ru uz
Астмага чалиндим, ингалятордан фойдаланишим шартми?

Кўп йиллар давомида бронхиал астма изтиробли хуружлар билан кечувчи хасталик
ҳисобланиб, бир умрлик дард, дея тавсифланган. Аммо бугунга келиб, касалликдан батамом фориғ бўлишнинг имкони бор. Шарти эса жуда осон: бронх йўллари яллиғланиши юзага келган заҳоти шифокор кўригига боришдир. Астманинг ривожланишига беморнинг ўз билганича даволангани, аллергенлардан ҳимояланмагани сабаб бўлади. Хўш, куз-қиш мавсумида юзага келиш эҳтимоли катта бўлган хасталик ҳақида сиз нималарни биласиз? Бронхиал астма билан оғриган бўлсангиз, хуружларга чап беришга тайёрмисиз? Бугун шу ҳақида!

Астма ўзи нима?

Бронхиал астма, бу нафас йўллари, хусусан, бронхларнинг ўзига хос аллергик яллиғланиши бўлиб, бронхлар ўгказувчанлиги пасаяди. Меъёрий ҳолат ўзгаришлари ҳаво етишмаслигини келтириб чиқаргани боис бўғилиш хуружлари кузатилади. Хуружлар тунда ёхуд эрталабга яқин авж олиб, зўрайиши мумкин.

Бронхиал астмага дучор бўлганлар бронхлар шиллиқ қаватининг шишиши, шиллиқ ишлаб чиқарилишининг кучайиши, бронхоспазм туфайли тез-тез нафас қисилиши, ҳансирашдан азият чекишади. Хуруж содир бўлишига яқин беморда давомли йўтал бошланади.

Мавсум танлаши ростми?

Эрта баҳорда, шунингдек, куз-қиш фаслларида намгарчилик ортади. Ҳаво ҳароратининг ўзгариб туриши яллиғланиш жараёнларига сабаб бўлиши мумкин. Бронхиал астмани келтириб чиқарувчи омиллардан бири айнан организмдаги яллиғланиш жараёнлари бўлса, кейинги ўринларда нафас йўлларининг кучли касалланиши, зотилжам, қизамиқ, қаттиқ асабийлашиш ва руҳий зўриқиш асоратлари кўринишида юзага келган ҳолатларни кўриш мумкин. Айрим маълумотларга кўра, аёлларга хос бўлган шамоллаш жараёнлари ҳам астма хасталигига туртки бўлади.

Касаллик хуружлари асосан эрта баҳорда, куз ва қишда авж олади. Бронхиал астма негизини доимий яллиғланиш ҳолатлари ташкил этгани боис, мавсум алмашинувида иммунитет заифлашмаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Аллергенлар қандай таъсир этади?

Бронхиал астманинг юзага келишида кўплаб омилларни санаб ўтиш мумкин бўлсада, баъзи моддаларга организм сезгирлигининг ошиши туфайли келиб чиқадиган турини ёддан чиқармаслик лозим. Зотан, касалликнинг ушбу тури ниҳоятда жиддий эътиборни талаб қилиб, бемор кейинчалик аллергенлардан эҳтиёт бўлиши лозим.

Аллергенлар организмга нафас, овқат ҳазм қилиш йўллари, тери ва шиллиқ пардалар орқали киради.

Агар сизда ёки оила аъзоларингиздан бирларида астма мавжуд бўлса, қуйидаги аллергенларга диққат қаратинг. Улар хасталик хуружини пайдо қилиши мумкин:

мушук, ит юнглари, қуш ва парранда патлари; аквариумдаги балиқлар (тангачалари ўзидан аллерген чиқарувчи хисобланади) ва уларнинг ози- қаси (асосан, дафния толқони);

тухум, шоколад, асал, апельсин, ёнғоқ, цитрус мевалар, ўткир ҳидли зираворлар;

кир ювиш воситалари, гель, ҳидли совун, ҳашаротларга қарши спрейлар, тутатқилар;

уй жиҳозларининг юзасида тўпланиб қоладиган чанг зарралари;

жунли адёл, парёстиқлар; айрим турдаги дори воситалари. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, кўкрак сутидан эрта ажратилиб, қўшимча овқат билан парваришланган болаларда озиқ-овқат маҳсулотларига аллергия келиб чиқса, баданига тошма тошса, бу кейинчалик бронхиал астмага мойилликнинг пайдо булишига хизмат қилиши мумкин. 

Пешоб ажратиш кўпайяптими, эҳтиётингизни қилинг!

Тўғри, пешоб қилишнинг ортиши бир қатор касалликлардан дарак бериши мумкин. Шуниси қизиқки, ушбу ҳолат бронхиал астманинг биринчи босқич аломати ҳамдир. Асли  хасталик хуружлари тўрт босқичда таснифланади.

Биринчиси, беморни йўтал тутади, томоғи, кўзлари, қулоқ супрасида қичишиш пайдо бўлади. Пешоб ажратиш истаги  ортади.

Иккинчиси, давомли йўтал тутиб, бўғилиш хуружи келиб чиқади. Бу пайтда нафас йўлларидаги майда бронхлар тораяди, уларнинг шиллиқ қавати шишиб, бронх найчасида шиллиқ модда ажралади.
Бемор нафас олишга, нафас чиқаришга қийналади. Нафас олиш ҳуштаксимон товуш билан кечади. Бўғилиш натижасида беморнинг юз-кўзи кўкаради, бўйин веналари шишиб қолиши мумкин.

Учинчиси, йўтал хуружлари зўраяди, балғам ажралиши ортади. Хуружларнинг такрорийлиги кўпайгани боис бемор ҳолсизлана бошлайди.

Тўртинчиси, касаллик тез- тез қайталанади. Бу босқичда, хасталикнинг сурункали бронхитга айланиш эҳгтмоли юқори. Борди-ю, сурункали бронхит ривожланадиган бўлса, сурункали нафас етишмовчилиги ёки ўпка эмфиземаси (ўпка пуфакчалари альвеолаларининг кенгайиши) юзага келиши мумкин.

Бронхиал астмани мустақил даволаб бўлмайди. Негаки, хасталик оёкда ўтказиб юборилса ёхуд халқ табобатига мурожаат қилиниб, вақтинчалик чоралар қўлланилса, давомли хуружлар ички аъзоларда турли хил патологияларни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, ўпка фаолиятининг бузилиши, қовурғалар оралиғининг кенгайиши, жигарнинг катталашиши, оёқларда шиш кабилардир.

Хўш, давоси борми?

Муолажа қилинса, бронхиал астма ҳақида бутунлай унутасиз, деёлмаймиз. Аммо шифокор кўрсатмаларига риоя этилса, хуружлардан хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Даволаш чоралари ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда тузилади. Асосан икки гуруҳдаги препаратларга мурожаат қилинади. Булар яллиғланишга қарши узоқ муддатли ва тез ёрдам кўрсатувчи дори воситаларидир.

Климакс даврида ҳам бошланиши мумкинми?

Хасталикнинг бир неча тури мавжуд бўлиб, бемор қай бирига чалинганига кўра, хуружларнинг такрорийлиги ҳамда қандай кечишини тахмин қилиш мумкин.

Атопик турдаги бронхиал астма чанг зарралари, озиқ-овқат маҳсулотлари аллергенларига дуч келинганида кузатиладиган нафас қисиши бўлиб, бемор балғам ажралишидан қийналади. Қонда гистамин миқдори ортади. 35—45 ёшлар атрофида кузатиладиган астма хуружларининг аксарияти инфекцион турга мансуб бўлиб, касаллик аста-секинлик билан бошланади.

Дисгормонал турдаги астма хуружлари аёлларда тухумдон фаолиятининг бузилиши, ҳайзолди кунлари, ҳайз вақтида ҳамда климакс даврида шаклланиб, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Англаганингиздек, хасталикнинг ушбу кўриниши организмда гормонал мувозанатнинг ўзгариши билан боғлиқ.

Баъзи ҳолларда бемор нима сабабдан кўп йўталаётганини, бўғилиб қолаётганини тушунмайди. Негаки, унда яллиғланиш жараёнлари йўқ, аммо безовта. Шифокорлар бундай ҳолатни асабий-руҳий турдаги астма дея номлаб, унинг келиб чиқишини кучли зўриқиш, жинсий фаолиятдаги ўзгаришлар фонидаги стресс, бош мия жароҳатларига тахмин қилишади.

Бундан ташқари, бронхиал астманинг дисадренергик, холинергик, жисмоний зўриқиш туфайли келиб чиқадиган турлари ҳам бор.

Қандай текширувлар ўтказилади?

Хасталикка ташхис қўйишда дастлаб беморнинг балғами текширилади. Махсус аппарат ёрдамида нафас олиш йўллари бронхоскопияси ўтказилади. Шифокор нафас олиш йўллари шиллик кавати ҳолатини баҳолайди, яллиғланиш тури, унинг кай даражада ривожланаётганини аниқлайди. Е иммуноглобулин нафас олиш сиғими - спирография ўтказилади. Бронхлар ҳолатини ўрганишда бронхография усулига мурожаат этилади.

Дорисиз ҳам даволаниш зарар!

Тиббиётда бронхиал астманинг дори-дармонсиз муолажа қилиш усули натуротерапия деб номланиб, у ўз ичига тўрт усулни қамраб олган. Булар, элиминацион терапия, машқлар, фитотерапия ва аралаш усуллар билан таъсир ўтказишдир. Муолажа тури беморнинг руҳий ҳолати ҳамда касалликнинг қайси босқичда эканлигига кўра танланади. Халқона усуллар орасида бронхиал астмага шифо деб кўплаб тавсиялар айтилади.

Уларнинг аксарияти доривор гиёҳлар, мева ва ўсимликлардан иборат. Бинобарин, аллергенлар астма хуружини келтириб чиқариши маълум экан, халқона усуллардан фойдаланиш тўғри эмас. Ўсимликда йиғилиб қолан чанг бемор ахволини янада мураккаблаштириши мумкин.

Комплекс тарзида олиб бориладиган муолажада хуружлар олдини олувчи, яллиғланишга қарши препаратлар ҳамда беморнинг аҳволини яхшиловчи таъсирга эга гормонлар буюрилади. Гормон сўзини эшитиб чўчиманг. Аввалига гормонал препаратлар жадвал бўйича қабул қилиниб борилади.

Сўнг мутахассис назоратида микдори камайтирилади.

Агар сизга ингалятор буюрилган бўлса, албатта, ундан фойдаланинг. Ингалятор ўз ичида бронхларни кенгайтирувчи моддаларни сақлайди. Мазкур восита нафас олишнинг яхшиланишига кўмак бериб, хуружларнинг тўхташига хизмат қилади. Аммо ингалятордан билиб-билмай фойдаланиб бўлмайди. У шифокор кўрсатмаси билан белгиланган миқдорда қўлланилиши лозим.

Бронхиал астма билан оғриган бемор ўткир шамоллаш касалликларини ўтказиб юбормаслиги лозим. Хуруж вақти ваҳима ҳисси юзага келмаслиги учун бемор ётиши ёки ўтириб олиши айтилади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш