ru uz
Кефалогематома

Белгилари...

Кефалогематома асосан бола бош суягининг тепа қисмида юзага келади. Камдан-кам ҳолларда эса энса ёки пешанага яқин жойлашиши мумкин. Одатда кефалогематома гўдак ҳаётининг дастлабки 2-3-кунларида аниқланади. Аввалига терининг ранги, кўриниши ўзгармаслиги мумкин, бироқ жуда майда қонталашлар намоён бўла бошлайди.

Бу қандай хасталик?

Гематома — тананинг маълум қисмида ички қон кетиши натижасида қон тўпланиб қолишидир. Инсон бош суяги юмшоқ бириктирувчи тўқима билан қопланган, у тиббиётда суяк пардаси, дейилади. Суяк пардаси қон билан яхши таъминланади. Туғруқнинг жуда тез ёки секин кечиши гўдакнинг бошидаги майда қон томирларнинг ёрилишига ва бош суягининг устки қисмида қон тўпланиб қолишига олиб келиши мумкин. Бу тиббиётда кефалогематома, деб номланади.

Кефалогематома — бош суяги пардаси ва бошнинг ясси суяги орасида қон тўпланиб қолишидир. Хасталикнинг 3 босқичи мавжуд бўлиб, даво чоралари айнан шу босқичларга кўра белгиланади.

1-боскичда шишнинг диаметри 4 см.дан кичик бўлади;

2-босқичда 4-8 см. атрофида;

3-боскичда эса 8 см.дан катта бўлади.

Сабаби нимада?

  • Ҳомиланинг ҳаддан ташқари катталиги ёки она тос суякларининг кичиклиги. Яъни туғруқ жараёнида боланинг боши онанинг тос суяклари орасида сиқилиб қолганлиги туфайли томирлар ёрилиб, аста-секинлик билан қон туплана бошлайди.
  • Туғруқ жараёнида вакуум ёки акушерлик шприцларидан фойдаланилгани.
  • Гипоксия. Бола киндик ўқига ўралиб қолса ёки туғруқ жараёнида оғиз бўшлиғига суюқлик тўпланиб қолса.
  • Ҳомиланинг нотўғри келиши ҳам кефалогематомага сабаб бўлиши мумкин.

Аниқлаш усуллари

Одатда гематомани аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Шифокор онадан туғруқнинг қандай кечганлигини суриштиради, боланинг бош суяги кўздан кечирилади. Кефалогематоманинг жойлашиши ва бола бош суягида нуқсон йўқлигини аниқлаш учун ультратовуш текшируви тайинланади. Баъзи ҳолларда магнит резонанс томография текшируви ҳам буюрилиши мумкин.

Жарроҳлик амалиёти қачон ўтказилади?

Агар гематома узоқ вақт давомида сўрилиб кетмаса, суяк пардасида қотиш жараёнлари бошланади. Оссификация (қотиш) натижасида бош суягининг шакли ўзгариши мумкин. Бундай ҳолларда шифокорлар жарроҳлик амалиётини ўтказишни тавсия этадилар.

Шунингдек, кефалогематоманинг йиринглаши ҳам жарроҳга мурожаат қилишга етарли асос ҳисобланади. Ўтказилган операциядан сўнг боланинг саломатлиги бир йил давомида мутахассислар томонидан кузатиб борилади.

Асоратларидан эҳтиёт булинг!

Кефалогематома пайдо бўлганда кўп қон йўқотилиши натижасида анемия, қонда гемоглобин миқдорининг камайиши юзага келиши мумкин.

  • Агар гематоманинг диаметри катта бўлса, ичидаги қон атрофдаги тўқималарга сингиб, танага билирубин моддасини тарқатади. Натижада кичкинтойда сариқлик юзага келади. Бироқ бу сариқлик гўдакларда учрайдиган физиологик (10 кун ичида ўтиб кетувчи) сариқликдан фарқли равишда узокроқ давом этиши мумкин.
  • Гематоманинг йиринглаши. Гематома вирус ва инфекцияларнинг ривожланиши учун кулай муҳит ҳисобланади. Агар кефалогематомага инфекция тушса, газак ола бошлайди. Бунда терининг юзаси қизариб, ҳарорат кўтарилади.
  • Оссификация (гематоманинг қотиши). Ўз вақгида аниқ- ланиб даво чоралари кўрилмаганда кефалогематома қотиб, жарроҳлик аралашувига олиб келади.

Қандай парваришланади?

Кефалогематомага чалинган кичкинтойни олти ойгача тебратиш, силкитиш мумкин эмас. Кичкинтой учун имкон қадар тинч муҳит яратишга ҳаракат қилиш, хотиржамлигини таъминлаш лозим. Зарурат туғилганда шифокор дори-дармон воситалари ва турли витаминларни тайинлаши мумкин. Хусусан, қон ивувчанлигини яхшилаш мақсадида К витамини тавсия этилади.

Сўрилиб кетадими?

Аввалига кефалогематома аниқланган гўдаклар шифокор назорати остида кузатилади. 80 фоиз ҳолларда гематома 10-14 кундан сўнг ўз-ўзидан сўрилиб кетиши аниқланган. Тўпланган қон миқдори оз бўлса, махсус даво чораларини кўриш шарт эмас. Бироқ, албатта, шифокор назорати остида шишнинг ҳолати кузатиб борилади.

Агар гематоманинг диаметри 8 см.дан катта бўлса, шифокор томонидан пункция усулига мурожаат этиш тавсия қилиниши мумкин. Яъни гематоманинг девори махсус игна ёрдамида тешилиб, ичидаги қон сўриб олинади ва қаттиқ қилиб боғлаб қўйилади. Амалиётга бола 10 кунлик бўлганидан кейин мурожаат этиш лозим. Пункция амалиётидан сўнг гўдак педиатр ва болалар жарроҳи назорати остида бўлиши даркор.

Олдини олиш учун

Ҳомиладор аёл соғлом турмуш тарзига риоя этиши, вирусли респератор хасталиклардан ўзини асраши, шифокор назоратисиз дори воситаларини қабул қилмаслиги, айниқса, қон қуйилишига олиб келувчи препаратларни қабул қилишда эҳтиёт бўлиши, гипоксия юзага келишининг олдини олиш чораларини кўриши, шифокор тайинлаган витамин ва минераллар комплексини ўз вақтида қабул қилиб бориши лозим. Шунда болада кефалогематома юзага келиш хавфи камаяди.

Хасталик ўз вақтида аниқланган ва шифокор тавсиясига кўра, даво чоралари кўрилган тақдирда бутунлай даволанади. Шунинг учун бундай ҳолларда ортиқча ҳаяжон ва саросимага берилиш керак эмас. Муҳими, кичкинтойнинг саломатлигига беэътибор бўлмаслик.

 

Орқага Чоп этиш