ru uz
Кичкинтой эмишдан бош тортса...

Мазкур ҳолатнинг сабаби ҳаммада ҳар хил: баъзан кичкинтойнинг тоби бўлмаса, баъзида она ҳаддан зиёд терлайди ва бу миттивойга ёқмаслиги мумкин. Эмишдан бош тортиш вақтинчалик ҳолат бўлса-да, доимийга айланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Хўш, бу вазиятда нима қилиш даркор? Сабабини ахтарамиз!

Болани нотўғри эмизиш.

Гўдакни тинчлантириш учун пешанасидан силаб, кўкракни фақат учи эмас, айланаси билан боланинг оғзига киритиш керак.

Аёлда кўкрак учининг чиқмаслиги. Бундай пайтда шошмасдан кўкракнинг учи­ни болага тутқзавериш лозим. Эмизишдан аввал кўкрак учини ўнг-чапга чўзиб-тортиб уқалаш тавсия этилади. Эмизиш пайтида болага кўкракни тўғри тутиш ҳам муҳим: бунда бир қўл билан боланинг бошини ушлаб, иккинчи қўл билан эса кўкракни тутиш кераклигига аҳамият беринг. Қўлнинг тўрт бармоғи кўкрак остида кўкракни тутиб турса, бош бармоқ кўкрак устида жойлашади. Агар бола эмишдан бош тортса, мажбурлаб кўкракни оғзига киртизиш шарт эмас. Бор-йўғи лабларига озроқ сут томизинг. Кўкрак учининг тортилиши она учун муаммо. Лекин сабр билан ёндашсангиз,

2 ҳафтадан кейин кўкракнинг учи пайдо бўлади. Қўшимча асбоб ёрдамидан эса кунига икки мартадан кўп фойдаланиб бўлмайди. Бу даврда асабийлашмай, мақсад сари ҳаракат қилаверсангиз, ҳаммаси изига тушади.

Кўкракнинг қаттиқлиги.

Баъзи аёлларнинг кўкраги қаттиқ бўлиб, бола кўкракни сурса-да, ютингани сезилмайди, натижада миттивойнинг қорни тўймай, эмишдан буткул воз кечади.

Хўш, нима қиласиз: эмизишдан аввал кўкракни иссиқ сувда ювиб, қовурға ва кўкрак қафаси соҳасини яхшилаб уқалаш керак.

Сутнинг ёғлилиги. Текширув пайтида сутингиз ҳақиқатан ҳам ёғли экани аниқланса, овқатланишда сут, пишлоқ, сариёғ ва чақ-чуқларни камайтиринг.

! Езда она сути қуюлишининг олдини олиш учун бир кунда камида 2,5 литр суюқлик ичиш ва офтобда камроқ юриш маслаҳат берилади. Эмизикли аёлнинг кўкраги қуёшнинг зарарли нурларига таъсирчандир. Овқатланишда мева-сабзавотларни таомномага биттадан киритиш ва боланинг аҳволини кузатиш зарур. Агар аллергик таъсир сезилмаса, деярли барча меваларни оз-оздан ейиш мумкин.

! Шоколад, денгиз маҳсулотлари, таркибига сирка, майонез солинган аччиқ соуслар, ёғли, думба, дудланган гўшт ва ҳоказоларни истеъмол қилмасликка чақирамиз.

Сутнинг «аччиқ»лиги.

Сутнинг таъми онанинг таомномасига қараб ўзгариб, мазасини йўқотиши мумкин. Кўкпиёз, саримсоқпиёз, гулкарам қўшилган таом ва салат, аччиқ зираворлар, турп, редиска кабиларни емасликка ҳаракат қилинг. Шунингдек, сутнинг таъмини гормонап дори ва антибиотиклар ҳамда доривор гиёҳли чойлар ҳам бузади.

Онадан ғалати ҳид келиши. Бошқа атир ишлатишингиз, бировнинг кийимини кийишингиз ва ҳоказо. Эмизишдан аввал доим чўмилиб олишга одатланинг. Иложи борича, эмизиш пайтида алоҳида кийим кийишга ва атир сепмасликка ўрганинг.

Хайз пайти, ҳомиладорлик. Сутнинг таъмини сезиларли даражада ўзгартирадиган омиллар. Бу даврда сутдаги гормонлар даражаси юқори бўлади, бу эса боланинг ичи бузилиши, ҳатто унинг боши оғришига олиб келади. Иложи борича, кўпроқ газсиз минерал сув, наъматакли, мевали, мурабболи чойлар ичишингиз керак. Лекин ҳомиладор бўлсангиз, яхшиси, эмизишни тўхтатинг.

Она сутида микроб (стафи­лококк) пайдо бўлса ҳам бола эмишдан бош тортади. Бу ҳолат болада кучли йиғи, қорин оғриғи, ичнинг яшил-кўкимтир келиши, вазн қўшмаслик, ухламаслик билан ифодаланади. Микробларга тахмин қилинганида сутнинг таркибини текширтириш керак. Стафилококк моддаси анча пайтгача боланинг ичаклари, ҳатто асаб тизимига салбий таъсирини ўтказиб тураверади. Бундай ҳолатда эмизишни тўхтатиш ёки тўхтатмаслик ҳақидаги қарорни касапликнинг оғирлигига қараб шифокор белгилайди.

Бола томонидан…

Эмишдан бош тортишига боланинг тишлари чиқиши, бош мия ички босимининг кўтарилиши, аллергик таъсирлар, танглайнинг туғма нуқсони, стоматит, тумов, қорин oғриғи сабаб бўлиши
мумкин. Бундай пайтда шифокор кўриги шарт! Агар оғизда яра бўлса, истеъмол содаси эритмасида бинтни намлаб боланинг oғиз бўшлиғини артиш, кўкракни эмизишдан аввал совунлаб
ювиш керак. Боланинг қорни оғриётган бўлса, овқатланишда дуккаклилар, сут, олма ва карам истеъмол қилмай туриш айтилади.

Меҳрингизни қизғанманг!

Миттивой эмишдан бош тортса қам, лабларини сутингизда намлаб туришга ҳаракат қилаверинг. Лекин бунинг акси бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Агар юқоридаги ҳолатларни бартараф қилсангиз ҳам бола эмишдан бош тортаверса-ю, фарзандингизнинг тана вазни, умумий аҳволи шифокор-педиатр томонидан қониқарли деб топилса, қўшимча овқатланишни кўпайтиришдан бошқа чорангиз йўқ.

 

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш