ru uz
Болалардаги соч оқариши ёхуд рангпарлиги

35-40 ёшли кишининг сочига оқ оралаганини кўрсак, ажабланмаймиз. Йиллар давомидаги стрессли вазиятлар, нотўғри овқатланиш, сурункали касалликлар, сочларнинг етарлича парвариш қилинмаганлигининг натижаси бу. Худди шу ҳолат кичик ёшли болаларда кузатилса-чи, ўйланиб қоласиз, шундайми? Мантиқан олиб қаралганида, ёш организм ривожланиш босқичларидан ўтяпти. Демак, соч толасининг оқариши каби муаммо унга хавф солмаслиги керак. Хўш, у ҳолда бу вазиятни қандай тушуниш керак? Бугун ана шу ҳақда суҳбатлашамиз.

»Ранг ўзгаришининг боиси нима?

Соч толаси рангининг қандай тусда бўлиши икки омилга боғлиқ, булар — ирсият ҳамда қондаги гормонлар даражасидир. Шунингдек, соч толаси рангини белгиловчи пигмент моддасида ҳам гап кўп. Таомилига кўра, пигмент модда иккига бўлинади, эумеланин (қора ва жигарранг соч толаси ранги) ва феомеланин (сарғимтир ва қизғиш туслар). Пигмент моддалар синтези меланоцитлар ҳужайрасида юз беради. Соч толасининг узунаси бўйлаб тарқалган тусига аҳамият берсангиз, юқори, ўрта ва пастки қисмининг ранги бир-биридан фарқ қилишини кўрасиз. Ва бу табиий ҳолатдир. Соч толасининг қайсидир қисмида меланоцит фаол ишлаб чиқарилади, қай биридадир бунинг акси. Ёшга доир ўзгаришлар, сурункали касалликлар ҳамда ички аъзо патологиялари меланоцит фаоллигига таъсир кўрсата бошласа, унинг иши сустлашади. Натижада, соч толаси табиий рангини йўқотиб боради. Бу сиз билган соч оқаришидир.

Соч ҳужайраси ўзида водород пероксидини ишлаб чиқариш хусусиятига эга. Унинг қай миқдорда мавжуд бўлиши, соч толаси рангининг очариб боришини пайдо қилади. Ўрта ёшга қадар, соч толаси ҳужайрасидаги водород пероксиди махсус ферментлар ҳисобига фаоллаша олмайди. «Чегара»дан ўтилгач эса водород пероксидининг «бағри»га шамол тегиб, ферментларни писанд қилмай қўяди. Натижада, соч толаси ўзини-ўзи, ичидан емира бошлайди. Бу жараённинг интиҳоси ҳам соч оқаришидир.

Сабаби авитаминоздир, эҳтимол.....

Аксарият ота-оналар наздида шундай. Бола организмида витамин ва минерал моддалар танқислиги кузатилса, тишлари кариес бўлади, сочи тўкилади, ақлий фаолияти пасаяди... Аммо болалардаги соч тўкилишининг бошқа сабаблари ҳам борки, ҳар бири муҳим аҳамиятга эга.

Наслий омил. Оила аъзоларининг бирида эрта соч оқариши (ота авлодидан ўғилга, она авлодидан қизга ўтади) кузатилган бўлса, бу жараён фарзандларнинг қай биридадир такрорланиши мумкин. Ҳамма гап авлоддан-авлодга ахборот ташувчи генларда. Афсуски, улар билан келишишнинг имкони йўқ.

Альбинизм. Пигмент моддасининг туғма мавжуд бўлмаслиги билан изоҳланувчи хасталикда, соч толаси рангсиз, шаффоф, баъзан оқишсимон рангда бўлади. Ушбу патология бола ҳаётининг илк дақиқалариданоқ аниқланади.

Витаминлар танқислиги. Ривожланаётган бола организми оқсил, углевод, ёғ ва бир қатор фойдали моддаларга эҳтиёж сезади. Хусусан, В12 витамининингетишмаслиги ёхуд керагидан ортиб кетиши, соч толасининг оқаришини пайдо қилиши мумкин.

Шунингдек, А, С ва Е дармондорилари кам миқдорда қабул қилинганида ҳам соч толаси тузилишида ўзгариш бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Эндокрин тизим касалликлари. Иммун тизимининг заифлашуви, қалқонсимон без хасталиклари, ички секреция безлари фаолиятидаги ҳар қандай ўзгаришлар меланоцитлар фаоллиятига таъсир кўрсатади. Ўсмир ёшли қизлардаги соч оқариши гормонал ҳолат бузилишидан дарак бўлиши мумкин.

Ирсий хасталиклар. Айримлари соч толаси ҳамда тери рангининг оқариши, талваса хуружлари билан белги беради.

Витилиго. Тана қисмларига оқ доғ тушишидан ташқари соч толаси рангида ҳам ўзгариш келиб чиқади.

Ташқи таъсирлар. Жисмоний ва ақлий меҳнат юкламасининг организмга зўриқиш бериши, стрессли вазиятлар соч толаси ранги учун жавобгар моддаларни шошириб қўяди. «Қаттиқ ҳаяжон»га тушиб қолган пигмент моддалари то ўзини ўнглаб олгунича соч толаси табиий рангини йўқотиши мумкин.

Қайталанувчи грипп, инфекциялар, юрак-қон томир касалликлари, буйрак ва жигар хасталиклари фонида ҳам баъзан сочга оқ тушади.

Ошқозон ости безида яллиғланиш аниқланганида ҳам соч толасининг оқариши келиб чиқиши мумкин.

Гўдаклардаги оқарган соч толаси ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида левомицетин гуруҳига мансуб препаратларнинг қабул қилинганлиги асорати ҳисобланади.

Узоқ вақт қуёшда юриш ҳам соч толаси рангининг ўзгаришини келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, боланинг кимёвий эритмаларга тегиниши (масалан, водород пероксиди), айрим турдаги дори воситалари, ишқорли ювиниш воситалари ҳам соч толаси рангига ножўя таъсир кўрсатишини унутманг.

Кимга мурожаат этилади?

«Бир-икки дона оқарган соч толаси у қадар ваҳимали эмас», десангиз, адашасиз. Вазият мураккаблашмасидан аввал болани шифокор-педиатр кўригига олиб бориш зарур. Мутахассис кичик беморнинг умумий аҳволини ўрганиб, ташқи белгиларга баҳо беради. Сўнг умумий қон таҳлили, В12 витаминига доир текширув, қалқонсимон без гормонлари ҳолатини аниқловчи синалма ҳамда иммун тизими даражаси аниқланади.
Зарур ҳолларда гижжага қарши текширув тайинланади.

»Кам-камдан ёки аксинча...

Соч оқариши бир неча кўринишларда намоён бўлади. Хусусан, соч толаси оз-оздан, доналаб рангини йўқотиб боради; тутамлаб соч оқариши; бошнинг айрим қисмларидагина соч оқаришининг кузатилиши каби. Баъзан ранги очариб бораётган соч толаси кетма-кетликда жойлашади. Бу ҳам организмдаги маълум ўзгаришларнинг таъсиридир.

«Олдириб ташласам-чи?»

Боланинг оқ сочлари, агар у ирсиятга боғлиқ бўлмаса, табиий рангини тиклай олади. Аммо бунинг учун сочни олдириш шартмас. Негаки, соч толаси қайчилангани билан илдиз қисми ўзгармай қолаверади. Айрим ота-оналар оқарган соч толасини хина ёки шу каби ранг берувчи воситаларга бўяб кўришади. Бу ҳам хато! Вақтинчалик таъсирини инкор этолмасак-да, ҳатто, юз фоиз табиий маҳсулот дея харид қилинган хина ҳам соч толасига зарар етказиши ҳеч гап эмас. Қолаверса, бу тариқа муаммони ҳал этиш соч толаси тузилишини ўзгартириб юборади.

Дори ичирамизми?

Дастлаб, тиббий таҳлилларга юзланиш лозим. Агар соч оқариши инфекциялар, гормонал ўзгаришлар ёхуд бирор-бир хасталик асорати бўлса, ташхисига кўра муолажа тайинланади. Шифокор соч толаси рангининг тикланишида витаминлар мажмуасини буюради. Айниқса, фолий ҳамда парааминобензол кислоталари фойдалидир. Бу икки микроэлемент деярли ҳар бир витаминлар мажмуасидан ўрин эгаллаган. Муолажага қўшимча равишда бола таомномасини қайта кўриб чиқиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Соч тўкилиши, сийраклашиши ҳамда оқ оралашида, асосан, карам, ўрик, гилос, пиёз, маймунжон каби маҳсулотлар тавсия этилади.

10—12 ёшли болалар петрушка илдизи шарбатини 30 миллилитрдан, кунига икки-уч маҳал қабул қилишлари мумкин.

Мезотерапия?! Наҳотки...

Соч оқариши муаммоси билан шуғулланувчи тиббиёт марказларида мезотерапия усули ўтказилиб келинади. Мазкур муолажа махсус ишлаб чиқилган ҳамда фойдали бирикмалар билан бойитилган инъекцияни бош терисига юбориш орқали амалга оширилади. Инъекция суюқлиги таркиби бу аминокислоталар, рух ва бошқа фойдали бирикмалардир. Оқарган соч толасининг миқдорига кўра мезотерапия ўн мартагача ўтказилиши мумкин. Мутахассислар фикрича, муолажа турли ёшдаги болаларда ўтказилиши мумкин ва мутлақо зарарсиздир.

Мезотерапия эмизикли гўдаклар, тери касалликлари, онкология, қон ивишининг бузилиши, неврологик хасталиклар, руҳий мувозанатнинг қониқарсизлиги ҳамда инъекция таркибидаги бирикмаларга юқори сезувчанлик мавжуд бўлганида ман этилади.

Орқага Чоп этиш