ru uz
Ўн икки бармоқ ичакда яра бўлса...

Овқат есам, оғриқ йўқ...

Ўн икки бармоқ ичак яраси ва ошқозон ярасининг биринчи фарқи ҳам шунда. Яъни ошқозонда яра пайдо бўлса, таомлангач оғриқ туради, ўн икки бармокда эса аксинча. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда беморлар оғриқни очлик ҳисси билан адаштиришади.

Ўн икки бармоқ ичак яраси хасталиги 3 босқичда кечади:

  1. Енгил босқич: хасталикка чалинган киши безовталанмайди, яъни оғриқни сезмайди. Тасодифан, дейлик, умумий саломатликни текшириш мақсадида ўтказилган эндоскопик текширувда яра пайдо бўлгани аниқланади. Тўғри, гоҳ-гоҳида зарда қайнаши, ёки  очлик билан оғриқни адаштириш ҳоллари ҳам кузатилади.
  2. Ўрта босқичда зарда қайнаши, оғриқ тез-тез безовта қилиб, таомлангач ҳам ўтиб кетавермаслиги ва кучайиб боришидан бемор шикоят қилади.
  3. Учинчи босқичда яра очилиб, нажас қора рангда келади, бемор тўқ рангда — қон аралаш қайт қилади.

Инфекция, асабийлик ва... насл?

Гарчи ўн икки бармоқ ичак яраси наслий хасталик саналмаса- да, насл суриш ҳолатлари кузатилади. Айрим беморлар «Онамда ҳам яра бор эди», деб қолишади. Бу касалликни келтириб чиқарувчи сабабларга бориб тақалади:

Хеликобактер пилори инфекцияси. Меъда суюқлигида хлорид кислота миқдорининг ошганлиги сабабли у шиллиқ пардани таъсирлантириб туради. Шиллиқ қават бичилиши натижасида майда яра ўчоғи юзага келади. Ўзгаришларни яллиғланиш жараёнини қўзғатувчи бактерия ўз зиммасига олади. Бу бактерия специфик ҳаракатчан, учлари майда-майда, бир-бири билан чалкашиб кетган ўсимталар бўлиб, улар ўта ҳаракатчандир. Бактериянинг меъда ичида ривожланганлигини ҳисобга олиб, «хеликобактер пилори» деб номланган.

Руҳий зўриқиш. Қаттиқ асабийлашган ёхуд сиқилган кишининг асаб торлари билан бирга ичаклари ҳам таранг тортади. Алалоқибат яра пайдо қилади.

Нотўғри овқатланиш — таомланиш тартибига риоя қилмаслик, узоқ вақт оч юриш, тез тайёрланувчи егуликлар, газли, спиртли ичимликларга ружуъ кўйиш, қайноқ, аччиқ, ўта шўр маҳсулотларни кўп тановул қилиш, нос, тамаки чекиш (айниқса, эрталаб оч қоринга чекиш жуда хавфли) ва ҳоказолар.

Кўриниб турибдики, учала сабаб ҳам ота-онадан болага ўтиши мумкин. Яъни оиладаги асабийлик ҳеч кимни чеклаб ўтмаслиги, катталар риоя қилмаган тартибларга болалар ҳам эътибор бермаслиги ёхуд инфекция тушиши ҳеч гапмас.

Чўчимаймиз, текширтирамиз!

Бу хасталикни бошдан кечирганлар яхши билишади, оғриқ кечқурун забтига олади. Чунки соат 00:00—01:00 да меъда ширасидан кислота ажралиши жадаллашади, кечки очлик кузатилади.

Охирги тановул аллақачон ҳазм бўлиб кетгани сабаб меъда ширасидан ажралаётган кислота ўн икки бармоқли ичакнинг шиллиқ пардасини емиради. Бемор у-бу нарса еб олиб, яна уйқуга кетиши мумкин. Бироқ вақтида даво чоралари кўрилмагач, оғриқ зўрайиб бораверади ва яра очилиб кетгач, кўп қон йўқотиш натижасида қон таркибидаги гемоглобин миқдори пасаяди, ҳолсизлик, ҳушдан кетиш кузатилади. Шундай экан, мутахассис кўригини кечиктирмаслик шарт.

Шифокор-гастроэнтеролог аввало, бемор шикоятларини тинглайди ва эндоскопик текширув амалга оширилади. Зонд ютилганида махсус тест ўтказилиб, хиликобактер инфекцияси ўрганилади. Шунга кўра, таҳлил натижасининг ижобий ёки салбийлигига қараб муолажа белгиланади.

Кўпчилик зонд ютишдан чўчиши сир эмас. Бироқ айни пайтди эндоскопик текширувда Японияда ишлаб чиқарилаётган, яъни ингичка зондлар фойдаланилмоқда. Масаланинг яна бир томони шундаки, мутахассиснинг тажрибаси ҳам бу ўринда муҳим. Беморга ширин муомала қилиб, унинг айни пайтда хавотирга тушишидан ҳимояласа, жараён ҳам енгил кечади.

Вақтида даво чораси кўрил(ма)са...

Ўн икки бармоқ ичак яраси вақтида, учинчи босқичга ўтишидан олдин аниқланса, консерватив йўл билан даволанади. Тўрт ҳафталик даволаш курси натижаси ўлароқ беморда касаллик 100 фоиз чекинади. Агар касаллик енгил босқичда бўлса, бемор уйда, ўрта босқичда аниқланса, шифохонада муолажа қилинади. Бироқ яра ўрнида чандиқ қолади. Айрим беморларда эса эндоскопик текширув ўтказилганда чандиқ излари кўзга ташланмаслиги мумкин. Бунинг сабаби бемор вақтида ва сифатли даволаниб, таомланиш қоидаларига амал қилганидир. Сурункали хасталик куз ва баҳор ойларида хуруж қилмасидан эҳтиёт чорасини кўриш тавсия этилади.

Агар яра очилиб кетган бўлса, бир қанча текширувлар ўтказилиб, жарроҳлик амалиётига мурожаат қилинади. Ўн икки бармоқ ичак ярасини олиб ташлашнинг имкони йўқ, чунки бу аъзо жуда кичкина. Шунинг учун ҳам яра усти ёпилиб, содда тилда айтилганда, тикиб қўйилади. Операциядан сўнг ҳам бемор бир муддат муолажаларни давом эттириши керак.

Тухум ютса, кетадими?

Йўқ. Хом тухум ютиш, эрталаб оч қоринга картошка крахмали қабул қилиш, чаканда ёғи оғриқни вақтинча қолдиради. Сабаби бу суюқликлар яра устини қоплайди ва кейинги тановул уни «тирнаб» ўтмаслигини таъминлайди. Бироқ даво чораси эмас. Яна шуни унутмаслик керакки, парранда соғлом ва тухум янги бўлмаса, бошқа касалликларга йўл очиб беришингиз ҳеч гапмас. Чаканда ёғи эса ўт пуфагида тоши борларга тавсия этилмайди. Қолаверса, касаллик хуруж қилганида оғриқ қолдирувчи дори қабул қилиб, шифокорга учрашиш муҳим. Айниқса, яра очилиб кетганида ўзбилармонлик қилмаслик даркор.

Уй шароитида қандай даволаш мумкин? деган саволга тўхталсак, овқатланиш режимига қатьий бўйсуниш лозим — тез-тез, кам-камдан.

Таомланиш вақтлари оралиғида енгил тамадди қилиб олишни унутманг. Чунки меъда ширасида ажралаётган кислота овқатни парчалайди, овқат бўлмаса, шиллиқ қаватга ҳужумга ўтади.

Қайноқ таом ва ичимликлар, қаттиқ қовурилган, ҳазми оғир хамирли таомлар, таркибида зарарли моддалар мавжуд ичимликлар, егуликлар, такрор эслатамиз, тамаки, нос маҳсулотлари нақ душманингизга айланиши ҳеч гапмас.

Демак, ўн икки бармоқ ичак яраси ташхиси қўйилган беморлар уй шароитида парҳез тутиш орқали ўзларига ёрдам кўрсатишади. Димлаб, қайнатиб пиширилган таомлар ва сабзавотлар, юмшоқ мевалар, енгил тамаддилар хасталик чекинишига кўмаклашиб, хуружларнинг олдини олади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш