ru uz
Тайёрмисиз? Бўксани оздирамиз!

Аёллар танасидаги муаммоли соҳалардан бири бўксадир. Ортиқча ёғлар кўпинча шу «ҳудуд» ва унинг атрофида йиғилиб, целлюлитни пайдо қиилади. Бўкса таранглигига эришиш ва уни меъёрий ўлчамга келтириш эса ҳар бир аёлнинг орзуси. Аммо бу ишни уддалаш осон эмас. Хўш, нима қиласиз?

Асосий шарт

Турганда, ўтирганда ва юрганингизда, гавдангизни ғоз тутинг, гуё чузилишга ҳаракат қилаётгандек. Дастлаб бу сизни толиқтириб қўяди, аммо ўрганасиз. Мушаклар керагича текисланиб, бақувватлашиб боргани сари унга тушадиган оғирлик қайта тақсимланади ва оёқ, бўкса суяклари тўғри ҳолатга келади, шакли ҳам ўзгара бошлайди. Қуйида бўксани идеал ҳолатга келтиришнинг синалган усуллари билан бўлишамиз.

Тўғри овқатланинг

Бу қоидага риоя қилмас экансиз, дунёдаги ҳеч бир машқ қоматингизни гўзал қилишда кор қилмайди. Бундан ташқари, тананинг маълум бир қисми учунгина мўлжалланган пархез йўқ, шунинг учун машқлар билан биргаликда таомномага мева, сабзавот, дуккакли ва оқсил маҳсулотларини киритинг.

Машқларга ўтамиз

Бўкса ва унинг атрофидаги соҳа бир неча мушаклардан иборат бўлиб, ҳар куни ўз устингизда ишласангиз, пластик жарроҳга ҳожат қолмайди. Машқлар жамланмасини уй шароитида ҳам бажаришингиз мумкин. Машғулотни эрталаб бажаринг-да, сўнг кечки маҳал яна бир марта такрорланг. Натижаси мустаҳкамланади.

1-машқ: бир қўлингизга тиралган ҳолда ёнбошлаб ётинг. Оёқлар енгилгина букилади. Нафас олганда ўнг оёқни юқорига кўтаринг-да, оёқ учини максимал даражада пастга қараб текис ушлаб туринг. Машқни ҳар бир оёқда ўн беш мартадан бажаринг. 6.jpg
2-машқ: кўрак билан ётинг-да, тиззаларни букинг. Қўлларни буш қўйиб, икки томонга чўзинг. Бўксани қўл ва товонга таянган ҳолда полдан кўтариб, 5 сония шу ҳолатда туринг. Дастлабки ҳолатга қайтиб, мушакларни бўшаштиринг ва машқни ўн беш марта такрорланг. hip-lifts.jpg
3-машқ: оёқларни елка кенглигида очинг-да, гавдани тик тутинг. Елкангизни текислаб, қўлларни олдинга чўзинг. Машқ ўн маротаба бажарилади. reduce-hip-size.jpg

Қўшимча равишда юриш ва сузишни ҳам кунлик режимингизга киритинг. Бир кунда 1 соат тез юриш нафақат бўксани таранглаштиради, балки ортиқча килограммлардан ҳалос бўлишга ёрдам беради. Велосипед ҳайдашни биладиган хонимларнинг ошиғи олчи десак бўлаверади. Чунки велосипедда сайр қилиш айнан бўкса ва унинг атрофидаги мушаклар учун фойдалидир.

Ишхонада ўтирманг!

Бўксани тонусга келтиришнинг яна бир усули, бу — ишхонада фурсат топилди дегунча ўриндан туришдир. Масалан, қўнғироқларга туриб жавоб бериш ёки ҳар соатда 5 дақиқа хона бўйлаб юриш шулар жумласидан. Ёдда тутинг: ўтирган ҳолда ёғ йиғилади, турганда ва юрганда эса улар эрийди.

Бироз дангаса хонимлар учун маҳсус!

Коррекцияловчи ички кийимлардан харид қилинг-да, тор, қоматга ёпишиб турувчи кўйлакларингизни ҳеч иккиланмай кияверинг. Бундай либослар бўксага нафислик бағишлаб, сизга ноқулайлик туғдирувчи нуқсонларни бекитади.

Кучли ва нотўғри парҳез натижасида тананинг турли қисми вазн йўқотади. Айрим ҳолларда бўкса вазн ташлашга улгурмай оёқ ва кўраклар идеал ҳолатга келади. Бунда фитнесс мутаҳассисига мурожаат қилиб, у билан биргаликда бўксага қаратилган машқларни бажариш тавсия этилади. 1 ой давомида тинмай тананинг айнан бир қисми билан ишласангиз, чиройли натижа сизни узоқ куттирмайди.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш