ru uz
Туғма юрак нуқсонлари

Кўп учраётганлари...

Ҳозирга келиб, болажонлардаги юрак коринчалариаро нуқсонлари ҳамда бўлмачалараро патологиялар кўпроқ учраб турибди. Хасталикнинг келиб чиқиш сабаби ҳомиладорликнинг меъёрда ўтмаслигига бориб тақалади. Стресс, инфекцион  касалликлар, зарарли одатлар, носоғлом турмуш тарзи, бир сўз билан айтганда, ҳомила ривожланишига ножўя таъсир кўрсатувчи ҳар қандай омил юрак соҳасидаги ўзгаришларга олиб келади.

Эрта ташхислаш имкони борми?

Ҳомиладаги туғма нуқсонларни барвақт аниқлашда скрининг ва доплер текширувлари юрак хасталикларини ҳам кўрсата оладими?

Аслини олганда, ҳомиладорликнинг ҳар бир босқичида маълум турдаги текширувлардан ўтиб бориш лозим. Доплер текшируви ҳомиланинг барча ички аъзолари, хусусан, юрак ишини баҳолаш имконини беради. Борди-ю юрак фаолиятида бирор бузилиш ёхуд ривожланиш нуқсони аниқлангудек бўлса, аёл махсус перинатал марказ мутахассисларига йўналтирилади.

Ҳомилада юрак нуқсонининг оғир шакли (ёки бир қанча нуқсонлар) аниқланса ва бу ҳомиладорликнинг эрта муддатларига тўғри келса, жуфтликларга вазият тушунтирилиб, ҳомиладорликни тўхтатиш тавсия этилиши мумкин. Чунки туғма нуқсонларнинг туғруқдан сўнг коррекция қилинадиган ва аксинча ҳаёт сифатини яхшилаш имконини истисно этувчи турлари ҳам бор.

Агар ҳомиладаги туғма юрак патологияси кеч муддатларда аниқлангудек бўлса, аёл ҳомиладорликнинг қолган даврини шифокорлар назоратида ўтказиб, туғруқ перинатал марказда амалга оширилади.
Гўдак дунёга келгач, умумий аҳволи, касаллик даражасидан келиб чиқиб кейинги муолажалар тайинланади.

Ҳомилада туғма юрак нуқсони мавжуд бўлганида сўнгги қарор туғруқ олди қабул қилинади. Агар бўлажак онанинг аҳволи қониқарли бўлиб, ҳомилада жиддий ўзгаришлар кузатилмаса, табиий туғруқ ўтказилади.
Бирор муаммо келиб чиқса, режали ёки шошилинч кесарча кесиш амалиёти амалга

Бугун болалардаги юрак операцияларининг сони аввалгига қараганда кўпайган. Кўрсаткичнинг юқорилаб бораётгани хасталикларнинг авж олиши ёки бошқа омилларга боғлиқ эмас. Аксинча, аҳоли ўртасида хабардорлик, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш ва замонавий диагностика усуллари ёрдамида муаммони эрта аниқлаш тушунчаларининг шаклланиб бораётгани натижаси. Хусусан, муштарийимизнинг мурожаатида тилга олинган болалардаги туғма юрак нуқсонлари ҳам самарали даволанмоқда. Жарроҳлик амалиёти ҳақида сўз очилганида, табиийки, унинг кейинги асоратлари, такрорий ўтказилиши ва болакайнинг жисмоний ҳолатида акс этиши каби бир қатор саволлар ўйлантириб қўяди. Демак, шу саволларга ойдинлик киритамиз.

Операция қачон ўтказилади?

Кичкинтой дунёга келди. Жарроҳлик амалиёти талаб этилиши аввалдан маълум эди. Муолажа қачон ва қай ҳолатда бажарилади?

Айрим турдаги туғма ривожланиш нуқсонлари гўдак дунёга келгач, бир неча соат ёки кунлар мобайнида жарроқлик аралашувини талаб этади. Юрак хасталикларида ҳам шундай. Аввал болакай тиббий текширувлардан ўтказилади. Хасталик тури ва даражасига ташхис қўйилгач, жарроҳлик амалиёти белгиланади. Баъзи юрак нуқсонларининг операцияси бир ёшгача, баъзилари эса ёшига тўлгач бажарилиши мумкин. Аммо фарзандида юрак хасталиги борлигини билмаган ёки шифокорларнинг сўзларига эътиборсизлик қилиб, «Касали бор дейишганди, ўтиб кетар дебмиз» қабилида иш кўраётганлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, кеч мурожаат қилаётган беморларда касаллик
асоратлари юзага чиқа бошлаган бўлади. Кўпчилиги операция қилинадиган муддатни бой беришади. Бу билан энди ҳеч нима қилиб бўлмайди, демоқчимасмиз. Даволаймиз, аммо соғайиши узоқроққа чўзилиши мумкин.

Хасталик аломатлари

Ҳомиладорлик меъёрда кечган, ота-она фарзандида юрак нуқсони борлигидан бехабар. Бундай ҳолатда хасталик бирор белги берадими? Айнан қандай белгиларга диққат қаратиш лозим?

Туғма ривожланиш нуқсонларининг турлари кўп. Кузатилиши мумкин бўлган аломатлар айнан патология турига боғлиқ. Тиббиётда юрак хасталиклари «оқ» ва «кўк» турларга ажратилади. Агар болакайда юрак касалликларининг «кўк» тури бўлса, лаб атрофи, танасининг айрим қисмларида кўкариш кузатилади, бармоқлар ўзгариши, доимий равишда нафас қисиши, жисмоний ҳаракатлар вақтида тез чарчаб қолиш рўй бериши мумкин. «оқ» турида эса болакай ортиқча безовталанмайди, бемалол ҳаракатланади, аммо тасодифан
ўтказилган тиббий кўрик вақти юрак нуқсони фош бўлади. Бирор белгиси бўлмас экан-да, деб ўйламанг. юрак нуқсонининг бу турида ҳам болакай вақти-бемаҳал ҳолсизланиши, нафас олиш маромининг бузилишидан шикоят қилади, аммо эътибор берилмагани туфайли касаллик яширин тарзда ўтади.

Такрорий ўтказилиши мумкинми?

Болалардаги юрак операциялари бир марта ўтказилиши кифоями ёки қандайдир ҳолатларда такрорий жарроҳлик аралашуви талаб этилиши ҳам мумкинми?

— оғир турдаги юрак туғма нуқсонларининг айрим турлари бир неча босқичли жарроҳлик амалиётига йўналтирилади. «кўк» турдаги юрак хасталиклари мисол учун биринчи босқичдан сўнг маълум вақт ўтиб, кейингилари бажарилади. Шу тариқа муолажа якунига етказилиб, кутилган натижага эришилади.

Юрак нотўғри жойлашса...

Бу ҳам туғма юрак нуқсонларидан бири саналади. Юракнинг ўнг тарафда жойлашиши хавфли эмасми?

Мазкур патологияда юрак ўнг тарафда ёки кўкрак қафасининг ўртасида жойлашиши мумкин. Унинг жойлашуви номеъёрий кўринишда бўлса-да, патология кузатилмаса, жарроҳлик аралашуви талаб қилинмайди. Аммо бемор шифокор назоратида бўлиши лозим. Борди-ю нотўғри жойлашган юракда бирор нуқсон бўлса, операция ўтказилиши мумкин. Лекин юрак жойида қолади, фақат муаммо бартараф этилади, холос.

Амалиётнинг қандай турлари бор?

- туғма юрак нуқсонлари операцияси икки хил усулда бажарилади.

— биринчиси, очиқ юракда ўтказилиб, бунда юрак маълум муддатга тўхтатиб қўйилади. Унинг вазифасини эса махсус аппарат амалга оширади.

иккинчиси, юракнинг ёпиқ усулдаги амалиётидир. Бунда юракнинг ишлаб турган ҳолатида зарур муолажалар бажарилади.

 

Фарзандларимиз саломатлиги ҳар нарсадан устун. Юраклари бақувват ва соғлом бўлсин!

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш