ru uz
Кир, идиш ва ойна ювиш воситалари саратонга сабабчими?

Кир, идиш ва ойна ювиш воситалари саратонга сабабчими?

Болалигимиздан «Тозалик - соғлик гарови» деган иборани қулоғимизга қуйиб келишган. Бу гапнинг исботини ҳаётимиз давомида кўп бор кузатганмиз ҳам. Ҳозирги замонда бу иборага «Ҳар кимнинг саломатлиги ўз қўлида» деган кичик бир иловани қўшсак тўғри бўлса керак. Аҳир кир ювгандан кейин қўлларда тошмалар, идиш тозалагандан сўнг эса бош айланиши ёки қайт қилиш, ифорли ҳаво тозалагичлардан кейин нафас бўғилиши кузатилиши ҳеч гaп эмас. Буларнинг ҳаммасига маиший кимё воситалари айбдор. Лекин уларсиз ишимиз битмайди. Хўш, сиз нимани танлайсиз, саломатликними ё тозаликни? Иккиланиб турган бўлсангиз, мақола якунида саволларингизга жавоб топасиз, деган умиддамиз.

Баъзи мутахассислар инсон бир йилда 1—1,5 литргача идиш ювиш воситасини истеъмол қилади, дейишса, бошқалари ярим литр ёки 1 стакан, дейишади. Сонлар орасида тафовут бўлса-да, идиш ювиш воситаси оғиз орқали организмга тушишига заррача шубҳа йўқ.  Биз уни беихтиёр истеъмол қиламиз, Бола эмасман-ку кўпик ейдиган, дейишга шошилманг. Гап шундаки, уларнинг таркибидаги устки фаол модда (ПАВ ёки SAS)лар идишдаги ёғни осон кетказишга кетказади-ю, уларнинг ўрнини ўзи эгаллаб олади. Сиз идишингиз тозаликдан ялтираганига ёки ишқалаганда овоз чиқарганига ишонманг. Яхшиси, ликопчангизни оқиб турган сув остида яна ва яна чаяверинг. Ҳисоб ўн мартага етмагунча. Нимага айнан ўн марта дейсизми? Кимё дарсида қўлланиладиган лакмус тасмалари ёдингиздами? Ҳар қандай юзада ишқор бор-йўқлигини айнан шу тасмаларнинг ранг ўзгаришига қараб аниқласа бўлади. Ҳуллас, идиш ювиш воситаси ёрдамида тозаланган ликопча ўн марта чайилганидан кейингина лакмус тасмасининг ранги ўзгармагани тажрибада синаб кўрилган.

Айниқса, эрталаб ишга ёки ўқишга шошиб турганда ҳар бир идишни ўн марталаб ювишга доим ҳам имконият туғилавермайди. Кечқурун эса яқинларимизга ўша яхши чайилмаган идишларда овқат берамиз. Ана ундан сўнг ичак ҳасталиклари, жигар ва буйракдаги муаммоларга йул очилади. Аллергик ҳасталиклар ҳақида айтмасак ҳам яхши биласиз. Tўғpи, бу муаммолар бир-икки кунда юзага келмайди. Аввалига иммун тизими улар билан курашади. Лекин 5-10 йилдан кейин у хам курашдан чарчайди, кучсизланади. Хасталиклар ҳам ўша даврда вужудга кела бошлайди. Лекин тажрибада бир кун ичида ҳасталанган беморлар ҳам учрайди. 2009 йили Яқин шарқ мамлакатларидан бирида катта тўй тантанаси бўлиб ўтди.
Ачинарлиси, тантанага ташриф буюрган мехмонларнинг 25 нафари тўйхонадан тўғри шифохонага йўл олишди. Маълум бўлишича, улар истеъмол қилган лимонадларга қандайдир йўл билан идиш ювиш воситаси аралашиб қолган экан.
Яхшики, шифокорлар ўз вақтида зарурий чораларни кўришган. Акс ҳолда, тўй азага айланиши хеч гап эмасди. Бечора мехмонларга оғир ошқозон ва ичак куйиши ташҳиси қўйилган. Tўғри, бу тўйда одамлар билмай истеъмол қилган идиш ювиш воситаси миқдори нисбатан кўпдир. Аммо биз кундалик ҳаётда йўл қўядиган камчиликлар ёки шошқалоқлигимиз ҳам организмда устки фаол моддаларнинг тўпланишига олиб келади. Ҳасталикнинг олдини олиш учун эса идишларингизни ўн марта чайишдан эринманг. Бундан ташқари, ювилган хар бир идишни тоза сочиқ билан яхшилаб артиш ҳам устки фаол моддаларни 90 фоизгача камайтириши аниқланган. Энг осони эса кимёвий воситаларга мурожаат қилмай, хўжалик совунидан фойдаланиш.

Ха, айтгандек, идиш ювиш чоғида қўлларингиз ҳақид қайғурадиган воситалардан фойдаланишга тобингиз қалай? Бунинг учун 4-5 минг сўм ортиқча ҳаражат қилишга ҳам тайёрсиз, шундайми? Муҳими, қадоғида қўлларимизга зиён етказмаслиги ёзилган бўлса, кифоя. Ана шундай фойдали моддалардан бири Е витамини. Энди ўйлаб кўринг, Е витамини ёғда эрийидиган дармондори бўлса, аксига олгандек идиш ювиш воситаси ёғларга қарши курашса, бу икки нарса ўзаро мутаносиб кела оладими?
Майли, муъжиза яратишга уста кимёгарлар Е витаминини восита ичига жойлашга ҳам муваффақ бўлишди дейлик, унинг миқдори теримизни қоплаб олиб, ҳимоя қилишга етарлими?

Маълумотларга кўра, бекаларимиз бир йилда ўрта ҳисобда 20 кг.га яқин кир ювиш кукунидан фойдаланишади. Унинг қанча миқдори кийим юзасида қолиб, тери ва нафас йўлларига таъсир кўрсатиши, афсуски, хозиргача ҳисоблаб чиқилмаган. Хўш, сиз кир ювиш кукунини қандай танлайсиз? Қадоғидаги чиройли расмга ва ишлаб чиқарилган мамлакатга қарабми? Билсангиз, бу кукунларни ишлаб чиқаришда ҳам худди идиш ювиш воситасидаги каби фаол қўшимчалар ёрдамига мурожаат қилинади. Фақат энди зарарли модданинг тери орқали организмга кириши эҳтимоли мавжуд. Айниқса, иссиқ сув таъсирида кенгайган тери катакчалари бунга яхшигина замин яратади. Агар қўлингизга резина қўлқоп кийиб кир ювинг десак, барибир, бу ишни қилмайсиз. Тавсиямиз, ҳеч бўлмаганда ўша устки фаол моддаларнинг камроқ зиён етказадиган неоноген (НПАВ) турини танланг. Бунинг учун, албатта, кукун қадоғига диққат қиласиз. Агар «анионли устки фаол модда» (АПАВ) сўзига кўзингиз тушса, ёдингизда бўлсин, айнан анионли кукун ички аъзоларда тўпланиб қолиш ҳусусиятига эга. Албатта, бу сўзларни ёдда сақлаб қолиш мушкул. Лекин сиз ҳаракат қилиб кўринг. Ахир саломатлигингизни асраш ўз қўлингизда.

 

Манба: "Суғдиёна"  газетаси

Орқага Чоп этиш