ru uz
«Хўп бўлади, ойижон! Йога десангиз, йога-да»

«Осонгина озмоқчимисиз?»

Йога ҳақидаги илк қайдлар эрамиздан аввалги тўрт мингингчи йилларга бориб тақалади. Ҳиссиётларни назорат қилиш ва ўй-хаёлларни «тозалаш» усулининг йога, деб номланиши дастлаб ҳиндларнинг Катха-упанишаде фалсафий маърузалар матнида тилга олинган. Шундан сўнг тана ва руҳиятни соғломлаштиришга йўналтирилган таълимот ҳақида бутун дунё гапира бошлаган.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, йоганинг ватани Ҳиндистондир. Айнан ушбу мамлакат ҳудудидан топилган қадимий ёдгорликда йога асанларидан бирини бажараётган кишилар тасвирини кўплаб учратиш мумкин. Йога таълимотида турли хил йўналишлар бор, улар ҳақида ҳиндларнинг «Веда»сида тўлиқ баён қилинган.

XIX асрда Европага кириб келган йога билан бугун дунё аҳолисининг қарийб 70 фоизи шуғулланаркан.

«Ана, фойдаси-ю мана, фойдаси!»
Йога таълимотидан кўзланган асосий мақсад организмни дори-дармонларсиз coғломлаштиришга эришишдир. Йога билан шуғулланган аёл ўзини руҳан тетик ҳис қилади, умуртқа поғона касалликларидан ҳалос бўлади, бел оғриқлари, ҳатто, чурраларнинг ҳам олдини олиш мумкин экан. Ҳар бир асан ички аъзолар учун ўзига ҳос уқалаш таъсирини пайдо қилиб, умумий қон айланишини яхшилайди. Умуртқа ва қўл-оёқ мушаклари чиниқади, озсангиз ҳам чиройли озасиз.

Энг асосийси, йога билан мунтазам шуғулланиш яхши кайфият учун жавобгар бўлган эндорфин гормонларини кўпайтиради. Ақлий қобилият ошади, диққатни жамлаш осонлашиб, хотира ҳам кучаяр экан.

«Эрта билан тураман-у...»

...йога билан шуғулланаман, фитнес мураббийларининг айтишларича, ё эрталаб, ёки пешиндан сўнг йога машғулотларини бошлаш мумкин. Муҳими, организмнинг биологик фаол вақтини аниқлаштириб олиш лозим.

Ҳар бир асан бу машқ ҳаракатидир. У асосан уч марталик такрорийликка эга бўлиб, ҳар бир асан орасида нафас маромини тартибга келтириш лозим. Асанларни бажаришда танангиз қулай ҳолатда бўлиб, ўзингизни енгил сезишингиз лозим. Медитация пайти кўзларни юмганча диққатни жамлашга эътибор қиласиз.

2268fcf0-b570-4092-aaa3-f05deeaec933.jpg

Классик асан бу «туя», яъни уштрасана ҳолатидир. Тизза билан ўтириб, гавдани кўтарасиз ва белни орқага ташлаб, оёқларга тегинасиз. Бўксани оздирмоқчи бўлганлар «уткатасана» машқини бажаришлари лозим. Ўтириб-туриш машқининг тўлиқ бажарилмаган шаклини эсга олсангиз бўлгани. «Уттанасана» тик турган ҳолатда олдинга эгилиб, қўлларни оёқ учига текказиш эса қорин мушакларини мустаҳкамлайди. «Шавасана» — кўракда ётганча, оёқ-қўлни узатиб дам олиш ҳолати.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш