ru uz
Троблофлебит: вена қон томирлари касалланса....

Вена қон томирлари деворининг яллиғланиши билан кечадиган касаллик тромбофлебит, деб аталади. Хасталик номи грекча «trombos» - қон куйқаси ҳамда «рhleps» - вена қон томири сўзларидан олинган.
Вена қон томирларида қоннинг ивиб қолиши ниҳоятда салбий ўзгариш бўлиб, ушбу ҳодиса малакали шифокор кўригини талаб этади. Негаки, тромблар жуда кўп касалликларга йўл очувчи хавфдир.

Сиз бу ҳақида нималарни биласиз?
Тромбофлебитдан ҳимояланиш чоралари билан танишмисиз?

»Сабаби шуки...

Тромбофлебит — вена қон томирлари касаллигидир. Оёқ вена қон томирларининг варикоз кенгайиши билан оғриган бемор ўз вақтида ва тўлиқ даволанмаган бўлса, тромбофлебитнинг юзага келиши эҳтимоли 10—30 фоизни ташкил этади. Шунингдек:

  • вена қон томирларида қон айланишининг бузилиши (венозли стаз);
  • қоннинг ўта қуюқлиги (гиперкоагуляция);
  • вена қон томири деворларининг бузилиши.

Вена қон томирларининг варикоз кенгайиши мавжуд бўлганида қон томири тромб ҳосил бўлишига қарши хусусиятини йўқотиши мумкин. Шуни унугмаслик керакки, соғлом қон томирлари ҳам хавфдан холи эмас. Хусусан, қуйидаги омиллар вена қон томирлари деворида яллиғланиш содир бўлишига олиб келади:

  • ички аъзолар яллиғланиши билан боғлиқ касалликлар;
  • нейротрофик ўзгаришлар;
  • инфекциялар ёхуд жароҳат юзасида тўпланган микроб ва бактерияларнинг вена қон томирларига тушиши;
  • аллергия;
  • эндокрин тизим бузилишлари;
  • ҳомиладорликдаги вена қон томирларининг кенгайиши, туғруқ жараёнидан кейинги асоратлар

Ўткир ва суринкали турлари

Тромб, одатда, оёқнинг болдир соҳасида юзага келади. Вена қон томирида қон ивиши аниқландими, у, албатта, муолажа қилиниши шарт. Акс ҳолда, ўткир тромбофлебит, касалликнинг ўткир ривожланувчи турига айланиши мумкин. Баъзан вена қон томирларида юзага келган тромб, ўз-ўзидан сўрилиб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бироқ бунга кўпам умид қилиб бўлмайди. Нега деганда, қон ивиши вена томирларида қон айланиши тизими издан чиқишига сабаб бўлади.

Вена қон томирида қоннинг ивиши тезлиги турли даражада фарқпанади. Аммо тромб ҳосил бўлганидан кейинги бир сутка давомида қон томирининг зарарланиши сезиларли даражада орта бошлайди. Тромб ҳосил бўлган ўрнидан узилса, қон оқими билан ҳаракатланиб, бошқа ички аъзоларга шикаст етказиши мумкин. Ушбу ҳодиса тромбофлебит асорати ҳисобланади. Беморда варикоз касаллиги мавжуд бўлса, ўз «ўрни»ни тарк этган тромбнинг вена қон томири бўйлаб юқорига ҳаракатланиши осон кечади. Ва бу ўта хавфли ҳолатни юзага келтириши мумкин.

Вена қон томирларида қоннинг ивиши ўткир шаклда кечса-ю, бемор тўлиқ даволанмаса, тромбофлебит сурункали тус олади.

»Касалликнинг асосий белгилари

Ўткир тромбофлебитнинг илк белгиси, бу — у қадар кучли бўлмаган оёқ оғриғидир. Вена қон томирларида қон ивиб қолаётганини зарарланган қон томири терисининг оғриқли сигнал йўллаши орқали билиб оласиз. Шунингдек, тери юзаси қизариб қолади. Қўл билан пайпасланганда иссиқ ҳарорати сезилади. Тана ҳарорати кўтарилиши мумкин (37,5 даража, яъни субфебрил иситма). Баъзан вена қон томирида тромб ҳосил бўлиши симптомсиз ҳам кечади, иситма кўтарилмайди, оғриқ сезилмайди. Шундай бўлса-да, тромб ривожланаётган томир шишади: бу хасталик мавжудлигига ишорадир. Бир неча кундан сўнг зарарланган томир ташқарига бўртиб чиқади ва қўл билан пайпасланганида томир қаттиқ экани яққол билинади.

Тугунсимон шаклдаги қаттиқ томир тромбнинг ўлчамини белгилайди, у кичик, ўртача катталикда ва каттагина бўлиши мумкин. Вена қон томири ташқарига бўртиб чиқиб қолгач, ҳаракат пайтида оғриқ бера бошлайди. Яллиғланиш зўрайгани сайин хасталик симптомлари кўпаяди.

»Кимга мурожаат қилинади?

Вена қон томирларида муаммо борми, сира иккиланмай, қон томири жарроҳига мурожаат қилинг. Ташхис қўйишда мутахассис ташқи белгилар ҳамда бемор шикоятларини тинглаб, касаллик клиникасини баён қилади. Тромб вена қон  томирининг қай бир қисмида юзага келган, ўлчами қандай, қон ивишининг ривожпаниш даражаси, касаллик характери, вена қон томири тизимининг ички қисмига тарқалганми ёки йўқ, аниқлаш мақсадида ультратовушли доплерография ёки вена қон томирларининг ультратовушли дуплекс текшируви ўтказилади. Уткир тромбофлебит ташхиси тасдиқланса, бемор зудлик билан шифохонага ётқизилади. Операция бўладими-йўқми, бундан қатьи назар, мутахассис касалликнинг кечишини назоратга олиши лозим.

»Қон томирларини мустаҳкамлаймиз!

Вена қон томирлари деворининг юпқалашиб бориши кўп жиҳатдан орга- низмдаги витамин ва микроэлементлар тақчиллигига боғлиқ. Қон томирлари мус- таҳкам бўлишини истасангиз, таомно- манинг нафақат ма- зали, балки фойдали бўлишига аҳамият беринг. Қуйида сиз учун кичик шпаргалка тайёрладик:

С витамини.

Қон томирларининг умумий ҳолати ҳамда қон айланиши меъёрида кечиши учун ниҳоятда зарур дармондори. Ушбу витамин қорағат (шунингдек, мураббоси ҳам), цитрус мевалар, помидор, киви, наъматак ва кўкатларда мўлдир.

А витамини. Қон томирлари эпителий қаватига ижобий таъсир кўрсатади, қон томирлари деворини мустаҳкамлайди. Сабзи, ўрик ва сутда А дармондориси сероб.

Е витамини. Зарарли холестерин билан курашишда беминнат кўмакчи. Сут, ёнғоқнинг ҳамма тури, ўсимлик ёғи, яшил нўхат қон томирларининг тромб ҳосил бўлишига қарши хусусиятини оширади.

В гуруҳи витаминлари. Қон айланиши тизимида иштирок этувчи асосий дармондорилар ҳисобланиб, қон томирлари деворини ичкаридан мустаҳкамлаб боради. В гуруҳи витаминлари жигар, тухум сариғи ҳамда дуккакли ўсимликларда кўп.

К витамини. Капилляр қон томирлари саломатлиги учун ниҳоятда муҳим дармондори бўлиб, асосан, исмалоқ, яшил баргли сабзавотлар ҳамда карамнинг барча турларида мавжуд.

РР витамини.

Кучли таъсирга эга гиполипид ҳисобланиб, қон томирларининг соғлом бўлишида аҳамияти катта. Қизил лавлаги, ёғсиз гўшт, гречиха ёрмаси ҳамда ананас ушбу дармондорига хўп тўйинганки, мунтазам истеъмол қилинганида қон томирларининг умумий аҳволи яхшиланиб боради.

Томирларда қон айланиши меъёрида кечиши учун жисмоний фаол бўлиш шарт! Оёқларни устма-уст ташлаб, чалиштириб ўтириш мумкин эмас. Кун давомида тик оёқда турилса ёхуд 2—3 соат ҳаракатсиз ўтирилса, организмда қон айланиши бузилади. Шу боис вақти-вақти билан оёқлар чигилини ёзиш машқларини бажариш керак. Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ, шунчаки ўрнингиздан турасиз ва хона бўйлаб ҳаракатланасиз. Ёки ўтирган ҳолатда тиззани букиб-туширасиз. Вена қон томирларида қон ивиши икки хил усулда муолажа қилинади, булар: консерватив, яъни дори-дармонлар ёрдамида ҳамда жарроҳлик амалиёти.

Эрта муддатларда аниқланган тромбофлебит давоси учун консерватив усул танланса, бемор бир қатор кўрсатмаларга риоя этиши зарур. Шифокор буюрган препаратларни қабул қилиш баробарида:

  • ётоқ режимига амал қилиш. Бунда тромб ҳосил бўлган оёқ танага нисбатан хиёл кўтарилган ҳолатда бўлади (оёк, тагига кичикроқ болиш ташлаб қўйилади).
  • Тромб юзага келган жойга эластик бинт боғлаш ёки махсус эластик хомашёдан ишланган пайпоқларни кийиш.
  • Мазь ва гелли суртмалар.
  • Яллиғланишга қарши ҳамда оғриқсизлантирувчи дори воситалари.
  • Флеботониклар гуруҳига мансуб дори-дармонлар.
  • Дезагрегантлар гуруҳига мансуб воситапар.
  • Физиомуолажа.

Касалликнинг ўткир даврида қунт билан даволанилса, тромбофлебит ривожланишининг олдини олишга эришилади.

Дуплекс текшируви тромбнинг катта вена қон томири бўйлаб ўсаётганини тасдиқласа ёхуд тромб узилиши содир бўлса, бу оператив даво чорасини талаб қилади. Жарроҳлик амалиёти ёрдамида тромб ҳосил бўлган вена қон томири кесилиб, боғланади.

Вена қон томирларининг варикоз кенгайиши, тромб юзага келганига ишора борми, асло спазмга қарши препаратлар, иссиқ ванна, қиздирувчи суртмалардан фойдаланманг. Чунки нотўғри бажарилган муолажалар қон ивишини тезлаштириб юбориши мумкин.

Орқага Чоп этиш