ru uz
Аденокарцинома эркаклар саратоними?

Аденокарцинома, бу ички аъзо без тўқималарининг эпителий қаватида юзага келадиган ўсимтадир. Эркакларда аденокарциноманинг энг кўп тарқалган тури простата бези ҳосиласи саналади. Айрим тахминларга кўра, аденокарцинома ўсимтаси олиб ташланса, эркакнинг жинсий аъзолари ўз функциясини тўлиқ бажаролмай қолади. Бироқ ўсимтани ўз ҳолича қолдириб ҳам бўлмайди. Хўш, саратон эҳтимоли мавжуд бўлган касаллик қандай даволанилади?

Ҳаммасига яллиғланиш сабаб!

Простата аденокарциномаси лимфа ва қон томирлари йўналиши бўйича ўсади. Ҳосиланинг катталашиши учун «ҳудуд» торлик қилгани боис у юқорига, сийдик қопи томонга қараб ҳаракатланади. Саратон эҳтимолининг мавжудлиги аденокарцинома аниқланиши ҳамон пайдо бўлмайди. Кўп йиллар давомида муолажа қилинмаган простата бези аденомаси ёхуд гиперплазия саратонга мойилликни келтириб чиқариши мумкин.

Шифокорлар простата аденокарциномасининг юзага келиш сабабларини қуйидагича изоҳлашади:

  • Ёшга доир ўзгаришлар фонидаги гормонал баланс бузилиши;
  • шу турдаги касалликларга ирсий мойиллик;
  • нутриентлар мувозанатининг ўзгариши (инсон организмига озуқа микроорганизмлари (субстратлар)нинг тушиши ва чиқиб кетишига доир бузилиш);
  • ХМRV вируси.

Хасталикнинг эрта муддатларида бемор ҳеч қандай безовталикни сезмайди. Ўҳтин-ўқтин пайдо бўлиб турадиган оғриқлар, пешоб суюқлигининг тугилиб қолиши, простата бези хасталикларига ишора қилмаслиги мумкин-да. Аденокарцинома простатит ёки аденома фонида юзага келган бўлса, касаллик симптомлари тилга олинган патологияларга хос бўлган аломатлар билан кечади.

Аденокарциномага ишора берувчи асосий белгиларга диққат қилинг:

  • бовул қилиш пайти пешобнинг тугилиб қолиши, оз-оздан ажралиши;
  • сийдик оқими суст ва узуқ-юлуқ;
  • қовуқ ва чов орасида оғриқ бўлиши;
  • пешоб чиқаришда ачишиш;
  • сийдикнинг қон аралаш келиши;
  • жинсий қувватнинг камайиши, эякулятнинг йўқолиб бориши;
  • простата бези ўлчамининг катталашиши;
  • вазн ташлаш, иммунитетнинг сустлашиши.

Биопсия ўтказиладими?

Простата оези саратони тасдиқланиши учун бир қатор тиббий текширувлар ўтказилиши лозим. Жумладан:

  • вена қон томиридан олинувчи қон синалмаси таҳлили (простата специфик антигенини аниқлаш учун муҳим);
  • простата бези биопсияси (махсус аппаратлар ёрдамида карциноманинг бир бўлаги олиниб, микроскоп остида гистологик текширув ўтказилади);
  • магнит резонанс томографияси;
  • кичик тос аъзоларининг рентген текшируви;
  • қорин бўшлиғи УТТси;
  • трансректал эхография;
  • радиоизотоп текширув.

Простата безининг қай даражада зарарлангани ҳамда организмда саратонга мойиллик бор-йўқлигига кўра, хасталик тўрт босқичда кечиши мумкин.

1-босқич: тўқима тузилишидаги ўзгаришлар кам фоизни ташкил этади. Симптомлар йўқ. Фақат биопсия ўтказилсагина ўсимта борлигини кўриш мумкин.

2-босқич: без ва унинг қобиғида маълум даражадаги ўзгаришлар бор. Тиббий текширувлар патология мавжудлигини кўрсатади.

3-босқич: простата бези пуфакчалари зарарланади, ўсимтанинг ён-атрофга тарқалиш эҳтимоли мавжуд.

4-босқич: сийдик чиқариш йўли, қорин бўшлиғи аъзолари шикастланади. Хасталик асорати организмга тарқалиши мумкин.

Операция качон?

Хасталикнинг биринчи ва иккинчи босқичларида ўтказилган жарроҳлик амалиёти яхши натижа беради ва бемор тўлиқ соғайиши мумкин. Негаки, бу босқичларда ўсимта ўлчами кичик бўлиб, бошқа аъзоларга тарқамаган, асорат бериш эҳтимоли эса йўқ. Аденокарцинома муолажасида қуйидаги усуллар қўлланилади:

Жарроҳлик аралашуви - операция пайтида ўсимта ва унинг тўқимаси олиб ташланади. Ҳосила кичик ўлчамда бўлса, простата бези фаолиятини сақлаб қолиш мумкин. Акс ҳолда, шифокор простатэктомия амалиётини ўтказиб, зарарланган безни тўлиғича олиб ташлайди.

Простата бези ҳосиласининг ўсишини тўхтатиб қўювчи гормонал препаратларни қабул қилиш. Фақат шифокор назоратида бажарилиб, ўсимтанинг асорат бериш эҳгимоли инкор этилганидагина ўтказилади.

Нур ёрдамидаги муолажа. Амалиётдан кейин асоратлар кузатилиши мумкин. Шу боис камдан-кам ҳолларда буюрилади.

Кимётерапия. Махсус препаратларни вена қон томирига юбориш йўли билан саратон ҳужайраларининг фаоллашиши бартараф этилади.

 

Манба:  "Сугдиёна"  газетаси

Орқага Чоп этиш