоқ вақт қон кетиши, (аёлларда ҳайз циклининг узайиши), постгеморрагик анемия, суяклардаги оғриқ ва ҳ. к.

Лаборатория текширувлари: Беморнинг умумий қон таҳлили + тромбоцитлар+ ретикулоцитлар, пешоб ҳамда нажаснинг умумий таҳлили, қон гуруҳи хамда резус омилни аниқлаш зарур. Миелограмма, қон зардобини гепатит ҳамда ОИВ (одам иммунтанқислиги вируси) маркерларига текшириш, коагулограмма, қоннинг биокимёвий таҳлили зарур бўлган ҳолларда бошқа текширишлар ҳам ўтказилади.

Даволаш: Тўғри овқатланиш, ушбу касалликни келтириб чиқарувчи хавф омилларининг олдини олиш, жисмоний фаолликни камайтириш зарарли одатлардан ўзини тийиш (ичиш, кашандалик, гиёҳвандлик, токсикомания), фитотерапияни қўллаш.

Аутоиммун ва идиопатик тромбоцитопеник пурпурани глюкокортикоидлар билан даволаш, спленэктомия амалиёти ва иммунодепрессантлар қўллашни ўз ичига олади.

Ўта кучли геморрагик синдромларда, бош мияга қон қуйилиш хавфи туғилганда махсус “пульс-терапия” ўтказилади. Кўп ҳолларда бундай даволашнинг самараси юқори.

Спленэктомия ёки талоқ қон томирларининг тромбоэмболизацияси консерватив даво самара бермаганда ёки самарадорлик турғун бўлмасдан кучли ифодаланган постгеморрагик анемияга олиб келувчи узоқ муддатли инсон хаётига хавф солувчи кўп қон кетишлар кузатилган ҳолларда амалга оширилади. Одатда операция глюкокортикодларни қўллаш жараёнида ўтказилади. 70-80 фоиз беморларда операциядан кейин тўлиқ тузалиш кузатилади.

Тромбоцитопеник пурпурада иммунодепрессантлар (цитостатиклар)ни даво муолажаларининг бошқа кўринишлари самара бермаган ҳолларда қўлланилади. Лекин уларнинг самараси спленэктомияга қараганда кам.

Гемостатик препаратлар ва зарур бўлганда қон компонентлари гемотрансфузияси (эритроцитар масса, тромбоконцентрат, янги музлатилган плазма) ва симптоматик (касалликнинг белгисига қараб) терапия ўтказиш лозим.

Орқага Чоп этиш