ru uz
Қизилўнгачда ҳам чурра бўладими?

Қорин ва кўкрак бўшлиғи ўртасидан ўтган мушакли йўл диафрагма дейилади. Унинг асосий иши - нафас олишимизга ёрдам бериш. Диафрагмада кичик тешикча бўлиб, айнан ундан кейин кузилўнгач бошланади. Меъёрда қизилўнгач ҳеч қачон нафас йўллари соҳасига ўтиб кетмайди. Лекин ўрнини ўзгартирдими, қизилўнгач чурраси юзага келади. Англаганингиздек, бугун қизилўнгач чурраси ҳақида гаплашамиз.

Аёлларда мойиллик бор?!

Маълумотларга кўра, ушбу хасталик 50 ёшдан ошган аёлларда кўпрок, кузатилади. Бу даврда юзага келадиган камҳаракатлилик, овқатни кўп истеъмол қилиш ёки бирор-бир ошқозон касаллиги, гормонал бузилишлар, ички аъзолар, шу жумладан, қизилўнгач деворининг кенгайиб эластиклигини йўқотиши хасталикка замин яратади.

Муаммо сабаби нимада?

Баъзан одам табиатан қисқа қизилўнгач билан туғилиши мумкин. Яна бу ҳолат наслдан-наслга ўтиши ҳам кузатилади. Лекин аксарият ҳолларда хасталик инсон ҳаёти давомида орттирилади. Қизилўнгач чурраси овқатни кўп ейиш, ошқозон яраси, ошқозонда овқат туриб қолиши натижаси бўлиши ҳам мумкин.
Ҳомиладорлик ва туғруқнинг оғир кечиши, кўкрак соҳасини жароҳатлаш ҳам бунга сабаб бўлади.

Жиғилдонингиз қайнаса...

Бу касалликнинг илк белгисидир. Одатда, жиғилдон қайнаши овқат еб бўлгандан сўнг ёки тунда бошланади. Яна зўриққанда, чарчаганда, олдинга, ёнга эгилганда тўш ортида симиллаган оғриқ сезилиши мумкин. Ётганда оғриқ янада кучаяди.

«Томоғимдан овқат ўтмай қолди...»

Ушбу ҳолат барча қизилўнгач касалликларига хос. Айниқса, иссиқ ёки ҳаддан зиёд совуқ, қуюқ таом тановулида томоқда ютиниш қийин кечади, қизилўнгач соҳасида ҳам таом гўё тўхтаб, ўтмаётгандек туюлади. Яна бемор ҳиқичоқ тутиши, кекиришдан кўп азият чекади.

Ташхис биринчи ўринда!

Фиброгастроскоп ёрдамида шифокор қизилўнгач, ошқозон, ўн икки бармоқли ичакни текширади. Шунингдек, қоннинг умумий таҳлили, УТТ текшируви, зарур ҳолларда РН- метрия (ошқозон ширасини текшириш) амалга оширилади. Текширувнинг барча турлари оч қоринга бажарилади.

Бемор 2 кун давомида тамакидан воз кечиши, ҳеч қандай дори-дармон қабул қилмаган бўлиши керак. Даволашда ошқозон шираси ишлаб чиқилишини камайтирувчи, ошқозон шиллиқ қаватини ўраб олувчи ва шу тариқа овқатни тез ҳазм қилдириб, оғриқдан халос қилувчи препаратлар буюрилади.

Операция?

Диафрагма тешигини қисқартириш ёрдамида бемордаги оғриқли ҳолатлар тўхтатилади. Операция лапароскопия йўли билан амалга оширилади.

Юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон ўсмалари аниқлангудек бўлса, операция қилинмайди.

Парҳезга риоя қилишингиз шарт

  1. 0вқатни буғда ёки димлаб тайёрлаганингиз фойда. Таомлар яхшилаб эзилган, бўтқа ёки суюқ шўрва ҳолида бўлиши керак.
  2. 0датда, буғда ёки сувда ҳилвираб пишган ёғсиз товуқ гўшти, балиқ тавсия этилади. Мевалардан эзилиб пишган нок, пўсти арчилган олма, банан, шафтоли мумкин. Ҳар куни 200 грамм микдорида янги ивитилган қатиқ ичинг.
  3. Қўй гўшти, думба, пишириқлар, таркибига соя, шўр, аччиқ, кетчуп, майонез солинган салат ва газаклар, дуккаклилар, цитрус мевалар, нордон олма, анор, карам, ёнғоқ ва писталар, газли ичимликлар, зиравор, шоколад, қора ундан ёпилган нонни камроқ истеъмол қилинг.

Асорати-чи?

Касаллик ўз вақтида даволанилмаса, беморда гастрит, ошқозон яраси, ошқозондан ички қон кетиш ва шу тариқа ўткир камқонлик касаллиги келиб чиқиши мумкин.
Баъзан чурра қисилиб, хавфли ўсмаларга айланиш эҳтимоли ҳам бор. Лекин бу ҳолат шифокорга қарийб 5 йил давомида мурожаат қилинмаса ва парҳез тутилмаганида рўй бериши мумкин.

Халқона усуллар

Ҳар қандай халқона давони қўллашдан олдин бу ҳакда даволовчи шифокорга айтиш керак. Овқатдан ярим соат олдин ва кейин чаканда (облепиха) ёки зайтун мойидан 1 чой қошиқ ичиш тавсия этилади.
Зиғир уруғини қайнатиб, овқатдан олдин ичиш ҳам яхши фойда беради. Шунингдек, кун давомида чой ўрнига гулхайри ўтидан қайнатиб ичиш керак. Анжирни сутда қайнатиб, кунига икки маҳал, 1 пиёладан ичиш ҳам наф беради.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш