ru uz
Панкреатит қандли диабетнинг бошланишими?

Ҳазм қилиш тизимидаги муҳим аъзолардан бири ошқозон ости безининг яллиғланиши панкреатит хасталиги, деб номланади. Ошқозон ости бези саломатлигимиз учун муҳим бўлган икки вазифани бажаради: овқат ҳазм бўлишига ёрдам берувчи ферментлар ҳамда инсулин гормонини ишлаб чиқаради. Инсулин гормонининг етишмаслиги қандли диабетга сабаб бўлишини эса барчамиз яхши биламиз.

Касаллик ўта жиддий!

Ошқозон ости бези яллиғланган ҳолатда бу орган ишлаб чиқараётган ҳамда овқат ҳазм бўлиши учун зарурий ферментлар ўн икки бармоқли ичакка тушмайди ва ўзи ишлаб чиқарган кислота натижасида аъзо емирила бошлайди. Ажралаётган ферментлар, шунингдек, заҳарли моддалар қонга тушиб, бошқа аъзоларга ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Бундан ташқари, панкреатит натижасида қондаги қанд миқдорини назорат қиладиган гормон — инсулин ҳам керакли даражада ишлаб чиқарилмай қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Сабаблари:

  • заҳарланиш (кимёвий воситалар ёки дорилардан);
  • спиртли ичимликлар ичиш;
  • сафро ҳайдаш тизим хасталиклари (ўт пуфагида тошлар бўлиши);
  • организмда моддалар ҳамда ёғ алмашинуви жараёнининг бузилиши;
  • ошқозон ости безининг шикастланиши (қорин соҳасига қаттиқ зарба берилиши натижасида);
  • қон томирлари ёки юқумли касалликларнинг асоратли кечиши;
  • мунтазам совуқ маҳсулотлар истеъмол қилиш.

Белгилари

Панкреатитнинг ўткир кўринишида ошқозон ости бези соҳаси ва киндик атрофида қаттиқ оғриқ туради. Бемор бирор нарса истеъмол қилгач, қайт қилиши мумкин. Тана ҳарорати кўтарилади, тери оқариб, нафас сиқади, қорин шишади.

Сурункали турида оғриқ вақти-вақти билан, овқатланишдан сўнг тахминан 30-40 дақиқа  ўтгач пайдо бўлади. Кўпинча ўткир, аччиқ, шўр ва қовурма егуликлар истеъмол қилингач, зўраяди. Беморнинг кўнгли айниб, оғизда тахир маза сезилиб, ланжлик ва чарчоқ безовта этади. Касаллик билан оғриган аксарият нсонлар ич кетиши, ел йиғилиши ва оғиз қуришидан шикоят қилади.

Даволаниш шарт!

Касалликни ўз вақтида даволамаслик ошқозон ости бези ҳамда ичаклар фаолиятига жиддий зарар етказади. Бу аъзоларнинг яхши ишламаслиги эса моддалар алмашинуви жараёнини бузади. Шунингдек, инсулин гормонининг кам миқдорда ёки умуман ишлаб чиқарилмаслиги натижасида қандли диабет хасталигининг келиб чиқиш хавфи ортади. Оғриқ қолдирувчи дорилардан фойдаланмай, шифокор кўригидан ўтиш шарт. Айрим ҳолатларда беморга очлик парҳези тавсия этилади. Организим қувватсизланмаслиги учун эса томчи дорилардан фойдаланилади. Касаллик хуруж қилганда газланмаган минерал сув ва наъматак дамламасини ичиш тавсия этилади. Буғда ва қайнатиб пиширилган таомлар, сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш лозим. Хасталик сурункали кўринишга ўтиб кетмаслиги учун бемор мунтазам парҳез тутиши ва дориларни қунт билан ўз вақтида ичиши талаб этилади.

Орқага Чоп этиш