ru uz
Яримтайёр егуликлар панкреатитга сабаб бўлади!

Болаларда қорин оғриғи тез-тез учраб туради. Ошқозон оғриғи, қайт қилиш, ҳолсизлик кабилар ҳам кичкинтойларни кўпинча безовта қилиши мумкин. Агар билсангиз, бунинг ортида панкреатит номли сурункали хасталик яширинган бўлиши мумкин. Шу боис боланинг соғлигидаги ўзгаришларга доим эътиборли бўлиш керак.

Қандай вазифани бажаради?

Ошқозоннинг орқа тарафида меъдаости бези жойлашган бўлиб, у ўн икки бармоқли ичакка уланган. Панкреатит - худди шу без тўқималарининг яллиғланиши натижасида юзага келувчи касалликдир. Меъдаости бези оқсил ва ёғларни парчалашда фаол қатнашувчи ҳазм ферментларини ишлаб чиқариб, қонга қўшилувчи ҳамда глюкоза миқдорини меъёрлаштирувчи гормонлар секрециясида иштирок этади.

Бирор сабаб билан ушбу вазифалар тўлиқ бажарилмаса, без ҳужайралари зарарланиб, бола саломатлигида муаммолар юзага келиши мумкин.

Енгил, ўрта ва оғир...

Касаллик кечишига кўра, икки турга бўлинади: ўткир ва сурункали. Ўткир панкреатит ва унинг асоратлари болаларда кам учрайди. Аломатларсиз ўтувчи сурункали хасталик тури эса нисбатан кўпроқ.

Касаллик енгил, ўрта ва оғир шаклда кечади. Одатда, кечиктирилмаган ташхис ва даволаниш натижасида жажжи бемор соғлиги тикланади. Аксинча ҳолатда эса ички аъзоларнинг тўқима ва томирларида салбий ўзгаришлар содир бўлиши эҳтимоли бор.

Оғиз ҳидланса, бефарқлик қилманг!

Ёш болаларда панкреатит сурункали тарзда, белгисиз ёхуд белгилари яққол намоён бўлмаган ҳолда ўтади. Катта ёшлилар ва ўсмирларда эса мазкур касалллик оғирроқ кечиб, аломатлари ҳам яққол сезилади.

Ўткир панкреатитнинг асосий белгилари: қориннинг юқори қисмида оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, оғиз қуриши ва ҳидланиши, бемаза таъм туйиш, тилнинг оқиш тусга кириши, тана ҳарорати 37-37.3 даражага кўтарилиши, қувватсизлик, ҳушдан кетиш кабилардир.

Сурункали шакли яққол белгиларсиз кечган тақдирда ҳам қуйидагиларни пайқаш мумкин: қорин соҳасида оғриқ ва кўнгил айниши, бош айланиши, айниқса, жисмоний ҳаракатлардан сўнг безовталик кучайиши. Бу ҳолатлар бир неча соатдан бир неча кунгача давом этади.

Ташхис қўйишда зарур...

...Умумий қон ва пешоб таҳлили, қоннинг биокимёвий текшируви (қонда диастаза микдорини аниқлаш), копрограмма (нажаснинг тўлиқ текшируви) ўтказилади Бундан ташқари, меъдаости бези ва қорин соҳасида жойлашган ички аъзолар ультратовуш ускунасида текширилади.

Ширинликлар тақиқланади!

Панкреатит дори воситалари ҳамда қатъий парҳезга риоя этилган ҳолда даволанади. Парҳез таомлар панкреатит ферменти камроқ ишлаб чиқарилиши ва унинг тўқималарга зарарли таъсирини камайтиришга хизмат қилади. Унли маҳсулотлар, хамирли таомлар ширинликлар, қовурилган, дудланган ва маринадланган егуликлар тақиқланади.
Хасталик белгилари яққол намоён бўлганида дастлабки икки кун беморга енгил таомлар, наъматак дамламаси, кўк чой, газланмаган минерал сув бериш керак. Секин аста таомнома кенгайтириб борилади, творог, суюқ бўтқалар ейишга рухсат берилади

Тузалиш палласига ўтган болакай учун ёғсиз гўшт, парранда ва балиқ гўшти, сули ёрмаси, соя маҳсулотлари ҳамда картошка фойдалидир. Қоринни дам қилувчи (турп, карам, узум, нўхат, мош, ловия), қаттиқ донли бўтқалар (маккажўхори бўтқаси), ёғли шўрва ва қовурмалар, зираворлар, дудланган ва шўр егуликлар таомномадан вақтинча четлатиб турилади.

Эҳтиёт бўлинг, инфекция!

Болалардаги панкреатит туғма (камдан-кам) ёки орттирилган бўлиши мумкин. Табиийки, хасталикнинг туғма шакли наслий моиллик туфайли, орттирилгани эса кўп ҳолларда қорин соҳасига кучли зарба тегиши, инфекция (герпес, мононуклеоз. паротит, сальмонеллёз)лар сабаблидир. Қолаверса, антибиотик ва бошқа айрим дори воситалари таъсирида меъдаости безидан ҳазм ферментлари ажралиб чиқади. Бактериал ва вирусли инфекциялар билан оғриш реактив панкреатитни кўзғаши мумкин. Нотўғри овқатланиш тўғридан-тўғри панкреатитга йўл очади. Газланган ичимликлар, фастфуд, қовурилган ва ёғли таомлар, картошка чипсларини ҳазм қилиш учун меъдаости бези ферментларни кўпроқ ишлаб чиқаришга мажбур бўлади. Бу эса аввало, безнинг ўзи, қолаверса, бутун тана учун хавфли.

Олдини олиш чоралари

Бола ҳар куни тўрт-беш маҳал, муайян бир вақтда оз-оздан ва тез-тез тановул қилиши керак. Қолаверса, унинг кун тиртибини тўғри ташкил қилиш, вақтида ором олиши, тоза ҳавода сайр қилишига эътиборли бўлиш панкреатит юзага келиш хавфини камайтиради.

  •  

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш