ru uz
Сувчечак болалар касаллигими?

Айни қиш ва баҳор мавсумларида болаларда, шунингдек, баъзан болалигида эмланмаган ўрта ёшдаги кишиларда ҳам сувчечак хасталиги учрашининг гувоҳи бўламиз. Тиббий маданиятга тўлиқ эга бўлмаган кишилар эса хасталикни аллергия ёки оддий тошмадан фарқлай олмай уни ўзларича даволашга киришадилар. Беморнинг аҳволи оғирлашгач шифокорга мурожаат этадилар. Бу эса хасталикнинг баъзи асоратлар қолдиришига сабаб бўлади.

– Сувчечак касаллиги қандай юқади?

– Сувчечак худди шу номдаги вирус қўзғатадиган ўткир ва юқумли касаллик бўлиб, хасталик асосан ўн ёшгача бўлган болаларда учрайди. Хасталикдан сўнг беморда турғун иммунитет ҳосил бўлгани учун мазкур касаллик қайталамайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, бу хасталикнинг юқиши жуда осон ва у бемор боладан сачраган сўлак орқали, ҳаво-томчи йўли орқали бошқаларга тезгина ўтади.

– Хасталикнинг белгилари ва кечиши, тошмаларнинг характерланиши ҳамда аллергиядан фарқланиши ҳақида.

– Сувчечакнинг яширин даври ўртача 14-15 кунни, баъзан 21 кунни ташкил этади. Касаллик бошланишида тана ҳарорати 38-39 даражага кўтарилади. Беморнинг танасига, оғиз ва кўз қовоқларининг шиллиқ пардасига сувли пуфакчалар тошади. Бола бўшашади, эти увишади, иштаҳаси пасайиб боши оғрийди, уйқусида безовта бўлади. Пуфакчалар кўпайиб, бора-бора аъзои-баданга тарқалади. Улар қаттиқ қичишиб беморга азоб беради. Уч-беш кундан кейин пуфакчалар тошиши тўхтаб, тана ҳарорати ҳам ўз меъёрига тушади. Шундан сўнг пуфакчаларнинг ҳаммаси ёрилиб, ўрнида ярачалар пайдо бўлади. Шу туфайли беморнинг овози бўғилади, йўталади ва нафас олиши қийинлашади. Тошмалар мош катталигидаги пушти доғлардан ва думалоқ-овал шаклдаги тугунчалардан иборат бўлиб, 20-24 соат ичида тиниқ серроз суюқлик тўла пуфакчаларга айланади. Асосан бошнинг сочли қисмида, юз, кўкрак, елка, ёнбош, қорин соҳасида ҳам пуфакчалар бирин-кетин пайдо бўлиб, 4-5 кун давомида кўпая боради. Ҳар гал янги тошма тошганда беморнинг тана ҳарорати кўтарилиб, беморнинг умумий аҳволи ёмонлашади. Пуфакчаларнинг атрофи қизил ҳошия билан ўралган бўлади, игна санчилса, пучаяди. Уларнинг ўрни қичишади, бир-икки кунда қуриб, тўқ жигарранг ёки қўнғир тусда пўст боғлайди ва икки-уч ҳафтадан сўнг ҳеч қандай чандиқ қолдирмай, улар тушиб кетади.

– Қандай ҳолларда касаллик асоратли кечади?

– Касаллик бошланишидан, айниқса, пуфакчалар тошиб келаётган пайтдан то яралар қуриб-қовжираб тушиб кетгунича касаллик юқумли бўлади. Шунинг учун беморни соғлом болалардан дарҳол ажратиб қўйиш лозим. Бу пайтда беморни тузалгунича боғчадан олиб қолиш, ҳатто меҳмондорчилик ёки одамлар гавжум бўладиган жойларга олиб бориш асло мумкин эмас. Сувчечак енгил кечганда тананинг у ёки бу соҳасига тошмалар тошади. Оғир кечганда эса беморнинг тана ҳарорати кўтарилиб, аҳволи ёмонлашади. Нимжон ва иммунитети пасайиб кетган болаларда баъзан касаллик асорат қолдириб ўтиши мумкин. Бунда тошмалар ўрни йиринглаб, абцесс, сарамас, (рожа) флегмона каби иккиламчи йирингли касалликлар бошланиши эҳтимолдан холи эмас.

– Бемор болани уйда парваришлаш қандай олиб борилади?

– Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сувчечак учун махсус муолажа қилиш шарт эмас. Фақат касаллик белгилари ва беморнинг ҳолатига қараб симптоматик даво усули қўлланади. Яъни, касалланган болани эътиборсиз қолдирмай, яхшилаб парваришлаш лозим.

Бунда тошма тошиш даврида, айниқса, тана ҳарорати кўтарилганда болани ётқизиб қўйиш, унинг ички кийимлари ва чойшабларини тез-тез алмаштириб туриш, бемор баданини тоза тутиш муҳимдир.

Пуфакчалар тошган жойларни қайнаган сув ёки калий перманганат (марганцовка)нинг оч пуштиранг кучсиз эритмасида ювиб туриш, бемор боланинг қўлини кунига икки-уч маротаба совунлаб ювиб, баданини қашишига йўл қўйманг. Боланинг тирноқларини олиб, қўлига дока қўлқоп кийдириш зарур. Пуфакчалар ўрни қичишишини камайтириш учун жароҳатларга калий пермаганатнинг нимтатир эритмаси ва 1-2 фоизли бриллиант яшили дорисидан суртиб туриш тавсия этилади.

– Хаста боланинг иссиғи кўтарилган пайтда унга қандай ёрдам кўрсатилади?

– Иссиғи баланд бўлса, боланинг лаби ва оғзи тез-тез қурийди. Лаббурчаклари баъзан ёрилиб, бола оғзини очишга қийналади. Овқатланаётган пайтда ёрилган жойлари ачишади ва унинг битиши қийинлашади. Бундай пайтда беморнинг лабларига сариёғ ёки стерилланган, доғланган пахта мойи суртиш, беморга кўпроқ суюқлик ичириш лозим. Оғзи қуриса, каттароқ ёшли боланинг ўзи ҳам сув сўрайди. Шунда илиқроқ чой, қайнаган сув ёки 5 фоизли глюкоза эритмаси билан беморнинг оғзини ҳўллаб турилади. Каттароқ ёшли болаларда тоза дастрўмол бўлиши лозим. Гўдакларнинг бурнини эса стерилланган дорихона пахтаси билан тозалаб, бурун йўлларида қатқалоқлар бўлса, вазелин ёки пахта мойига ботирилган пилик билан секин олиб ташлаш зарур.

Бемор болага тоза ҳаво ва ёруғлик зарур. Уни чанг, кучли шамол ва шовқин-сурондан холи жойда сайр қилдириш керак.

– Болани овқатлантиришда парҳезга риоя қилиш шартми?

– Болани тўғри овқатлантиринг. Иситмаси чиқиб турган пайтда у кўпинча овқатдан бош тортади. Касаллик ўткир кечганида эса баъзан боланинг меъда-ичак тизими фаолияти бузилади. Бемор қайт қилиши, ичи кетиши мумкин. Бу пайтда уни зўрлаб овқатлантирмаслик лозим. Балки тез-тез сув ичириб, 10-12 соат давомида овқат бермаслик керак. Оғзи оғриб, овқат ея олмай қолса, унга илиққина суюқ овқат ёки сабзавотлари эзиб пиширилган шўрва, шавла ва бўтқалар, сабзавот пьюреси, кисель беринг. Касал болага нордон ва аччиқ таомлар едириш мумкин эмас. Беморнинг ичи равон бўшалиб туриши жуда муҳим. Ичи қотганда эса клизма қилинг. Шифокор келгунича унга ҳеч қандай овқат бермасдан, тез-тез қайнаган сув ёки илиқ чой ичириб турганингиз маъқул.

– Бемор ётган уйни дизинфекция қилиш лозимми?

– Сувчечакда хоналарни дезинфекция қилиш шарт эмас. Чунки, унинг қўзғатувчиси ташқи муҳитга жуда чидамсиз. Касаллик вируси одам танасидан ташқарида тез нобуд бўлади. Касал бола ётган хонани шамоллатиб туриш ва ҳўл латта билан тозалаш кифоя. Беморга яқин юрган бола уч ёшга тўлмаган бўлса, уни ҳам 10-15 кунча бошқалардан ажратиб қўйиш лозим.

– Хасталикнинг асоратлари ҳақида

– Хасталикнинг олдини олиш учун болани, албатта, сувчечакка қарши эмлатиш лозим. Сувчечакнинг асоратлари кам кузатилади. Агар тошмалар кўз мугуз пардасида бўлса, кератит (кўз мугуз пардаси яллиғланиши) келиб чиқади. Тошмалар томоқда кўпроқ бўлса, ларингит (ҳиқилдоқ яллиғланиши) кузатилади. Қулоқдаги тошмалар отит ривожланишига йўл очади. Заифроқ болаларда эса лимфаденит (лимфа тугунларининг яллиғланиши) пайдо бўлиши мумкин.

 

Орқага Чоп этиш